МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАР ҚАРОРЛАРИ БЎЙИЧА ШИКОЯТЛАР ЭНДИ МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА ҚОНУНАН КЎРИБ ЧИҚИЛАДИ
Мамлакатимизда амалдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 1-моддаси биринчи қисмига кўра, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари ҳисобланади. Туманга бўйсунадиган шаҳарлар бундан мустаснодир.
Ўз навбатида, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар маъмурий органлар ҳисобланади.
Бундан кўринадики, Халқ депутатлари Кенгашлари маъмурий орган ҳисобланади.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 4-моддаси биринчи қисмига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга, умуман, судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Қонуннинг ушбу талабидан келиб чиққан ҳолда, Халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари устидан ҳуқуқи бузилган шахслар маъмурий судларга мурожаат қилган бўлса-да, уларнинг ариза ва шикоятлари бу талаб маъмурий судга тааллуқли бўлмагани туфайли кўрилмасдан келаётган эди.
Чунки «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунда Халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари устидан судга шикоят қилиш назарда тутилмаган. Аксинча, ушбу қонуннинг 28-моддасида ҳоким қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкинлиги қайд этилган эди, холос.
Қонунинг 26-моддасида Халқ депутатлари Кенгашларининг қонунга зид қарорлари белгиланган тартибда Олий Мажлис Сенати томонидан бекор қилиниши кўрсатилган эди.
Президентимиз томонидан 2021 йил 16 августда имзоланган «Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун маъмурий судлардаги юқорида қайд этилган судга тааллуқлилик борасидаги масалага якун ясади. Яъни ушбу қонун билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддаси янги таҳрирда баён этилди.
Унда Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким томонидан қабул қилинган ҳамда чиқарилган ҳужжатлар устидан фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан суд тартибида шикоят қилиниши, шунингдек, прокурор томонидан протест келтирилиши мумкинлиги белгиланди.
Шу сабабли энди маъмурий судлар Халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари устидан берилган ариза ва шикоятлар бўйича иш юритишни тугатмайди. Аксинча, ушбу ариза ва шикоятларни мазмунан кўриб чиқиб, қонуний ва асосли ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим бўлади.
Акмал Муродов,
Навоий вилояти
маъмурий суди раиси
Фикр қолдириш