СУД ҚАРОРИ ФУҚАРОНИНГ САЙЛОВ ҲУҚУҚИНИ ТИКЛАДИ
Бугунги кунда судлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари амалда кафолатли ҳимоя қилинмоқда. Масалан, Абдулазиз Нишонов 1952 йил 27 сентябрда Бувайда туманининг Оққўрғон қишлоғида туғилган. Улғайиб, мактабни тамомлагач, олий ўқув юртига ўқишга кирган. Аммо 21 ёшида — 1973 йилда фуқаролик паспортини йўқотиб қўйган.
Ҳайратланарли томони шундаки, Абдулазиз ота шундан буён ҳеч қандай ҳужжатсиз яшаб келган. Оз эмас, нақд 48 йил!
Тўғри, ўтган салкам ярим аср мобайнида, аниқроғи, мустақиллик йилларида бир неча марта Бувайда туман ички ишлар бўлимининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига ариза билан мурожаат қилган.
Бироқ у бўлимга доимий яшаганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим қилолмагани боис ҳар гал аризаси рад этилиб, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган. Шу тариқа кунлар кунларни қувлаб ўтаверган. Жорий йилга келиб эса, А. Нишонов астойдил ҳаракатга тушди. Яъни фарзандлари кўмагида фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига ариза билан мурожаат қилиб, ўзи туғилган қишлоқда доимий яшаганлик фактини белгилашни сўради.
Албатта, суд ушбу аризани кўриш мобайнида Абдулазиз Нишоновнинг доимий яшаганлигини тасдиқловчи бир қатор далилларни тўплашга муваффақ бўлди. Қолаверса, гувоҳларнинг кўрсатмаларига ҳам таянди.
Дастлабки далил шундан иборатки, унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси мавжуд. Гувоҳ Н. Ғофуров эса, ўз кўрсатмасида А. Нишоновнинг синфдоши экани, у билан 8 йил бир синфда ўқиб, бир маҳаллада яшаб, улғайишганини таъкидлади. Шунингдек, гувоҳлар Ё. Сатторов, Ж. Ҳайдаров ва Ш. Эрматов ҳам юқоридагидек кўрсатма беришди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 1969 йил 10 июнда Абдулазиз Нишоновга собиқ Фарғона области Ленинград райони ички ишлар бўлими томонидан фуқаролик паспорти берилган. Паспорти йўқолишидан бир йил аввал — 1972 йил 25 августда у фуқаро Б. Абдураҳмонова билан қонуний никоҳдан ўтган ҳолда турмуш қурган. Бу ҳолатни тасдиқловчи никоҳ гувоҳномаси мавжуд. Биргаликдаги турмушларидан 6 нафар фарзанди бўлиб, уларнинг барчаси қишлоқда туғилиб ўсган. Қолаверса, 2021 йил 11 август куни Бувайда туман Юқори манғит маҳалла фуқаролар йиғини томонидан бу хусусда тегишли далолатнома тузилган. Энг эътиборлиси, А. Нишонов 1973-1986 йилларда Бувайда туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактабида математика ўқитувчиси сифатида фаолият юритган. Буни мактаб маъмурияти томонидан 2021 йил 17 сентябрь куни берилган 76-сонли маълумотнома ҳам тасдиқлайди.
Бундан ташқари Бувайда туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходими А. Дадабоев А. Нишоновнинг илгари паспорт олганлиги, лекин ИИБ архивидан бу ҳақда маълумот топишнинг имкони бўлмаганлигини билдириб, мазкур ишни ҳал қилишни суд ҳукмига ҳавола этди.
Айтиш керакки, 2020 йил 13 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига биноан, 1992 йил 28 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаган, чет давлат фуқароси бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахс, Ўзбекистон ҳудудида яшаган ва 1992 йил 28 июлга қадар ўқиш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган ҳамда узлуксиз равишда таълим олган ёхуд ҳарбий хизматни ўтаган ва ўқиш ёки ҳарбий хизмат тугаганидан кейин бир йил ичида Ўзбекистонга қайтиб келган ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган шахс, башарти унинг чет давлат фуқаролиги мавжуд бўлмаса, ушбу қонун кучга кирган кунда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлган шахс ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади.
Юқорида қайд этилган қонуний асосларга таянган суд 2021 йил 22 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан Нишонов Абдулазиз Мелиқўзиевичнинг аризасини қаноатлантирди. Яъни унинг 1952 йил 27 сентябрда Бувайда тумани Оққўрғон қишлоғида туғилиб, шу кунга қадар доимий яшаганлик фактини белгилади. Энг муҳими, суднинг айни қарори фуқаронинг сайлов ҳамда бошқа ҳуқуқ ва эркинликларини тиклади.
Шундан сўнг Бувайда туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан А. Нишоновга янги фуқаролик паспорти берилди. Натижада у шунча йиллик «танаффус»дан сўнг 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президентлик сайловида иштирок этиб, ўзи танлаган муносиб номзодга овоз берди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ҳаётда биргина эътиборсизлик ёки лоқайдлик жиддий ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Айниқса, инсоннинг ўз шахсий ҳужжатларига нисбатан бепарволиги нафақат уни сарсон-саргардон қилади, балки кўпгина ҳуқуқ ва эркинликларини ҳам чеклайди. Бинобарин, ҳамюртларимизни юқоридагидек ҳолатлардан огоҳ этиб, доимий ҳушёрликка ва масъулиятли бўлишга чорлаб қоламиз.
Ўткиржон ИСМОИЛОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Қўқон туманлараро суди раиси
Фикр қолдириш