ЎХШАМАГАН ТАҚЛИД ЁХУД БАНКОМАТ ЎҒРИСИ
Хорижий кино филмларда сейфларни ўмариш саҳнаси кўп бора тасвирга олинган. Ҳам қизиқарли, ҳам кулгили бўлган бундай фильмларда талончилар мўмай даромадга эга бўлиш учун нималар қилишмайди дейсиз?!
«Оушеннинг ўн бир дўсти», «Оушеннинг ўн икки дўсти», «Оушеннинг ўн уч дўсти» каби фильмлар қинғир ишга қўл урган жиноятчиларнинг қандай фош этилгани ҳақида ҳикоя қилади.
Албатта, ҳаёт кинофильмлардан фарқ қилади. Лекин ҳаётда баъзан айни фильм эпизодларига ўхшаш жиноятлар ҳам учраб туради.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида кўриб чиқилган қуйидаги жиноят иши бунинг ёрқин мисоли.
Акмал Баротов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шундай филмларни кўп кўрган шекилли, 2020 йил 27 ноябрда тунги пайт банк хизматлари офиси биноси ёнида жойлашган банкоматлар ичидаги пулни ўғирлашни кўзлади.
У банкоматнинг паст қисмида жойлашган металл эшикни очиб, унинг ичида турган пул солинган қопни куч билан суғуриб олади.
Акмал уйга келиб, қопдаги пулни санаганда, 87 миллион 178 минг сўм экани маълум бўлади. У таниши Нодирадан яқинда бўлиб ўтадиган никоҳ тўйи учун 60 миллион қарз олган эди. Ўғри қарзини қайтариб, қолган пулни тўй харажатларига ишлатиб юборади.
Оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг пойдеворини қаллоблик орқали қурган Акмал жиноий ҳаракатларини яна давом эттиради. У жиноий режасига мувофиқ шу йилнинг 9 январь куни тунда юзига қора ниқоб тақиб, банк банкоматини ўмаришга киришади. Дастлаб банкомат жойлашган хонага кириб, ёритгич чироқларини ўчиради, электр симларни узиб, банкоматнинг металл эшикларини очишга ҳаракат қилади. Аммо бу гал бунинг уддасидан чиқолмайди.
Нафси ҳакалак отган Акмал орадан тўрт кун ўтгач, бошқа банк банкоматини ўмармоқчи бўлади. Махсус кесувчи ускуна ёрдамида банкоматнинг темир эшигини қирқа бошлайди. Бироқ шу пайт кўчадан нотаниш киши ўтиб қолади ва ускунанинг овозини эшитиб, Акмалдан нима иш қилаётганини сўрайди.
Бундан саросимага тушган жиноятчи қочишга уринади. Орадан кўп ўтмай ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган Акмалга нисбатан жиноят иши очилади.
Ҳа, ҳаёт кино эмас. Ҳаётда ўйламай босилган ҳар бир қадамга жавоб беришга тўғри келади. Акмал ҳам содир этган жинояти учун қонун олдида жавоб берди. Суд унга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.
Санжар ИБОДОВ,
жиноят ишлари бўйича
Яккасарой тумани
суди судьяси
Фикр қолдириш