ИНСОНПАРВАРЛИК НАМУНАСИ: САККИЗ НАФАР ШАХС МУДДАТИДАН ИЛГАРИ ЖАЗОДАН ОЗОД ҚИЛИНДИ

Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида аниқ манзилли ёндошувга асосланган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишига айланди.

Бугунги кунда судлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳи­мояси амалда кафолатли таъминланмоқда. Бунда инсонпарварлик тамойилларига асосланган миллий қонунчилигимиз мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан турли хил сабаблар билан тўғри йўлдан адашган, жиноий қилмишларга қўл урган бўлса-да, хатосини тушуниб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган 8 нафар фуқарога енгиллик берилди. Ўз навбатида, берилган имкониятдан тўғри фойдаланмасдан жазо ўташ тартибини бузган 4 нафар шахснинг жазоси оғирроғи билан алмаштирилди.

Масалан, Ғ. Азизов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2020 йилнинг 19 сентябрь куни спиртли ичимлик ичган ҳолда, Наманган шаҳридаги тунги клубдан чиқиб, Қ. Оқилованинг автомашинасига йўловчи сифатида ўтирган.

Йўлда кетаётиб, Ғ. Азизов кутилмаганда, Қ. Оқиловага ҳамла қилади, уни уриб-дўп­послаб, 680 000 сўмлик телефонини синдириб ташлайди, 3 800 000 сўмлик тилла тақинчоқлари ва 60 000 сўмлик телефонини босқинчилик йўли билан қўлга киритади.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2020 йил 17 февралдаги ҳукмига кў­ра, Ғ. Азизов Жиноят кодексининг 164-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилган. Унга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Ғ. Азизов жазони намунали ўтаб, тартиб-қоидаларни бузмагани сабабли, жиноят ишлари бўйича Зарбдор тумани судининг 2020 йил 29 октябрдаги ажримига кўра, унинг ўталмай қолган 1 йилу 3 ой жазо муддати Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан худди шу муддатга ҳар ойлик иш ҳақи­нинг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилади.

Наманган шаҳар пробация гуруҳи томонидан Ғ. Азизов 2020 йил 25 октябрда рўйхатга олинган ва «Нодир» кўп тармоқли хусусий фирмасида ишлаб, белгиланган вақтда пробация гуруҳи рўйхатидан ўтиб келган. Ғ. Азизов жазони ўташ даврида қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтгани сабабли Наманган шаҳар пробация гуруҳининг тақдимномасига кўра, жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан аввал жазодан озод қилинди. Яъни унга ҳаётда тўғри йўлни топиш, ҳалол меҳнати билан ои­ласини таъминлаш учун имкон берилди.

Халқимизда «Шоли курмаксиз бўлмайди» деган нақл бежиз айтилмаган.

Пробация гуруҳида жазо ўтаётганлар орасида жазо ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётганлар ҳам учраб туради.

Масалан, А. Аҳмедов аввал ҳам бир неча марта жиноят содир этган, аммо қилмишидан тўғри хулоса чиқармаган. У 2016 йил 12 апрелда И. Ҳусаиновага, шунингдек, 2016 йил 11 май куни И. Ғойиповга гиёҳвандлик моддаси сотган.

Шундан сўнг тезкор тадбир натижасида А. Аҳмедов қўлга олинган. Унинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда «марихуана» гиёҳвандлик моддаси топилган.

А. Аҳмедов ўзининг бу қилмиши билан Жиноят кодексининг 270-моддаси 2-қисми «а» банди, 273-моддаси 3-қисми «а» банди, 276-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этган. Шу боис унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2016 йилдаги ҳукми билан 7 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

У жазони намунали ўтагани сабабли жиноят ишлари бў­йича Оҳангарон тумани судининг 2020 йил 24 февралдаги ажримига асосан, Жиноят кодексининг 74-моддасига кўра, ўталмай қолган 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга ҳар ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Аммо А. Аҳмедов ўзига берилган бу имкониятдан оқилона фойдаланмайди.

Ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташ тартибини мунтазам равишда бузганлиги сабабли 2021 йил 22 январда унинг ўталмай қолган 3 йил 5 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қи­лиш жазосига алмаштирилди.

Буни қаранки, у жазони иж­ро этиш муассасасида яна жазони интизомли тарзда ўтайди. Шунинг учун ҳам унга бу гал ҳам имконият берилиб, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2021 йил 1 апрелдаги ажрими билан унинг ўталмай қолган 3 йил 2 ой жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

А. Аҳмедов 2021 йил 19 апрелда Наманган шаҳар пробация гуруҳи томонидан рўйхатга олиниб, унга жазони ўташ тартиби тушунтирилган. У «Гулмир» масъулияти чекланган жамиятига ишга кирган ва жазони ўташни бошлаган.

Аммо у бу ерда ҳам кўп ишламайди. Мунтазам равишда ишга келмаганлиги сабабли 2021 йил 1 июнда ишдан бўшатиб юборилади.

Пробация гуруҳи инспекторининг тушунтириш ва талабларига қарамай, А. Аҳмедов шу тариқа жазони ўташдан бўйин товлаб келган. Шундан сўнг А. Аҳмедовга нисбатан Наманган шаҳар пробация гуруҳи томонидан судга тақдимнома киритилиб, унинг ўталмай қолган 3 йил 1 ой жазосини оғирроқ жазога алмаштириш сў­ралган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди А. Аҳмедовга нисбатан қиритилган тақдимнома кўриб чиқиб, унга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирди.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қонунчилигимизда акс этган инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари тўғри йўлдан адашган, билиб-билмай жиноят содир этган инсонларга ўз айбини ҳалол меҳнат билан ювиш учун берилаётган имкониятдир. Зеро, жазонинг оғир-енгиллиги эмас, балки муқаррарлиги муҳим аҳамиятга эга.

Давлатмирза Комилов,

Наманган вилояти суди судьяси,

Элёр Пирматов,

жиноят ишлари бўйича Наманган

шаҳар судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: