ҚОШ ҚЎЯМАН, ДЕБ КЎЗ ЧИҚАРИШ ЖУДА ҚИММАТГА ТУШДИ
Ҳеч кимга сир эмас, ҳаётда жорий этилган тартиб-қоидалар ва белгиланган талабларга риоя этмаслик кутилмаган фалокатга сабаб бўлади. Бу эса, кимнингдир ҳаётига хавф солиши, саломатлигига жиддий зарар етказиши ва охир-оқибат узоқ вақт изтироб чекишига олиб келиши мумкин. Қуйида шундай нохуш воқеа тафсилоти баён этилади.
Аминжон (исм-шарифлар ўзгартирилди) билан Насибани унаштириб қўйишганди. Куёв бўлмиш бўлажак умр йўлдошига узук тақиш маросимини ёдда қоладиган тарзда ўтказиш учун қаҳвахонадаги хоналардан бирини никоҳ маросимига мос қилиб безатишга буюртма берди. Бу хабарни эшитган Насиба ҳам табиийки, хурсанд бўлди. Бироқ…
Шу йилнинг 23 февраль куни соат ўн саккизларда Аминжон ўзининг автомашинасида Насиба ва унинг опаси ҳамда поччаси билан бирга қаҳвахонага борди. Қаҳвахона иш бошқарувчиси маросим учун тайёрланган хонани кўрсатди. Ўша пайтда ҳаяжон ва қувончдан юзлари ёниб турган Насибага Аминжон хонага биринчи бўлиб киришни таклиф қилди.
Қиз эшикни очганида хона қизил шарлар, устунли безак гул, рангли чироқ, сунъий атиргул япроқлари билан ғоятда чиройли қилиб безатилган, қаҳвахона хизматчилари шамларни ёқиш учун тайёр туришганди. Ниҳоят, учқун сачратувчи шамлар ёқилди. Шу пайт сира кутилмаганда фалокат рўй берди. Шамлар ҳам, шарлар ҳам ёрилиб, хонани бирдан аланга қоплаб олди. Насиба аланга ичида қолиб кетди, у уст-боши, сочи ёнаётганидан қаттиқ қўрқув ва талвасага тушганди. Бир пасда хонадаги дераза пардаси ва диванларга ҳам ўт илашди… Кутилмаганда содир бўлган бу фалокатдан ҳамманинг эсхонаси чиқиб кетди.
Аминжон ёнғин натижасида оғир жароҳат олган Насибани зудлик билан Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг вилоят филиалига олиб борди.
Шу ўринда бу фалокатнинг сабабларига тўхталадиган бўлсак, қаҳвахона иш бошқарувчиси буюртма олгач, Диёржон Раҳмонқуловга қўнғироқ қилади. Д. Раҳмонқулов эса, хонадонларни турли хил безаклар билан безатиш фаолияти билан шуғулланарди.
Ўша куни Диёржон тахминан соат ўн тўртларда қаҳвахонага келади. Мижоз учинчи хонани танлаганини эшитгач, қаҳвахонадагилар билан ўзаро оғзаки келишувга кўра, ишга киришади. У 40-50 дона шарни метан газ билан тўлдириб, хона шифтини безайди. Сўнг 4 дона устунли безак гул, рангли чироқ, сунъий атиргул япроқлари ва стол устига 20 дона шамни жойлаштириб, уйига қайтади.
Аслида шарларни юқорига кўтаришда гелий моддасидан фойдаланилиши керак эди. Д. Раҳмонқулов гелий моддаси қимматлиги сабабли ундан фойдаланмаган. Шарлардан бири тешик бўлгани боис пастга тушган ва шамлар ёқилгач, кучли ёнғин келиб чиққан.
Бундай вазиятда ҳаво оқими табиийки, эшик орқали ташқарига чиқади. Шу сабабли олов эшик томонга ўрлаган ва остонада турган Н. Маматалимова аланга ичида қолган. Суд тиббий экспертизаси жабрланувчи Н. Маматалимованинг танасидаги жароҳатлар юқори ҳароратли аланга таъсирида юзага келган бўлиб, оғирлик даражаси бўйича «ўртача-оғир шикастланишлар тоифасига киради» деб хулоса берган.
Бу воқеанинг тафсилотини келтиришдан мақсад — яхши ниятда унаштирилган ёшларнинг бошига тушган кўнгилсиз ҳодисани эл олдига дастурхон қилиш эмас. Аксинча, фалокатнинг келиб чиқиш сабабларидан азиз газетхонни хабардор қилиш орқали ҳушёрликка ундашдан иборатдир.
Албатта, ҳаётда ҳар бир ишнинг ўз тартиб-қоидаси бор.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 октябрдаги «Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 649-сонли қарори 86-бандида «Ҳаво шарларини ва шунга ўхшаш бошқа буюмларни тўлдириш (шишириш) учун ёнувчи газлардан фойдаланиш таъқиқланади» деб қатъий белгилаб қўйилган. Д. Раҳмонқулов ана шу талабга риоя қилмаган, тез алангаланувчи ва портловчи ҳисобланган метан газ билан шарларнинг тўлдирилгани оқибатида кучли портлаш юз берган.
Фалоқат рўй бергач, жабрланувчи Н. Маматалимова хусусий шифокорларга қатнаб даволанган, жами даволанишига 60 миллион сўм харажат қилган.
Албатта, ҳаётда ҳеч қайси жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Д. Раҳмонқуловга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Суд дастлабки тергов органи судланувчи Д. Раҳмонқуловни портловчи, тез алангаланувчи моддаларни ёхуд пиротехника буюмларини сақлаш, ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, жўнатиш қоидаларини бузиш, баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлишида ифодаланган жиноий ҳаракатини Жиноят кодексининг 250-моддаси (портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан тўғри малакаланган деб топди.
Судланувчига нисбатан жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, талаба эканлиги, оилада ягона боқувчилигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб топди. Унинг ҳаракатида оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас, деб ҳисоблади. Жиноят кодексининг 15-моддаси (жиноятларни таснифлаш) талабига кўра, Д. Раҳмонқулов айбланаётган модда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят ҳисобланади.
Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарори 5-бандига амал қилди. Негаки, ушбу бандда «Судлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, шунингдек, унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузитилиши мумкин бўлган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлаш учун қонунда мавжуд барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланишлари керак», деб раҳбарий тушунтириш берилган.
Суд юқорида таъкидланган қонун талаби ва Олий суд Пленуми қарори тушунтиришларига амал қилиб, судланувчи Д. Раҳмонқуловга нисбатан қилмиши квалификация қилинган модда санкциясида назарда тутилган жазолардан мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинлашни лозим топди.
Шунингдек, суд жабрланувчи Д. Маматалимованинг даволаниши учун кетган харажатларини ундириб бериш тўғрисидаги талабини ўрганиб чиқиб, зарарни асословчи ҳужжатлар тақдим қилинмаганлиги сабабли жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни судланувчи Д. Раҳмонқуловдан ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлигини тушунтирди.
Хулоса қилиб айтганда, судланувчи Д. Раҳмонқуловнинг қилмиши қош қўяман, деб кўз чиқаришга ўхшайди. Амалдаги тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик оқибати жабрланувчига ҳам, судланувчига ҳам, гувоҳи бўлганингиздек, жуда қимматга тушди.
Қаҳрамон ХОЛМУРОДОВ,
Жиззах вилояти
судининг судьяси
Фикр қолдириш