ҲУЖЖАТЛИ ТАФТИШ ЁКИ НОҲАЛОЛ ЛУҚМАДАН ҲАЗАР ҚИЛМАГАНЛИК ОҚИБАТИ
Ҳаётнинг азалий ҳақиқати шундан иборатки, жиноий йўл билан топилган бойлик ҳеч кимга ҳеч қачон буюрмаган. Ноҳалол луқмадан бирон кимса ўсиб-унмаган, барака топмаган. Қуйида келтирилаётган бир жиноят тафсилоти ҳам фикримизни яққол исботлайди.
Навбаҳор тумани прокуратураси томонидан 2021 йилнинг 23 февралида «Navbahortumangaz» газ таъминоти бўлими мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича «Ҳужжатли тафтиш тайинлаш ҳақида» қарор чиқарилади. Мазкур қарор ҳамда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Навоий вилояти бошқармасининг 2021 йил 26 февралдаги 45-сонли буйруғига асосан «Navbahortumangaz» газ таъминоти бўлимида ҳужжатли тафтиш ўтказилади.
2020 йил 1 январдан 2021 йил 1 февралгача бўлган даврда суюлтирилган газ маҳсулоти учун аҳолидан йиғиб олинган пул маблағларининг кирим-чиқими билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд ҳужжатлар ва банк айланмалари асосида ўрганилади. ¤тказилган тафтишда газ таъминоти бўлими бошлиғи Э. Норқурбонов ва ҳисобчи-иқтисодчи А. Холжигитов нақд пул маблағини ўзлаштириб, талон-торож қилгани ҳолати аниқланади.
Хўш, аслида бу «шоввоз»ларнинг хизмат вазифаси нимадан иборат эди?
Улар катта миқдордаги маблағни нега ўзлаштиришди?
Бу саволларга жавобан шуни айтиш керакки, Э. Норқурбонов ва А. Холжигитов мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, аҳолидан тушган нақд пулларни талон-торож қилиш мақсадида бир гуруҳга бирлашишган.
Текшириш ўтказилган 2020 йилнинг 1 январидан 2021 йил 1 февралига қадар аҳолига 2 557 200 тонна суюлтирилган газ маҳсулоти сотилган. Э. Норқурбонов ва А. Холжигитов аҳолига сотишдан тушган 3 миллиард 65 миллион 798 минг 400 сўмни қабул қилиб олишган. Шундан 2 миллиард 855 миллион 257 минг 905 сўмни банк муассасасига топширишган, 210 миллион 540 минг 495 сўмни эса, ўзлаштиришиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.
Шаҳар бедарвоза эмас. Ҳар бир нарсанинг сўрови бор. Ушбу жиноий қилмишга қўл урган кимсаларнинг хизмат вазифаларидан ўқувчини бохабар этадиган бўлсак, Элёрбек Норқурбонов бўлимда суюлтирилган газ бўйича хизмат бошлиғи ҳисобланади. Ишга ҳалол муносабатда бўлиб, виждонан ёндошилса, бир йигитга етадиган ҳам мансаб, ҳам вазифа. Чунки Э. Норқурбонов суюлтирилган газ йўналишидаги ходимларга лавозим йўриқномасидан келиб чиқиб, ишларни тақсимлаш, тасдиқланган график асосида истеъмолчиларга суюлтирилган газни белгиланган нархда етказиб бериш, кунлик тарқатилган газ реестрларида тўғри юритилишини таъминлаш, истеъмолчилар билан шартномалар тузиш, аҳолидан газ сотувидан тушган пулларни ғазнага топшириш сингари вазифалар киради.
Э. Норқурбоновнинг ҳамтовоғи Адҳам Холжигитов ҳисобчи-иқтисодчи сифатида кирим-чиқимлар ҳисобини юритишга масъул бўлган. У Э. Норқурбоновдан суюлтирилган газ сотувидан тушган нақд пулларни махсус китобга имзо қўйиб, ўзининг жавобгарлигига қабул қилиши, сўнгра банк муассасасига кечиктирмасдан топшириши лозим эди.
Лекин нафс қутқусига учган А. Холжигитов ўзига ишониб топширилган вазифага ўта совуққон муносабатда бўлган. Нақд пулларни банк муассасасига тўққиз — ўн кун ва ундан ҳам кечиктириб топширган.
Суд судланувчи Э. Норқурбонов ва А. Холжигитовнинг айби Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Навоий вилояти бошқармаси ҳужжатли текширишлар бўлими ва бошқа мутахассислар билан ҳамкорликда «Navbahortumangaz» газ таъминоти бўлимининг аҳолига етказиб берилган суюлтирилган газ маҳсулотлари учун йиғиб олинган пул маблағларини банк муассасасига кирим қилиниши юзасидан 2021 йил 24 мартда ўтказилган текшириш далолатномаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан тўлиқ ўз исботини топган деб ҳисоблади.
Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Иқтисодиёт соҳасидаги жиноий ишлар бўйича суд амалиётида юзаган келган айрим масалалар тўғрисида»ги 11-сонли қарори 3-бандида «Мансаб вазифалари ёхуд шартномавий муносабатларга кўра, ўзганинг мулкини тасарруф қилиш, бошқариш, етказиб бериш ёки сақлаш бўйича қонуний ваколатларни амалга оширувчи шахснинг мазкур мулкни қонунга хилоф равишда текинга ўзганинг мулкига ёки бошқа шахснинг мулкига айлантириши айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растарата қилиш деб (Жиноят кодексининг 167-моддаси) тавсифланиши лозим», дея тушунтириш берилган.
Ушбу тушунтиришни келтираётганимиз боиси шуки, суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Э. Норқурбонов ва А. Холжигитовнинг ихтиёрларида бўлган ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини олдиндан тил бириктириб, ўзлаштиришда ифодаланган жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблади.
Иш судга етиб келгунига қадар қилмиши оқибати оғир кечишини англаб етган Э. Норқурбонов билан А. Холжигитов 210 миллион 540 минг 495 сўм зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилишган. Бу эса, судланувчиларга нисбатан суд томонидан тайинланадиган жазони енгиллаштиришга асос бўлди.
Суд судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарори раҳбарий кўрсатмаларига таянди.
Суд судланувчи Э. Норқурбонов ва А. Холжигитовни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-кисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади. Судланувчилар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўшимча жазо тариқасида бир йил олти ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этди.
Қонунларимиз етказилган зарар ўрни қоплангани боис Элёрбек Норқурбонов ва Адҳам Холжигитовга енгиллик берди. Агар инсонпарварлик, бағрикенглик тамойиллари қўлланилмаганда эди, ҳар иккала судланувчи оиласидан олисда, вояга етмаган фарзандларидан айрилиқда жазони ўташига тўғри келарди.
Хулоса қилиб айтганда, наҳалол луқмадан ҳазар қилмаслик оқибати яхшилик билан якун топмади. Қинғир йўл билан талон-торож қилинган давлат маблағи айбдор кимсалар томонидан ўз ўрнига қўйилди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳаётда рўй берадиган ҳар қандай жиноий қилмиш вақти-соати келиб, албатта, ошкор бўлади. Худди воқеа тафсилотида келтирилгани каби айбдор кимсалар қонун олдида минг бир пушаймонлик билан жавоб беришади.
Авазжон ИБОДОВ,
жиноят ишлари бўйича
Навбаҳор тумани суди раиси,
Абдуҳамид Худойбердиев,
журналист
Фикр қолдириш