ФЕРМЕРНИНГ ҚОНУНИЙ МАНФААТИ СУДДА КАФОЛАТЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИНДИ
Маълумки, Бош қомусимизнинг 44-моддасида «Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади» дея қайд этилган.
Эътироф этиш керакки мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, айни пайтда ушбу конституциявий қоида ҳар бир суд мажлисида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Мисол учун Ўзбекистон туманидаги «Муҳаммадкамолхон Гулҳаёхон Одилбек» фермер хўжалиги раҳбари Муяссархон Усмонова ҳам ўзининг бузилган ҳуқуқини суд орқали тикланишига муваффақ бўлди.
Хўш, аслида қандай воқеа рўй берганди? Фермер хўжалиги раҳбари нега судга мурожаат қилди?
Гап шундаки, 2019 йил 30 январда Ўзбекистон тумани ҳокимининг 344/87-сонли қарор билан «А. Ниёзов» муқобил машина-трактор парки ҳудудидаги, ҳокимлик захирасида турган 94,4 гектар ер майдони фермер хўжалигига ажратиб берилган.
Натижада Муяссархон опа астойдил ишга киришади. Яъни ернинг «тилини топиб», ундан шартномавий режада белгиланган ҳосилни ола бошлайди.
2020 йил 24 февралда эса, фермернинг розилиги асосида туман ҳокимининг 389-сонли қарори билан хўжаликнинг 18,4 гектар ери туман захирасига қайтарилади. Пировардида фермернинг ихтиёрида 75,9 гектар ер майдони қолди. Аммо…
Аммо орадан 2 йил ўтиб, 2021 йил 30 мартда туман ҳокимининг 217-сонли қарори қабул қилиниб, хўжаликнинг 75,9 гектар ери ҳам туман захирасига қайтариб олинади. Бу табиийки, М. Усмонованинг ғайрат-шижоатини сўндирди-қўйди. Шу боис Муяссар опа туман ҳокимининг ушбу қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб, Фарғона туманлараро маъмурий судига мурожаат қилади.
Суд жараёнида аён бўлдики, юқоридаги қарорнинг қабул қилинишида фермернинг розилиги олинмаган, ҳатто унга бу ҳақида хабар ҳам берилмаган. Ваҳоланки, «Фермер хўжаликлари тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 12-моддасида «Давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин» дея қайд этилган. Ана шу асосларга таянган суд даъвони қаноатлантириб, Ўзбекистон тумани ҳокимининг 2021 йил 30 мартдаги 217-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, Бағдод туманининг Матқулобод қишлоғида яшовчи Мўминжон Тошқўзиев ҳам қонун кўмагига таяниб, ўз муаммосига ечим топди. Аниқланишича, Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Фармонига биноан, 2019 йил 7 майда Бағдод туман ҳокимининг 2688-сонли қарори қабул қилиниб, М. Тошқўзиевнинг ўзи истиқомат қилаётган ҳовли-жойи ва бино-иншоотларига нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилган. Ўша пайтда ҳовли-жойга нисбатан кадастр ҳужжатларини тайёрлашда унинг қўшнилари К. Арақулов ва А. Қурбоновлар эътирозлари йўқлигини билдирган ҳолда кадастр йиғма жилдини ўз имзолари билан тасдиқлашган. Бироқ 2021 йил 26 февралда имзоланган туман ҳокимининг 175-сонли қарорига мувофиқ, юқоридаги 2688-сонли қарор бекор қилинган.
Гап шундаки, Бағдод тумани ҳокимининг 2021 йил 26 февралдаги 175-сонли қарори туман прокуратурасининг 2021 йил 18 февралдаги протестига асосан қабул қилинган. Лекин ушбу қарорни қабул қилиш чоғида манфаатдор шахс саналган Мўминжон Тошқўзиевга прокурор протести танишиб чиқиш учун тақдим қилинмаган. Қолаверса, М. Тошқўзиевга туман ҳокимининг 2019 йил 7 майдаги 2688-сонли қарори ва прокурор протести бўйича ўз фикрини билдириш имконияти берилмаган. Протестни муҳокама ва қарорни бекор қилиш юзасидан тегишли тартибда мажлис ўтказилмаган. Бундай ҳолда туман ҳокимининг 2019 йил 7 майдаги 2688-сонли қарори қонунга зид равишда бекор қилиниб, М. Тошқўзиевнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган.
«Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида»ги кодекснинг 4-моддасига мувофиқ, ҳар бир манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли. Шу боис М. Тошқўзиев ишончли вакили Д. Мўминов билан бирга Фарғона туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиб, Бағдод туман ҳокимининг 2021 йил 26 февралдаги 175-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўради.
«Маъмурий тартиб-тамойиллар тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасига кўра, маъмурий ҳужжатлар ва маъмурий ҳаракатлар маъмурий тартиб-таомиллар принципларига мувофиқ бўлиши керак. Маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатлар ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади.
Бинобарин, суд М. Тошқўзиевнинг аризасини қаноатлантириб, туман ҳокимининг тилга олинган қарорини ҳақиқий эмас, деб топди.
Шу ўринда таассуф билан қайд этиш жоизки, қонун талабига тўлиқ риоя этмай қарор қабул қилиш каби ҳолатлар кундалик ҳаётимизда ҳали-ҳануз учраб турибди. Шунинг учун Фарғона туманлараро маъмурий суди томонидан ўтказилаётган сайёр суд мажлисларида ҳамда прокуратура, жиноят, фуқаролик ишлари бўйича судлар ва туманлараро иқтисодий суди билан ҳамкорликда ташкил этилаётган тарғибот тадбирларида қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар, уларнинг мазмун-моҳияти хусусида батафсил тушунчалар бериб борилмоқда. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда тараққиёт ҳам бардавом бўлади.
Солижон ҚУРБОНОВ,
Фарғона туманлараро
маъмурий судининг раиси
Фикр қолдириш