СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБДА ИШ ЮРИТИШ ҲАМ СУДЬЯГА, ҲАМ ТАРАФЛАРГА ҚУЛАЙЛИК ЯРАТАДИ

Маълумки, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, шахснинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида суд-ҳуқуқ тизимида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

2021 йил 16 сентябрь куни қабул қилинган «Судга мурожаат қилиш учун янада қу­лай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юри­тиш тартиби жо­рий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғ­риси­да»ги қонун ҳам тизимдаги ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги қонун билан бир қатор кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қонунда қайд этилишича, энди суд ҳужжатларида (ажримлар, ҳал қилув қа­рорлари, ҳукмлар, апелляция ва кассация ши­коят­лари (про­тест­лар), баённомалар ва бошқалар) бош­қа маълумотлар билан бирга суд ишининг рақами ҳам кўрсатилиши лозим.

Шунингдек, судьяларнинг «E-XSUD» ахборот тизимидан суд ҳужжатларини рақами бў­йича олишига имко­ният­ яратилгани муносабати билан апелляция ва кассация ши­коятларига (про­тес­тига) иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларининг суд томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилинишига оид талаб чиқариб ташланди.

Айниқса, Фуқаролик процессуал кодексининг «Соддалаштирилган тартибда иш юритиш» деб номланган 25-1-боб би­лан тўлдирилиши ҳам судья­га, ҳам тарафларга қу­лайлик яратади. Унда соддалаштирилган иш юритиш тартибида кў­риб чиқиладиган ишлар, уларни кў­риб чиқиш тартиби ва ўзига хос ху­су­сият­лари, бу борадаги даъво аризага қўйиладиган талаблар белгиланди. Мазкур боб кодекснинг 279-1 – 279-5, 284, 385-1, 386 ва 395-моддаларини ўз ичига олади. Хусусан, 279-1 – 279-5-моддаларга биноан, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш уш­бу ко­декс­да назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидаларига кўра, мазкур бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳи­соб­га олинган ҳол­да суд томонидан кўриб чиқилади. Агар даъвонинг баҳоси юридик шахс­ларга нисбатан базавий ҳи­соблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нис­ба­тан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса, беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бў­­йича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган иш аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўз­ғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади. Бунда иш­ни кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди. Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кў­риб чиқади. Тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қи­линган тушунтириш, эъ­тироз ва важларни текширади, далиллар билан танишади ҳам­да ҳал қилув қа­ро­ри қабул қилади. Ҳал қилув қа­рори уш­бу кодекснинг 23-бобида назарда тутилган умумий қоидаларга кўра, мазкур бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан қабул қи­линади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (про­тес­ти) берилмаган бўлса, қа­бул қилинганидан ке­йин ўн кун ўтгач, қонуний кучга киради. Борди-ю, апелляция шикояти (протес­ти) берилса, ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қи­линган кундан эътиборан қо­нуний кучга киради.

Тарафларга қулайлик яратиш мақсадида кодекснинг 284-моддаси «Сиртдан қа­бул қи­линган ҳал қилув қа­ро­рининг кўчирма нусхаси тарафларга ушбу қарор чиқарилган кундан эъ­тиборан беш кундан кечиктирмай топширилгани маълум қи­ли­надиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, у электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин» тарзида баён этилди. Шунингдек, кодекснинг 385-1-моддаси «Суднинг соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қи­лув қарори қа­бул қи­лин­га­нидан кейин ўн кун ичида берилиши мумкин» деган мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди.

Бундан ташқари кодекснинг 395-моддаси «Суднинг сод­да­лаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикоя­ти (протести) у судга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кў­риб чиқилади» деган мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди.

Хулоса қилиб айтганда, соддалаштирилган иш юритиш тартиби судларни янада демократлаштириш ва либераллаштириш, фуқароларнинг ҳу­қуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоялашда алоҳида аҳамият касб этади.

Ўткиржон ИСМОИЛОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Қўқон туманлараро суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: