МЕҲНАТ НИЗОЛАРИ СУДДА ҚАНДАЙ ТАРТИБДА КЎРИБ ЧИҚИЛАДИ?
Ҳаётда ҳар биримиз турли хил муаммоларга дуч келишимиз мумкин. Масалан, кутилмаганда меҳнат фаолиятимиз билан боғлиқ муаммо пайдо бўлди. Хўш, бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак? Бу борада биз қандай ҳуқуқларга эгамиз?
Бу саволларга жавобан шуни айтиш керакки, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳар бир шахснинг конституциявий ҳуқуқидир. Бу Конституциямизнинг 37-моддасида қатъий белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари ушбу моддада суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартиби ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланиши ҳам қайд этилган.
Амалдаги Меҳнат кодексининг 16-моддасида ходимнинг асосий меҳнат ҳуқуқлари кўрсатилган. Ҳар бир ходим ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, байрам кунлари, ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар орқали дам олиш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилиш, қариган, меҳнат қобилиятини йўқотган, боқувчисидан маҳрум бўлганда, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш сингари яна бир қатор ҳуқуқларга эга экани аниқ белгилаб қўйилган.
Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича судларда асосан ишга тиклаш, мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундириш сингари даъво аризалар сон жиҳатидан нисбатан кўпчиликни ташкил этади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, қонунчиликда ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга нисбатан бир қатор имтиёзлар мавжуд.
Хусусан, амалдаги Меҳнат кодексининг 237-моддасида «Ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно.
Бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта, ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади», дея қайд этилган.
Агар худди шундай меҳнат низосига оид фуқаролик иши судда кўриладиган бўлса, тарафлар чақирилиб, даъвогардан даъво талаблари аниқланади, ўз навбатида, жавобгардан даъво аризаси юзасидан эътирознома олинади, ишга учинчи шахсларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинади, зарурий далиллар талаб қилиб олинади.
Мазкур тоифадаги ишларни кўришга тайёрлаш жараёнида судья ходим билан иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномаси, ходимни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқлар, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш масаласи бўйича қабул қилинган қарори нусхаси, даъвогарнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз шахслар сони ва оилавий аҳволи ҳақида маълумотнома, даъвогарнинг ўртача ойлиги ҳақидаги маълумотнома, ходим бажариши лозим бўлган меҳнат вазифаларни уддалай олмаётганини тасдиқловчи далилларни талаб қилиб олади.
Судья мазкур тоифадаги ишларни кўриб, ҳал қилув қарори чиқараётганида далилларга баҳо беради, иш учун аҳамиятга эга бўлган қандай ҳолатлар аниқлангани, қандай қонун қўлланилиши лозимлигини аниқлайди. Бу эса, судларнинг меҳнат низолари билан боғлиқ ишлар юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилиш масаласига алоҳида масъулият ва эътибор билан ёндошиши кераклигини кўрсатади.
Муҳтасар қилиб айтганда, ходим ҳам, иш берувчи ҳам меҳнат муносабатларига киришишдан олдин меҳнат қонунчилиги, ички меҳнат тартиби қоидалари ва меҳнат шартномасининг шартлари билан батафсил танишиб чиқишса, ўз навбатида, қонунчиликда белгиланган мажбуриятларга тўлиқ риоя этишса, низо келиб чиқишига ўрин қолмайди.
Зубайдулла НУРМАТОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Иштихон туманлараро суди судьяси
Фикр қолдириш