МУЛК ҲУҚУҚИ ДАХЛСИЗ БЎЛИБ, ҚОНУН БИЛАН ҚЎРИҚЛАНАДИ

Маълумки, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Аммо бу ўзга шахслар ёки жамият манфаатларига дахл қилмаслиги керак. Ўзга шахслар ҳамда жамият манфаатларини таъминлаш максадида давлат мулк хуқуқи чекловини белгилайди. Асосий қонунимиз ҳамда амалдаги Фуқаролик кодексининг 172-моддасида белгиланган талаблардан келиб чиқиб, Ер кодексининг 42-моддаси-да назарда тутилган мақсадларда мулк ҳуқуқи чекланаши мумкин.

Ер участкасига нисбатан мулк хуқуқини чеклаш ер участ­касидан фойдаланиш ҳамда тасарруф этиш хуқуқини чеклашга бўлинади. Улар ўзаро ер участкасининг белгиланган мақсади ва субъект­ларига қараб мулк хуқуқини чеклашда фарқланади.

Ер кодексининг 39-моддасига биноан, ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори ер участкасида ундан фойдаланиш мақсадига мувофиқ мус­тақил хўжалик юритиш ҳу­қуқига эга. Яъни ер участкалари юридик ва жисмоний шахсларга қонунда белгиланган мақсадларда берилади ҳамда ер участкаси эгаси, фойдаланувчиси, ижарачи ёки мулкдори ўзи­га тегишли бўл­ган ер участкасидан фақатгина ана шу қатъий мақсадларда фойдаланиши лозим.

Қонун талабига зид равишда ер участкасининг эгаси, фойдаланувчиси, ижарачиси ундан бошқа мақсадларда фойдаланса, ерга эгалик, фойдаланиш, ижарага олиш ҳуқуқлари бекор қилинади. Ерга нисбатан мулк ҳуқу­қини чеклаш мулк ҳу­қуқининг мазмуни доирасидан четга чиқмайди ва унинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, ер участ­каларини давлат манфаатларини кўз­лаган ҳолда олиб қў­йиш тартиби қонунчилигимизда аниқ белгиланган.

Хусусан, Ер кодексининг 37-моддасига асосан ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча, шаҳар, вилоят ҳокими ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олиб қўйилади.

Мулк дахлсизлиги фақатгина етарли асослар бўлганда жамият ва халқ манфаатлари учун национализация, реквизиция, мусодора қилиш орқали чекланади. Мулк национализация қилинаётганда озчиликнинг манфаатига қараганда кўп­чиликнинг манфаати бутунлиги таомиллардан келиб чиқилади ва камчиликнинг манфаатини кўпчилик томонидан муайян маблағ ҳисобига қопланиши лозим бўлади. Бу мулк дахлсизлиги ҳеч қачон изсиз кетмаслигининг далилидир.

Фикримизни фуқаролик иш­лари бўйича Пастдарғом тумани суди томонидан кў­рилган бир иш мисолида давом эттирамиз. Даъвогар А. З. Паст­дарғом тумани ҳокимлигига нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, ўзига тегишли бўлган савдо дўкони 2010 йилда Паст­дарғом тумани ҳокимлиги томонидан бузиб ташлангани ва ҳозирга қадар етказилган зарар қопланмагани сабабли уни ундириб беришни сўраган.

Суд мазкур фукаролик иши бўйича мулкнинг бозор нархига аниқлик киритиш борасида судга оид қурилиш экспертизаси тайинлади. Экспертиза хулосасида мулк­нинг бозор баҳоси 164 миллион 582 минг 755 сўмга тенг экани қайд этилган.

Суд даъвогарнинг бузилган савдо дўконини таъмирлаш-тиклаш учун иш лойиҳасини тузиш мақсадида бир миллион 600 минг, суд қурилиш экспертизаси ўтказиш учун 844 минг, адвокат хизмати учун бир миллион, даъво ариза тақдим қи­лиш жараёнида 2 миллион сўм давлат божи тўланганини инобатга олган ҳолда Пастдар­ғом тумани ҳокимлиги ҳисобидан даъвогарга етказилган зарарни ундириш борасида ҳал қи­лув қарори қабул қилди.

Бу мамлакатимизда мулк ҳу­қуқи дахлсиз экани ва у қо­нун билан қўриқланишининг ёрқин исботидир.

Алмос БОЛТАЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Пастдарғом тумани

суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: