БАХТЛИ ТАСОДИФ ЁХУД ОМАД ҲАР ДОИМ КЕЛАВЕРАДИМИ?
Фарҳод Шаҳобов Фарғона туманининг «Хўжа Аҳмад Вале» маҳалласида яшайди. Ҳеч қаерда ишламайдиган Фарҳод ўтган йилнинг сентябрь ойида мўмай пул топиш мақсадида ғайриқонуний ишга қўл урди.
Гап шундаки, қўшни Қирғизистонда яшовчи, дастлабки тергов вақтида шахсини аниқлашни имкони бўлмаган «Нурилло» исмли шахс ўзаро савдо-сотиқ жараёнида Фарҳоддан 1 500 АҚШ доллари миқдорида қарздор бўлиб қолади.
Бунинг эвазига улар давлат чегарасини кесиб ўтиш қоидаларини бузмаган ҳолда тамаки маҳсулотларини Қирғизистондан мамлакатимиз ҳудудига олиб ўтиш режасини тузади.
Режага кўра, 2020 йил 10 сентябрь куни «Нурилло» уч дона целофан пакетга солинган 2 960 қути тамаки маҳсулотини икки қўшни давлатни ажратиб турувчи тўсиқ устидан ирғитиш орқали ўтказиб беради. Фарҳод эса, маҳсулотни автомашинага юклаб, туман марказига йўл олади. Унинг мақсади тамаки маҳсулотини бозордаги савдогарларга сотиш эди. Бироқ йўлда уни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари тўхтатиб, ноқонуний равишда мамлакатимизга олиб кирилган маҳсулотларни ашёвий далил тариқасида расмийлаштиради. Фарғона шаҳридаги «Континент имкон баҳо» масъулияти чекланган жамияти хулосасида ушбу маҳсулотнинг умумий нархи 24 272 000 сўмга тенг экани қайд этилган. Дастлабки тергов органи томонидан Ф. Шаҳобовга нисбатан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур жиноят объектив томондан анча миқдорда ёхуд худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган этил спирти, алкоголли ёки тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритишда ифодаланади. Жиноят қонунчилигида анча миқдор деб базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдорга айтилади. 2021 йил 1 февралдан бошлаб мамлакатимиз ҳудудида базавий ҳисоблаш миқдори 245 000 сўм этиб белгиланган. Мазкур сумманинг юз баравари 24 500 000. сўмга тенг. Бинобарин, Фарҳод Шаҳобов содир этган 24 272 000 сўмлик тамаки маҳсулотларини муомалага киритиш жинояти анча миқдорни эмас, балки кўп бўлмаган миқдорни ташкил қилади.
Бундан кўринадики, тергов органи томонидан унга нисбатан тўғри айб эълон қилинган бўлса-да, лекин содир этилган жиноят ишни судда кўриш жараёнида жиноят таркибини бермайди. Қолаверса, Ф. Шаҳобов муқаддам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 186-1-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилмаган. Шу боис жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани суди уни айбсиз деб топиб, оқлади. Шу билан бирга унинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 186-1-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлгани сабабли унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун Фарғона тумани прокуратурасига юборилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ф. Шаҳобовга тегишли жиноят иши то судда кўрилгунча базавий ҳисоблаш миқдорининг ошгани натижасида унинг қилмиши жиноят таркибини бермай қолганини тасодифий омад дейиш мумкин. Лекин омад ҳамиша келавермайди. Шу боис Фарҳод Шаҳобовни муқаррар жазодан қутулиб қолди дейиш хато. У ноқонуний қилмиши учун албатта, жазоланади. Зеро, жазонинг оғир-енгиллиги эмас, муқаррарлиги муҳим.
Фаррух АБДУРАИМОВ,
Фарғона вилояти
суди судьяси
Фикр қолдириш