ФОЙДАЛИ ВА САМАРАЛИ УСУЛ ЁХУД МЕДИАЦИЯ ИНСТИТУТИ АФЗАЛЛИКЛАРИ
Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг хуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда янги институтларни изчиллик билан амалиётга тадбиқ этиш имконини бермоқда.
Мисол учун низоларни ҳал этишнинг муқобил усули бўлган медиация ана шундай самарали институт ҳисобланади. «Медиация тўғрисида»ги қонунга мувофиқ эндиликда фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низолар, шунингдек, якка меҳнат низолари ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиация усулини қўллаш мумкин.
Медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули бўлиб, у махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилади. Медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс медиатор саналади.
Бу институт иқтисодий ишлар бўйича низоларни судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби, ишни иқтисодий судда кўриб чиқишда келишув битими тузишга кўп жиҳатдан ўхшаш бўлса-да, моҳиятан улардан фарқ қилади. Бу фарқ медиациянинг медиатор иштирокида амалга оширилиши, шунингдек, медиатив келишув тузилганда иш юритиш тугатилиши ҳақида эмас, балки даъвони кўрмасдан қолдирилиши ҳақида суд ажрими чиқарилиши, бу кейинчалик медиатив келишув шартлари ихтиёрий бажарилмаганда тарафлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишга ҳақлилиги ва тўланган давлат божи қайтарилишида (келишув битимида қайтарилмайди) ўз аксини топган.
Ҳозирги кунда иқтисодий судлар низоларни кўриб чиқишда тарафларга медиатив келишув тузишни тавсия қилиш, унинг оқибатларини тушунтириш ва бу борада уларга тегишли муддат бериш йўли билан низони ўзаро ҳал этишга кўмаклашмоқда. Мисол учун айтадиган бўлсак, Наманган туманлараро иқтисодий судида шу йилнинг биринчи ярмида 11 та иш бўйича тарафлар медиатив келишувга эришган. Бу низолашган тарафларнинг янги институт самарали эканини англаб етаётганидан далолатдир.
Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Миришкор ифтихор саховати» масъулияти чекланган жамиятидан 23 334 000 сўм муддати ўтган қарз, 16 195 000 сўм муддати ўтган фоиз, 583 333 334 сўм муддатли қарз — жами 622 862 334 сўмни банк фойдасига ундириш, ундирувни «Рухшонабегим савдо сервис» масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган гаров мулкига қаратишни сўраган. Бироқ ишни суд мажлисида кўриш жараёнида тарафлар ўртасида медиатор иштирокида медиатив келишув тузилган.
Шу боис суд ушбу даъво аризасини кўрмасдан қолдириш ҳақида ажрим чиқарган.
Суд амалиёти таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, кредит ва унга ҳисобланган фоизларни ундириш, ундирувни кредит таъминотига қаратиш ҳақидаги ишларни кўришда медиация институти кўпроқ қўлланилмоқда. Бу тадбиркорлик субъектларининг моддий ҳолатларини яхшилаб олишига яна бир имконият яратаётган бўлса, иккинчи томондан, уларнинг қарз тўловлари бўйича масъулиятини ошириш ва шартномавий мажбуриятларини лозим даражада бажаришга интилишга ундамоқда. Қолаверса, низоларни ҳал этишнинг янги самарали усули судларда иш ҳажмининг камайишга ҳам хизмат қилмоқда. Бу медиация келишувининг ҳар тарафлама фойдали эканини исботлайди.
Жуманазар Эргашев,
Қўқон туманлараро
иқтисодий суди раиси
Фикр қолдириш