ТАЙЁРГА АЙЁРЛИК: СУД ФИРИБГАРГА ҚОНУНИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАДИ
Ҳаётда ҳалол меҳнат орқали турмуш кечираётган инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Бироқ қинғирлик ортидан мўмай даромад топишга интиладиган кимсалар ҳам йўқ эмас. Бу тоифадагилар нафс қутқусига учиб, турли жиноятлар содир этишади. Фарҳод Алиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) илгари содир этган жинояти учун судланиб, иш ҳақининг 30 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган эди.
Аммо у бундан тўғри хулоса чиқариш ўрнига яна жиноятга қўл урди. Халқ таълими вазирлиги масъул ходими бўлган Ф. Алиев гарчи хизмат ваколатига кирмаса-да, 2019 йил сентябрь ойида Давлат дастури асосида таъмирлаш режасига киритилган мактаблар рўйхатида Пайариқ туманидаги умумий ўрта таълим мактабининг ҳам борлигини билгач, мактаб директори С. Холматовага телефон қилиб, агар «харажат»дан қочмаса, мактабни таъмирлаш режасига киритиб беришга ваъда беради. Энг қизиғи, С. Холматова ушбу фириб тўрига жуда осон илинади. У шоша-пиша Ф. Алиевдан «харажат» миқдори қанча бўлишини сўрайди. Фирибгар 1 300 АҚШ доллари талаб қилади. Шундан сўнг С. Холматова пулни фирибгарга беради. У эса, пулни ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборади. Бу орада умумий ўрта таълим мактабига дастур асосида таъмирлаш учун пул ажратилиб, мактаб тўлиқ таъмирдан чиқарилади. Ишнинг хамирдан қил суғургандек осон битгани Ф. Алиевнинг нафсини яна қутқуга солади. Ўтган йил июль ойи бошида у С. Холматова раҳбарлик қилиб келаётган умумий ўрта таълим мактаби инвентар жиҳозлар ажратиш дастурга киритилганидан хабар топиб, унга яна 1 300 АҚШ доллари берса, бунга ҳам ёрдам қилишини маълум қилади. С. Холматова бу таклифга ҳам рози бўлади. Алдов йўли билан қўлга киритилган пулни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган фирибгар «тайёрга айёрлик» қабилида бамайлихотир юрганида С. Холматова ўзининг алданганини билиб қолади ва бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилади. Ушбу мурожаат асосида Ф. Алиевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд мажлисида Ф. Алиев айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, фирибгарлик орқали С. Холматовадан 2 600 АҚШ долларини олиб, уни ўз эҳтиёжлари учун сарфлагани, тергов даврида етказилган зарарни жабрланувчига қоплаб берганини баён қилиб, суддан енгиллик беришни сўради.
Суд Ф. Алиевнинг жиноий қилмишини ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда такроран фирибгарлик, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан жабрланувчининг мулкини қўлга киритган деб малакалади. Унинг айбига иқрорлиги ва пушаймонлиги, жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қоплаганини жазони енгиллаштирувчи, жиноятни ғараз ва паст ниятларда содир қилганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблади. Ф. Алиевга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари ва муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоларининг ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан бир йил олти ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил бир ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.
Шу тариқа фирибгарлик йўлини танлаган Ф. Алиев ҳам ишидан, ҳам обрўсидан ажралди. Бу бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.
Зеро, ҳар қандай қинғирлик ва жиноят учун жазо муқаррардир.
Шуҳрат ШАРИПОВ,
жиноят ишлари бўйича
Пайариқ тумани суди раиси
Фикр қолдириш