НАДОМАТ – КЕКСАЛИК ШАЪНИГА ИСНОД
Кексалик ҳар жиҳатдан етуклик ва расолик палласидир. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, кексалар орасида ҳам баъзан инсоф ва диёнатни билмайдиган кимсалар учраб туради.
Сергели туманида яшовчи Нозима Умарова (исм-шарифлар ўзгартирилган) бу йил 60 ёшни қарши олди. У уч нафар фарзанднинг онаси, бир неча нафар набиранинг бувиси. Аммо шу жиҳатдан пиру бадавлат бўлган аёлнинг 25 йилдан буён фирибгарликни «касб» қилиб олгани аёллик, кексалик ва оила шаънига тушган доғдир.
Гап шундаки, Н. Умарова илк маротаба 1996 йилда фирибгарлик кўчасига қадам қўйган. Ўша пайтда Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а», «в» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этиб, бир неча йилга озодликдан маҳрум қилинган. 1999 йилда халқимизга хос бағрикенглик — амнистия акти туфайли жазодан озод этилган. Бироқ шунда ҳам унинг кўзи очилмай, такрор-такрор жиноятга қўл ураверган. Сўнгги маротаба жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судининг 2021 йил 29 январдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топилиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ҳамда 2 йил синов муддати белгиланган.
Буни қарангки, синов муддати давомида Нозима Умарованинг муқаддам содир этган яна бир жинояти аниқланди. Маълум бўлишича, у ўтган йилнинг июнь ойида Мирзо Улуғбек туманидаги «Наврўз» деҳқон бозорида гўшт маҳсулотлари билан савдо қилувчи Шокиржон Шомансуровни чув туширган экан. Жабрланувчининг суд мажлисида кўрсатма беришича, Нозима Умарова унинг ишончига кириб, 26 700 000 сўмлик 424 килограмм гўштни насияга олиб кетган. Пулини тўлашга келганда эса, турли важ-карсонлар билан алдаб юраверган.
Мирзо Улуғбек туманининг Улуғбек шаҳарчасида истиқомат қилувчи Ҳуринисо Олимова ҳам ҳадемай 60 ёшга тўлади. Бироқ у фирибгарлик бобида Нозима Умаровадан ҳам ўзиб кетган. Гарчи Ҳ. Олимова жиноят кўчасига Н. Умаровадан анча кейин — 2004 йилда кирган бўлса-да, шундан буён нақ 8 маротаба фирибгарлиги учун судланишга «улгурган». Сўнгги маротаба жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судининг 2019 йил 14 октябрдаги ҳукмига асосан, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди ва 228-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилган. Оқибатда унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари — 1 722 400 сўм жарима ва 2 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг 2020 йил 17 декабрдаги ажримига биноан эса, Жиноят кодексининг 73-моддаси қўлланган ҳолда ўталмаган 11 ой 16 кун озодликдан чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган. Буёғини суриштирсангиз, биринчи ва иккинчи судланишида унга синов муддати берилган. Учинчи ҳамда тўртинчи марта суднинг қора курсисига ўтирганда амнистия актига мувофиқ жазодан озод этилган. Лекин Ҳуринисо Олимова ўзига берилган бу имкониятлардан тўғри хулоса чиқармаган. Унинг тўққизинчи жинояти худди Нозима Умарованики сингари кейинчалик фош этилган.
Тергов ва суд жараёнида аниқланишича, 2019 йилда Ҳ. Олимова «Тошкент — Қибрай» йўналишида қатновчи микроавтобус ҳайдовчиси Ўктамжон Жапаров билан танишиб қолади.
— Мирзо Улуғбек тумани пенсия жамғармасида ишлайман. Қанча пенсия оласиз? — деб сўрайди Ҳ. Олимова.
Шунда Ў. Жапаров 1980 йилларда ИИБ ёнғин ҳавфсизлиги бўлимида ишлаган даври пенсияни ҳисобга қўшилмаганини билдиради.
— Ўзим сизга ёрдам бераман. Ўша йиллардаги стажингизни қўштирсак, пенсиянгиз миқдори яна ошади. Фақат бунинг ўзига яраша «чиқими» бор, — дейди фирибгар очиқ-ойдин.
— Майли, мен бир оила аъзоларим билан маслаҳат қилиб кўрай-чи, — дея жавоб қайтаради Ўктамжон Жапаров.
Шундан сўнг у турмуш ўртоғи Гулноза Жапаровани Ҳ. Олимова билан таништириб қўяди. «Ҳар ҳолда аёл киши, бир-бирларини тушуниб, тезроқ тил топишишади», деб ўйлайди Ў. Жапаров. Натижада Ҳ. Олимова Г. Жапаровани ҳам кўндиришга эришади. Яъни у «чиқим»ни 2 000 АҚШ доллари миқдорида белгилайди. Орадан кўп ўтмай, Гулноза Жапарова унга ўз уйи ёнида 1 800 АҚШ долларини беради. Бироқ орадан ойлар ўтса-да, пенсия миқдори ўзгармайди. Фирибгарга дуч келганини англаб етган Ўктамжон Жапаров ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Албатта, шундан сўнг фирибгар аёлларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди уларни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлади.
Дастлабки тергов жараёнида Нозима Умарова Шокиржон Шомансуровга атиги 3 700 000 сўм берган, холос. Бинобарин, суд ҳукмида ундан қолган 23 000 000 сўм моддий зарарни ундириш белгиланди. Ҳуринисо Олимова тергов жараёнида ўзи келтирган зарарнинг 14 000 000 сўмини қоплаган.
Бироқ суд 1 АҚШ долларининг ҳукм чиқарилаётган кундаги қийматидан келиб чиқиб, етказилган зарарни 19 007 676 сўм миқдорида белгилади.
Пировардида айбдордан жабрланувчи фойдасига қолган 5 007 676 сўм ундириш ҳақида ҳукм чиқарди.
Кези келганда шуни таассуф билан таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда фирибгарлик жинояти сони анча ортиб бормоқда. Ачинарлиси, аксарият ҳолларда бу жиноятни Н. Умарова ва Ҳ. Олимова сингари муқаддам жиноятга қўл уриб, судланган кимсалар содир этмоқда. Айрим юртдошларимизнинг соддадиллиги ва ишонувчанлиги уларга жуда қўл келаётгани айни ҳақиқат. Шу боис жамиятимизда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга катта эҳтиёж бор. Бу борада жамоатчилик ёрдамисиз кутилган натижага эришиш мушкул. Демак, ҳуқуқий саводхонликни ошириш — долзарб вазифа!
Санжар АБДУҒАНИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани
судининг судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш