ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ВА КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ЎРТАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов Корея Республикаси Олий суди раиси Ким Мён Су бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Мамлакатимизга ташриф буюрган меҳмонларга мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, бу борадаги қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш, судлар фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади суд ҳокимиятининг мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишдан иборат.
Учрашув давомида томонлар суд тизимини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг роли ва обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ҳамда судларнинг мустақиллигини таъминлаш, турли судлов институтлари фаолиятини такомиллаштириш, судьяларни тайёрлаш ва судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш каби масалалар юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек мулоқот мобайнида давлатларимиз Олий судлари мунтазам равишда ҳуқуқий ахборот алмашишни амалга ошириш ва ўзаро манфаатларни ифодаловчи бошқа масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш бўйича келишиб олинди.
Томонлар ўзаро алоқалар, ҳамкорлик, мунтазам фикр алмашув ўрнатилиши суд ҳокимияти органлари барқарор ривожланиши ва фаолият юритишининг ҳаракатга келтирувчи омиллар эканлигини чуқур англаган ҳолда конструктив ва ўзаро манфаатларга асосланган ҳамкорлик кенгайтирилиши тарафдори эканлигини билдирди.
Учрашув сўнгида мамлакатларимиз Олий судларининг ўзаро манфаатларини ифодаловчи соҳалардаги ҳамкорлик ва алоқаларнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берадиган Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Корея Республикаси Олий суди ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Корейс делегацияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий суди тарихи музейида бўлишди ҳамда жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди фаолияти билан ҳам танишди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси
Фикр қолдириш