НАФС ҚОПҚОНИ ИККИ НАФАР ЁШ ЙИГИТНИ ТУЗОҚҚА ТУШИРДИ
Жиззахлик Салима Самандарова (исм-шарифлар ўзгартирилган) оила аъзолари билан Дўстлик тумани марказидаги савдо дўконида савдо-сотиқ қилади.
Якка тартибдаги тадбиркор турли харидоргир маҳсулот ва буюмларни олиб келиш, эрта тонгдан то одамларнинг оёғи босилгунича дўконда савдо қилиш ортидан топаётган ҳалол даромадининг бир қисмини фарзандларининг тўй харажатларига ишлатиш учун йиғаётган эди. Аниқроқ айтганда, 35 миллион сўм ва 26 миллион 500 минг сўмлик 13 дона тилла тақинчоқларни уйидаги темир сейфда сақлаётганди. Сейфнинг калитини ҳар доим ўзи билан олиб юрарди.
Шу йил май ойида дўконни ёпаётган чоғида у сумкасида сейф калити йўқлигини пайқаб қолди. «Дўконда тушган бўлса керак. Эртага топарман», деган ўйда уйига келди. Аммо эртаси куни дўкондан калитни тополмади. Шу боис уни қидириш учун қизи Холида билан одатдагидан эртароқ уйига қайтди. Уйининг эшиги очиқ эканига кўзи тушиб, юраги «шув» этди. Чунки эри ва ўғиллари дўконда қолишган эди. Хавотири бекорга эмас экан — темир сейфнинг эшиги ҳам ланг очиқ эди…
С. Самандарованинг уйида содир бўлган ўғирлик жинояти ҳақидаги хабарни эшитгач, туман ички ишлар бўлими ходимлари дарҳол суриштирув ишларини бошлаб юборишди. Ўғирликка алоқадор ҳар бир ҳолат синчиклаб ўрганилди. Шунда уларнинг эътибори муқаддам икки марта ўғирлик жинояти содир этиб, судланган Йўлдош Қўлдошев ва бир марта босқинчилик жинояти учун тайинлаган жазони ўтаб чиққан Баҳром Эрназаровга нисбатан қаратилди. Бу бежизга эмас эди.
Гап шундаки, жиноят содир этилган куни уларнинг С. Самандарова яшайдиган ҳовли атрофига келишгани уйга ўрнатилган видеокамера тасвирига тушган. Қолаверса, суриштирув асносида оиланинг тўнғичи Ҳикматилла жиноят рўй беришидан бир кун олдин устачилик билан шуғулланадиган ўртоғи Йўлдошга қўнғироқ қилиб, дўкондаги кўчиб тушган кафелларни қайта ёпиштириб беришни сўрагани маълум бўлди. Эртаси куни дўконга келган Йўлдош ишга киришади. Тушга яқин Ҳикматилла қовун сўйиб, уни ҳам дастурхонга таклиф қилади. Бироқ Йўлдош «бироз олдин сув ичгандим», дея таклифни рад этади ва Ҳикматилланинг «Дамас» русумли автомашинаси салонида ўтириб, қўшиқ эшитади. Таъмир ишларини тугатгач, Й. Қўлдошев уйига қайтиб кетади.
Аслида ўша куни Йўлдош «Дамас»да мусиқа тинглаб ўтирган чоғида ўриндиқ остида турган С. Самандарованинг сумкасини титкилаб кўраётиб, калитларга кўзи тушган. «Тажрибали» ўғри уларнинг ичидаги сейф калитини дарҳол ажрата олган ва уни чўнтагига яширган. Кечки пайт ҳамтовоғи Б. Эрназаровга бу ҳақида айтган. Шундан сўнг улар ўғирлик режасини тузишган ва эртаси куни соат ўнлар чамасида С. Самандарованинг уйига келишган.
Йўлдош кўчада қолиб, атрофни кузатиб турган. Б. Эрназаров эса, ғайриқонуний равишда ичкарига кириб, темир сейфни калит билан очиб, пул ва тилла тақинчоқларни олиб чиққан. Хилват жойда ҳамтовоқлар ўғирланган ўлжани бўлиб олишган. Йўлдош ўтган йилнинг февраль ойида М. Султоновга тегишли савдо дўконидан пулини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 3 миллион 600 минг сўмга музлаткич сотиб олган эди. Ўша пайтда дўкон эгаси телефонда Йўлдошга тўловни кечиктириб юбораётганини эслатиб қолади. Қўлида ўғирланган мўмай пул бўлган Йўлдош шартта дўконга бориб, музлаткич ҳақини тўлайди. М. Султонов қарз тўлангани ҳақидаги маълумотни санасини кўрсатиб, «Олди-берди» дафтарига ёзиб қўяди.
Биринчи босқич суди судланувчи Й. Қўлдошевни Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми «а» банди билан айбдор топиб, 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган. Б. Эрназаровга эса, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б”, “в”, “г” бандларига асосан 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгилаган.
Яқинда вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида мазкур жиноят иши қайта кўриб чиқилди. Суд биринчи босқич судининг ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмаслик ҳақида ажрим чиқарди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, бу дунёда бировнинг бойлиги ҳеч қачон ўзгага буюрмаган. Ҳаётда жуда кўп маротаба исботланган бу ҳақиқат бу гал ҳам яна бир карра юз кўрсатди. Ўғирликга қўл урган жиноятчиларга нисбатан қонуний ва адолатли жазо тайинланиб, жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Нафс қутқусига учган ҳамтовоқлар энди умрларининг айни навқирон чоғини темир панжара ортида ўтказади.
Ғиёсиддин ЯЛҒАШЕВ,
Жиззах вилояти
судининг судьяси,
Абдуҳамид Худойбердиев,журналист
Фикр қолдириш