ТОВЛАМАЧИ ТЎРТЛИК ҚОНУНИЙ ЖАЗОГА МАҲКУМ ЭТИЛДИ
2020 йил 14 октябрь куни ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўқиётган Мафтуна Орифжонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) кеч бўлса-да, уйга қайтмади.
Бундан онаси Б. Адашева хавотирга тушди ва қизига қўнғироқ қилди. Аммо қўнғироғи жавобсиз қолди. Орадан бир соатча ўтиб, онаизор яна сим қоқди.
Бунга жавобан нариги томондан қизил тугма босилди. Бироздан сўнг «SMS» хабар келди: «Аяжон кечиринг, мен сизга нолойиқ фарзандман. Мен уйга боролмайман, товламачиларнинг қўлига тушиб қолдим. Ишончингизни оқлай олмадим. Мени қидирманглар».
Бу хабарни ўқиб, Б. Адашеванинг ҳуши бошидан учди, қўрқувга тушиб қолди.
Аммо она тезда ўзини қўлга олиб, қизига хабар юборди. «Болам, уйга қайт. Сендан ким нима талаб қилаётган бўлса, берамиз. Фақат бебошлик қилиб қўйма!».
Шундан сўнг тунда М. Орифжонова уйига келди ва уввос солиб йиғлаганча рўй берган воқеани гапириб берди.
Унинг сўзларига қараганда, 2019 йил ноябрь ойининг охирларида у «Instagram» ижтимоий тармоғи орқали Яшнобод туманида яшовчи Искандар Ҳомидов билан танишиб қолади. Орадан кўп ўтмай ёшлар бир-бирига боғланиб қолишади.
— Сенга уйланаман, яқинда совчи юбораман, — дея Искандар қуюқ ваъда беради.
Соддадил қиз унинг сўзларига шубҳа қилмайди. Шундай кунларнинг бирида И. Ҳомидов автоҳалокатга учраб, уйида ётганини айтиб, М. Орифжоновани хонадонига чақиради. Мафтуна бу нохуш хабарни эшитиб, хавотирга тушади ва дарҳол йигитнинг уйига етиб боради. Аввалига Искандар уни самимий кутиб олади. Бироздан сўнг йигитнинг асл муддаоси маълум бўлади.
— Барибир сенга уйланаман, ўзингни олиб қочма, — дейди Искандар.
Бирон-бир ёмонликни хаёлига келтирмаган Мафтуна йигитнинг сўзларидан сархуш бўлганча еттинчи осмонда учиб юрарди.
Айни шу лаҳзаларда Искандарнинг ғаразли мақсади аён бўлади: у қизни ярим яланғоч ҳолатда яширинча видеотасвир ва суратга олади. Кейин эса, ана шу видеотасвир ва суратларни қизга кўрсатиб, товламачилик йўлига ўтади.
— Менга пул керак. Агар бермасанг, видео ва расмларингни ота-онангга кўрсатаман. Қолаверса, тарқатиб ҳам юбораман, — дея у дағдаға қилади.
Буни эшитиб, Мафтуна қаттиқ қўрқувга тушиб қолади. Айниқса, у ота-онаси олдида шарманда бўлишини ўйлаб, кўз олди қоронғи тортиб кетади ва Искандарнинг талабига дарров розилик билдиради. Оқибатда И. Ҳомидов Мирзо Улуғбек туманидаги «Наврўз» деҳқон бозори ёнида нархи 3 500 000 сўмлик икки дона тилла тақинчоқни товламачилик билан қўлга киритади.
Бироқ бу билан унинг нафси қонмайди. Аксинча, ҳалиги видеотасвир ва суратларни Бўка туманида жойлашган манзил колонияда жазо муддатини ўтаётган таниши Адиз Саминжоновга ҳам телефон орқали юборади. Буни қарангки, ўша пайтда содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган А. Саминжонов мўмай пулнинг дарагини эшитиб шошиб қолади. Натижада Адиз Искандар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2020 йил сентябрь ойига қадар М. Орифжоновадан товламачилик йўли билан 10 000 АҚШ доллари миқдорида маблағ ундиришади. Лекин…
Лекин ҳаммаси шу билан якун топмади. Мафтунанинг бошида яна бир ғавғо бор экан. Гап шундаки, 2020 йил июль ойида у «Telegram» ижтимоий тармоғи орқали яна бир йигит билан танишиб қолади. Йигит ўзини Шоҳруҳ деб таништиради. Аслида янги таниши ўғил бола эмас, балки Олмазор туманининг Қорақамиш даҳасида истиқомат қилувчи Умринисо Акбархўжаева эди.
Қисқаси, шундан сўнг суҳбатлар асносида «Шоҳруҳ» Мафтунадан илгари Искандар исмли йигит билан учрашиб, гаплашиб юрганини билиб олади.
Қолаверса, соддадил қиз унга И. Ҳомидовнинг ғаламислиги — товламачилиги ҳақида ҳам гапириб беради. Аммо аввалдан танимаган-билмаган, ҳатто ўзини кўрмаган кимсага бошидан кечирганларини сўзлаб бергани М. Орифжонованинг оёғига навбатдаги тушов бўлди. Қарабсизки, товламачилик «байроғи»ни энди Умринисо қўлига олади.
— Мен буларнинг барини ота-онангизга етказаман. Балки айтмаслигим, сир сирлигича қолиши ҳам мумкин. Буёғи ўзингизга боғлиқ, — дея у қиздан пул талаб қилади.
Шундан сўнг Умринисо Мирзо Улуғбек туманининг Аҳмад Югнакий мавзесида «Шоҳруҳ»нинг синглиси сифатида Мафтунага учрашиб, дастлаб 300 АҚШ доллари, сўнгра 400 АҚШ долларини қўлга киритади. Бироқ у бу билан қаноатланмайди. Бинобарин, таниши Нурмат Рауповни ҳам товламачиликка шерик қилади. Яъни Н. Раупов юқоридаги манзилда «Шоҳруҳ» сифатида учрашиб, Мафтунадан яна 600 АҚШ доллари олади.
Сўнг яна, яна ва яна. Хуллас, ҳамтовоқлар 2020 йил октябрь ойига қадар ночор аҳволдаги қиздан жами 5 000 АҚШ доллари ундиришади. Лекин 2020 йил 19 октябрь куни бу товламачиликка чек қўйилди.
Гап шундаки, М. Орифжонова ҳаммасини айтиб бергач, отаси Маъруфжон Адашев ва онаси Буробия Адашева Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига ариза билан мурожаат қилишди. Натижада ушбу ҳолат юзасидан тезкор тадбир ўтказилди: ўша куни соат 14:30 ларда У. Акбархўжаева ва Н. Раупов галдаги 300 АҚШ долларини олаётган пайтда ушланди.
Албатта, товламачиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди У. Акбархўжаева ва Н. Рауповни Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди, И. Ҳомидов ҳамда А. Саминжоновни шу модданинг 2-қисми “б”, “в” бандлари билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. Шу боис И. Ҳомидов, А. Саминжонов ва Н. Рауповлар суд залидан қамоққа олинди.
Шунингдек, У. Акбархўжаевага Жиноят кодексининг 72-моддаси доирасида 2 йил синов муддати белгиланди. Қолаверса, суд ҳукмида М. Орифжонова фойдасига У. Акбархўжаева ва Н. Рауповдан 36 074 960 сўм, И. Ҳомидов ва А. Саминжоновдан эса, 86 600 021 сўм моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди.
Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: хўш, товламачилар жабрланувчидан шунча пул ундириб нимага эришди?
Албатта, ҳеч нарсага. Топгани жиноий жазо, пешонасига босилган судланганлик тамғаси бўлди, холос. Умид қиламизки, товламачиларнинг аянчли қисмати бошқаларга ҳам сабоқ бўлса, ажаб эмас.
Муҳаммад ҚАЮМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш