НАФС ДОМИГА ИЛИНГАНЛАР

Коррупция — амалдаги қонунлар ва давлат идораларига бўлган ишончсизликни юзага келтирувчи, жамиятни емирувчи хавфли жиноятдир. Шу боис унга қарши қатъий курашиш талаб этилади. Шу маънода мамлакатимизда коррупцияга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида “Бундан буён ҳам тараққиёт кушандаси бўлган ушбу иллатга барҳам беришга давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситаларини сафарбар этамиз. Бу борада айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чораларни кўриш зарур. Шу асосда коррупциянинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар амалга оширилади” дея таъкидлади.

Албатта, бу фикрлар бежиз билдирилгани йўқ. Чунки ўз нафсини жиловлай олмай, ушбу жирканч жиноятга қўл ураётган кимсалар ҳамон учраб турибди. Қуйидаги мисол шу ҳақида.

Ўтган йили Қўқон шаҳрида яшовчи Шоира Ҳожиеванинг ўғли Асадбек мактаб ёшига етади. У август ойи бошида фарзандини шаҳардаги 41-умумтаълим мактабида ўқитиш ниятида директор Зилола Қоражоновага учрашади. Аммо у мактабда бўш ўрин қолмаганини маълум қилади. Бундан ҳафсаласи пир бўлган Ш. Ҳожиева таниши Ашурали Собировдан ёрдам сўрайди. А. Собиров ҳам унинг илтимосини ерда қолдирмай, мактаб раҳбарининг қабулига киради.

— Ўринбосаримга учрашсангиз, ҳужжатларни қабул қилиб олади, — дейди директор.

Шундан сўнг А. Собиров директор ўринбосари Даврон Умрбоевга учрашади. Лекин Д. Умрбоев 1-синфга қабул учун талаб жуда юқори эканини писанда қилиб, унга боланинг ҳужжатлари билан бирга 150 АҚШ доллари олиб келиши лозимлигини айтади.

— Менда бунча пул йўқ, — дейди Шоира очиқ-ошкор таъмагирликдан норози бўлиб.

Бояқиш аёл нима қилишни билмай боши қотиб турган маҳали Ашурали Собиров қўнғироқ қилиб, уни Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қўқон шаҳар бўлими ходимлари сўрашаётганини билдиради. Айни чақирувнинг асосий сабаби кейинроқ маълум бўлади.

Гап шундаки, мактаб директори ўринбосари Даврон Умрбоев Дилноза Эгамованинг фарзанди Садоқат Эгамовани ҳам мактабнинг 1-синфига қабул қилиш учун пора талаб қилган экан. Шунда Шоира Ҳожиева мактаб раҳбарлари пора талаб қилганини билдириб, ариза билан мурожаат қилади. Бинобарин, ўша куни тезкор тадбир ўтказилади. Яъни директор ўринбосари “Қўқон ёғ-мой” акциядорлик жамияти яқинида Д. Эгамовадан 100 АҚШ доллари ва 300 000 сўмни пора тариқасида олаётган вақтда ушланади. Д. Умрбоевнинг иқрорлик аризаси асосида тезкор тадбир давом эттирилади. Пировардида Зилола Қоражонова ўринбосаридан Ш. Ҳожиеванинг ўғлини биринчи синфга қабул қилиш эвазига 150 АҚШ доллари ҳамда Д. Эгамованинг қизини мактабга қабул қилиш учун 100 АҚШ доллари ва 300 000 сўмни олаётганда қўлга олинади. Оқибатда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди эса, З. Қоражоновани Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “а”, “в” бандлари, Д. Умрбоевни кодекснинг 28, 210-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари билан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлади.

Тўғри, айбдорлар тегишли жазосини олди. Бироқ масаланинг бошқа жиҳати кишини ўйлантиради. Мактаб — муқаддас даргоҳ. Инсон камолотининг пойдевори ана шу масканда қўйилади. Ўқувчилар устоз-мураббийларнинг ҳар қандай иш тутумидан андоза олади. Таълим-тарбия ўчоғида таъмагирлик юз берса, унинг нуфузига путур етиши аниқ.

Шундай экан, Президентимизнинг “Коррупция балосига қарши фақат давлат-ҳуқуқий чоралар билангина курашиб бўлмайди. Бунинг учун бутун жамиятимизда, аввало, ёшлар онгида бу иллатга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, барча соғлом кучларни бирлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга” деган сўзларига қатъий риоя этишимиз зарур.

Қобилжон АБДУЛЛАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўқон шаҳар суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: