ШИРИНЛИК ОРАСИДАГИ ОҒУ
2020 йил 15 июль куни эди. Х. Одилов кечки пайт Миробод туманида ўзининг юмуши билан юрган пайт олдига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари келиб, бир иш бўйича ўтказилаётган тезкор тадбирда холис сифатида иштирок этишни илтимос қилишади. Х. Одилов бунга розилик билдиради.
Қисқаси, тезкор тадбир жараёнида — кеч соат 21:00 ларда бир нотаниш кимса Миробод тумани Ф. Тютчев кўчасидаги 62-уйга киради ва у тахминан беш дақиқа ўтиб-ўтмай яна йўлакка қайтиб чиқади. Айни шу пайт ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари уни тўхтатиб, ўзларини таништирган ҳолда тезкор тадбир ўтказилаётганини маълум қилишади.
— Бир кишининг буюртмасини олиб кетиш учун келгандим, — дейди ўзини Алишер Носиров деб таништирган ҳалиги киши.
Буни қарангки, А. Носировнинг ёнидаги ашёлар холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг шими чап чўнтагида бир дона шаффоф полиэтилен пакетга солинган оқ тусдаги ўткир ҳидли кристаллсимон модда борлиги аниқланади. Бу — “кокаин” гиёҳвандлик воситаси эди.
Шу ўринда тезкор тадбирни ўтказаётган ходимларда ҳақли савол туғилади: хўш, А. Носиров бу гиёҳвандлик моддасини қаердан ва кимдан олган?
Айтиш керакки, тергов ва суд жараёнида бу заҳри қотилнинг мамлакатимизга кириб келиш илдизи жуда чуқур экани аён бўлди.
Маълум бўлишича, пойтахтимизнинг Сирғали туманида яшовчи Равшан Соипов 2020 йил июль ойида Австрия давлати фуқароси Жакоб Майер билан олдиндан тил бириктиради. Аниқроғи, у келгусида пулини тўлаш шарти билан тахминан 160 грамм “кокаин” гиёҳвандлик воситасини Ўзбекистон Республикасига почта орқали жўнатиб юборишга буюртма беради. Аслида Равшан Соипов нафақат ўзи истеъмол қилиши, балки гиёҳвандлик воситасини сотиб, мўмай даромад топишни ҳам режалаштирганди. Албатта, хорижлик “ҳамкор” унинг буюртмасини дарҳол бажаради. Яъни 2020 йил 10 июль куни Жакоб Майер томонидан Р. Соиповнинг таниши Илҳом Алимов номига Австрия давлатидан турли ширинликлардан иборат почта жўнатмаси юборилади. Натижада Р. Соипов 2020 йил 15 июль куни “DHL” почта жўнатмалари тизимининг Ўзбекистондаги расмий вакилидан вазни 4,2 килограмм бўлган ширинликларни қабул қилиб олади. “Буюртма” ана шу маҳсулот ичига — “der Bonbon” номли қанд қутисига жойлаштирилган 160 грамм гиёҳвандлик моддаси яширин тарзда Ўзбекистон Республикасига контрабанда қилинганди.
Р. Соипов жўнатмани уйига олиб келгач, гиёҳвандлик воситасини таниши Дилшод Маҳмудовга 30 000 АҚШ долларига баҳолаб, насияга сотиб юборади. Шундан сўнг савдо қизигандан қизиб кетади. Гап шундаки, Д. Маҳмудов ўша куннинг ўзида “товар”ни Йўлдош Ҳамрақуловга келгусида нархини келишиш шарти билан пуллайди. Й. Ҳамрақулов гиёҳвандлик моддасини Равшан ва Дилшод сингари кўтарасига сотмайди, аксинча, майдалаб пуллаб, мўмай даромад олишни кўзлайди.
Бир куни танишларидан бири телефон орқали Й. Ҳамрақуловга буюртма беради. Бинобарин, у аввалига гиёҳвандлик моддасини тарозида ўлчаб кўради. Сўнгра 5,9 граммини бир дона фольгага ўраб, қадоқлайди. Ўша куни буюртма берган шахс унинг ёнига Алишер Носировни юборади. Алишер эса 2 700 АҚШ доллари эвазига ўша бир ўрам гиёҳвандлик моддасини сотиб олади.
Хуллас, тезкор тадбир мобайнида қўлга олингач, А. Носиров бу қилмишга қандай қўл урганини айтиб берди. Аслида у буюртмага асосан ҳайдовчи бўлиб ишлаган. Шунда Лола исмли аёл доимий мижоз бўлиб қолади. Натижада Алишер кейинчалик унинг бозор-ўчар ва уй-рўзғори билан боғлиқ юмушларини ҳам бажариб юборади. Қолаверса, Лола айтган манзилларга пул ҳамда бошқа буюмларни олиб бориб берарди. Тўғри, сўнгги кунлари А. Носиров бу аёлнинг ноқонуний ишларига ҳам аралашиб қолганлигини сезган. Аммо ўзини четга олишга иродаси етмаган.
Ўша куни кеч соат 20:00 ларда ҳам Лола Алишерга қўнғироқ қилади.
— “Текстильный”га борсангиз, Фозил исмли йигит кутиб турибди. Ундан уч ярим минг доллар олиб, Йўлдошнинг олдига борасиз. Менга бир омонат беради.
Ҳалиги пулдан икки минг етти юзини унга бериб, қолганини қайтариб олиб келасиз, — дейди аёл.
Алишер Йўлдош Ҳамрақуловникига — Миробод тумани Ф. Тютчев кўчасидаги 62-уйга келганда эса…
Албатта, шундан сўнг калаванинг учи топилди. Пировардида Равшан Соипов, Дилшод Маҳмудов, Йўлдош Ҳамрақулов ва Алишер Носировларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Сўнг ушбу иш жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида кўриб чиқилди. Суд ҳукми билан Равшан Соипов, Дилшод Маҳмудов, Йўлдош Ҳамрақулов ва Алишер Носировга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қилмишларига яраша қонуний жазо тайинланди.
Мухтасар қилиб айтганда, гиёҳвандлик иллати нафақат бир кишининг тақдирида салбий из қолдиради, балки ўзгалар соғлиғига, ҳаётига таҳдид солади. Ўз-ўзидан аёнки, гиёҳвандлика мубтало бўлган ёҳуд оғуфурушликни касб қилиб олган кимсалар нафсларини қондириш ҳамда машъум ниятларини амалга ошириш илинжида ҳар қандай қабиҳликдан ҳам қайтишмайди.
Шунинг учун бу иллатга қарши муросасиз курашиш, ҳаётда ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир.
Сурайё ХОЖАМҚУЛОВА,
жиноят ишлари бўйича
Миробод тумани судининг судьяси
Фикр қолдириш