ХAЛҚAРО ТИЖОРАТ AРБИТРАЖИ – ИНВЕСТОРЛАР УЧУН ҚУЛАЙ ҲУҚУҚИЙ МУҲИТ

Сўнгги йилларда юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, хусусий мулк муҳофазаси ва кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, инвестиция муҳити ва ишбилармонлик ҳолатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар изчил равишда амалга оширилмоқда.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳақида гап борганда, нуфузли, малакали арбитраж давлатнинг халқаро ишбилармонлик муҳитида обрўли қиёфасини шакллантириш, нуфузини мус­таҳ­кам­лашнинг муҳим асоси эканини таъкидлаш жоиз. Бу, ўз навбатида, иқтисодиётни барқарорлаштиришга, шу жум­ладан, қулай инвестиция муҳитини яратишга хизмат қилади.

Шу маънода, чет эл инвесторлари ҳуқуқларининг юқо­ри даражада ҳимоялангани уларнинг инвестиция киритиш бў­йича фаоллиги оши­шининг асосий мезонидир.

Арбитраж жараёнининг мослашувчанлиги, тижорат сирлари ва ишбилармонлик обрўсининг максимал даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш учун махфийлик кафолатлари, арбитр сифатида малакали мутахассисларни танлаш имконияти — буларнинг барчаси халқаро тижорат арбитражини инвесторлар ва халқаро савдо субъект­лари учун низоларни ҳал қилишнинг жозибали усулига айлантиради.

Низоларни халқаро арбитраж орқали ҳал этиш томонларга ўзларининг низоларини шахсий, махфий, иқтисодий ва вақтни тежаш йўли би­­лан ўзлари танлаган бетараф суд олдида ҳал қилиш имкониятини беради. Шу сабабли бутун дунёда халқаро арбитраж халқаро савдо, тижорат ва инвестицияларнинг деярли барча соҳаларида иш­билармон шериклар ўртасидаги низоларни ҳал қи­лишнинг мақбул усулига айланди.

Шу муносабат билан ЮНСИТРАЛ Халқаро савдо арбитражи тўғрисидаги Намунавий қонун асосида, шунинг­дек, арбитраж муҳокамаси соҳасида жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда, жорий йилда мамлакатимизда «Халқаро тижорат арбитражи тўғ­рисида»ги қо­нун қабул қилинди.

Мазкур қонун қабул қи­линганга қадар, биринчидан, Ўзбекистон ҳудудида халқаро арбитраж фаолиятини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий базанинг мавжуд эмаслиги низоларни ҳал этиш учун хорижий давлатлар ҳудудида жойлашган халқаро арбитражларга мурожаат қилишга мажбур бўлаётган хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлик субъектлари сарф-харажатларининг ошишига олиб келган;

иккинчидан, амалдаги қо­нун ҳужжатлари, жумладан, «Ҳакамлик судлари тўғри­си­да»ги қо­нун томонларнинг инвестициялар билан боғлиқ низоларини хал­қаро арбитраж соҳасидаги стандартларга мувофиқ, хорижий арбитрларни жалб этган ҳамда хорижий ҳу­қуқни қўллаган ҳолда кўриб чи­қиш имконини бермаган;

учинчидан, маҳаллий ар­битр­лар ва халқаро арбитраж соҳасидаги бошқа мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолияти тизимли йўл­га қўйилмаган эди.

Юқорида қайд этилган ҳо­латларни бартараф этишга қаратилган ушбу қонунда арбитражнинг ҳал қилув қа­рори устидан шикоят қи­­лиш, уни тан олиш ва ижрога қа­ратишга оид нормалар аниқ белгилаб қў­йилди.

Халқаро ҳуқуқ нормалари ва аксарият хорижий давлатлар, шу жумладан, Аргентина, Буюк Британия, Германия, Канада, Россия, Сингапур, Хитой каби мамлакатлар қонунларида белгиланганидек, мазкур қонунда ҳам арбитражнинг ҳал қилув қа­рорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза унинг устидан шикоят қилишнинг ягона воситаси сифатида эътироф этилган.

Арбитражнинг ҳал қилув қа­рори устидан судга ши­коят­ қи­лиш ариза бериш йўли билан амалга оширилиши мумкин. Шуни таъкидлаш лозимки, агар халқаро арбитраж Тошкент шаҳрида жойлашган бўл­са, арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза Тошкент шаҳар судига берилади.

Арбитражнинг ҳал қилув қа­рори тегишли тараф томонидан ихтиёрий тарзда ижро қи­линади. Шунингдек, 1958 йилдаги «Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида»ги Нью-Йорк конвенциясига мувофиқ, мазкур қарор қайси мамлакатда чиқарилганидан қатъи назар, ундирувчи томонидан ваколатли судга ёзма илтимоснома берилган тақдирда арбитражнинг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва мажбурий ижрога қаратиш мумкин.

Конвенция қабул қилинганига олтмиш йилдан ошди. Ҳо­зирги кунда уни дунёнинг 166 давлати қабул қилган.

Конвенцияда назарда тутилган механизмлар Конвенциядан кейин қабул қилинган кўпгина мамлакатларнинг миллий қонун ҳужжатларида эътироф этилган. Шу жумладан, бу қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қо­­нуни, Фуқаролик процессуал кодекси (42-боб) ва Иқтисодий процессуал кодексида (33-боб) ҳам ўз ифодасини топган.

Жумладан, мамлакатимиз Иқтисодий процессуал кодексининг 33-бобида чет эл арбитражининг ҳал қилув қа­ро­рини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни юритишга оид нормалар мустаҳкамланган. Бу «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қо­нун нормаларига мос келади.

Шу билан бирга, айни пайт­да Олий суд томонидан манфаатдор идоралар, экспертлар билан ҳамкорликда «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қо­нун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чи­қилди.

Маълумки, «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»­ги­ қо­нун билан иқтисодий суд ваколатига 9 тоифадаги аризаларни кў­риб чиқиш тартиби киритилган.

Шу муносабат билан қо­нун лойиҳасига асосан Иқтисодий процессуал кодексида иқтисодий судлар томонидан кўриладиган арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар рўйхати белгиланиб, улар жумласига қуйидагилар киритилмоқда:

– арбитрни тайинлаш, арбитрни рад этиш ёхуд унинг ваколатлари амал қилишини тугатиш ёки арбитраж суди юрисдикцияси масаласи юзасидан қарор қабул қилиш тўғ­рисидаги ишлар (тарафлар арбитр шахси ёки арбитраж суднинг ваколатлари бўйича келишувга эришмаганда қўзғатилади);

– далилларни олишга кў­маклашиш, даъвони таъминлаш чорасини кўриш ёки уни ижрога қаратиш тўғ­рисидаги иш­лар (арбитраж суди фао­лия­тига кўмаклашиш зарур бўлганда қўз­ғатилади);

– арбитраж ҳал қилув қа­рорини бекор қилиш ёки арбитраж ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғ­рисидаги ишлар (тарафлар арбитраж қа­роридан норози бўлганда ёки ушбу қа­рор ихтиёрий равишда ижро этилмаганда қўзғатилади).

Арбитраж муҳокамасида ҳар доим бир тараф хорижий давлат резиденти бўлиши ҳам­да чет элликлар билан боғлиқ ишларни кў­риш учун муайян тажрибага эга бўлиши зарурлигини инобатга олиш лозим. Шу негизда қо­нун ло­йиҳасида арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар вилоят даражасидаги судлар — Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан кўрилишини белгилаш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодексга судлар томонидан арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни кўриш тартибини белгиловчи алоҳида боб киритиш кўзда тутилмоқда. Унга кўра:

– иқтисодий суд томонидан кў­риладиган арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларнинг аксарияти арбитраж суди фаолиятига тааллуқли бўлганлиги сабабли манфаатдор шахс­лар аризаларни арбитраж жойлашган жойдаги иқтисодий судга тақдим этиши;

– арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 20 кунлик, даъвони таъминлаш чораси билан боғлиқ ишлар эса, 1 кунлик муддатда кўриб чиқилиши;

– арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар (арбитраж ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки уни ижрога қаратиш тўғ­рисидаги ишлардан ташқари) судья томонидан якка тартибда, суд муҳокамасини ўтказмасдан, арбитраж муҳокамаси тарафларини чақирмасдан кўриб чиқилиши;

– арбитрни тайинлаш, рад этиш ёки унинг ваколатлари амал қилишини тугатиш, арбитраж суди юрисдикциясини аниқлаш ёки унга далилларни олишга кўмаклашиш билан боғлиқ ишлар арбитраж судига кўмаклашиш мақсадида қўзғатилганлигини инобатга олиб, улар бўйича иқтисодий суднинг ажрими устидан шикоят қилинмаслиги;

– даъвони таъминлаш чораси, арбитраж ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки уни ижрога қаратиш билан боғлиқ ишлар тарафлар манфаатларига бевосита таъсир қилишини инобатга олиб, улар бўйича иқтисодий суднинг қарори устидан шикоят қилиш мумкинлиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, қо­нун лойиҳаси билан «Давлат божи тўғрисида»ги қо­нунга арбитраж ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш тўғ­рисидаги ишлар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида давлат божи тўланиши тўғрисидаги қои­да киритилмоқда.

Арбитраж муҳокамаси би­лан боғлиқ бошқа тоифадаги ишлар, яъни арбитрни тайинлаш, рад этиш ва бошқалар арбитраж судига кў­маклашиш мақсадида қўз­ғатилиши сабабли улар бў­йича давлат божи ундирилмаслиги таклиф қилинмоқда.

Бунда ушбу нормаларни процессул кодексда атрофлича тартибга солиш, судьяларнинг бу борадаги билим ва ма­лакасини ошириб бориш мақсадида тегишли чо­ра-тадбирлар кўрилиши, арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни кў­ришнинг техник-методик базасини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Мухтасар айтганда, қонун лойиҳаси арбитражлар фаолияти учун зарур бўлган давлат судлари билан ҳамкорлик механизмларини жорий этишга, тарафлар, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг манфаатлари самарали ҳимоя этилишини таъминлашга ҳамда қулай ин­вес­тиция муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

Шербек Назаров,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди бўлим бошлиғи

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: