ШАРТНОМА МАЖБУРИЯТИНИ БАЖАРИШНИНГ МОДДИЙ ТАЪМИНОТИ
Маълумки, жамиятда иқтисодий муносабатларни тартибга солишда шартнома муҳим ўрин тутади. Ўз навбатида, шартнома шартларини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган омиллар ҳам қонунчиликда белгиланган. Шулардан бири закалатдир.
Хўш, закалат деганда нима англашилади? Бу тушунча шартнома шартлари бажарилишида қандай ўрин тутади?
Закалат — шартнома тузган томонлар ўртасида мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш усулларидан бири. Амалдаги Фуқаролик кодексида закалатни амалга ошириш тартиби аниқ белгилаб қўйилган.
Хусусан, кодекснинг 311-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, шартнома тузаётган тарафлардан бири шартнома тузилганини исботлаш ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан берадиган пул суммаси закалат ҳисобланади.
Закалатни бўнак, яъни олдиндан тўлов билан адаштирмаслик керак. Чунки закалат мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг қонун билан аниқ тартибга солинган усулларидан бири бўлса, бўнак шартнома бўйича тўловнинг олдиндан амалга ошириладиган бир қисми ва у қонунчиликда алоҳида тартибга солинмаган.
Асосийси, закалат тўғрисидаги келишув закалатнинг суммасидан қатъи назар, ёзма равишда тузилиши керак. Закалат тўғрисидаги келишувнинг ёзма шаклига риоя этилмаслиги унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади. Бу ҳолатда закалат сифатида ўтказилган маблағ бўнак деб ҳисобга олинади.
Ҳаётда тадбиркорлик субъектларининг ўзаро шартномавий муносабатларида мажбуриятларнинг бажарилиши таъминоти сифатида закалатдан фойдаланиш ҳолати кам учрайди.
Аммо махсус ахборот портали оператори орқали ўтказилаётган давлат харидларида мажбуриятларнинг бажарилиши таъминоти сифатида закалатдан тўлиқ фойдаланилмоқда.
Адлия вазирлигида 2018 йил 21 майда давлат рўйхатидан ўтган «Махсус ахборот портали операторининг давлат харидларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасидаги фаолияти тўғрисида»ги Низомнинг 34-бандига мувофиқ, корпоратив буюртмачи ва иштирокчи электрон давлат харидларида иштирок этиш учун ўзларининг ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги ҳисоб рақамларига закалат тўловини ўтказади.
Айтиш керакки, закалат ҳуқуқий табиатига кўра, жарима санкцияси ҳисобланади. Чунки шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат пули берган тараф жавобгар бўлса, закалат иккинчи тарафда қолади. Агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат олган тараф жавобгар бўлса, у иккинчи тарафга закалатни икки баравар қилиб қайтариши шарт.
Бундан ташқари шартноманинг бажарилмаслиги учун жавобгар бўлган тараф, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, закалат суммасини ҳисобга олган ҳолда иккинчи тарафга зарарларни тўлаши ҳам шарт.
Кўриниб турибдики, закалат — нафақат шартнома тарафларининг ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаришини таъминлашга хизмат қилади, балки шартнома мажбуриятларининг бажарилмаслиги оқибатида жабрланувчи тараф зарар кўришининг олдини ҳам олади.
Шу ўринда ҳаётий бир мисолга эътибор қаратамиз. «А» масъулияти чекланган жамияти «Б» акциядорлик жамиятига умумий қиймати 100 миллион сўм бўлган тикувчилик дастгоҳларини етказиб беришга буюртма беради. «Б» акциядорлик жамияти ушбу тикувчилик дастгоҳларини ўзи ишлаб чиқаради, уларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган эҳтиёт ва бутловчи қисмларни эса, чет элдан импорт қилади.
Шу боис «Б» акциядорлик жамиятига талаби билан тарафлар ўртасида «А» масъулияти чекланган жамиятининг шартнома бўйича ўз мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида шартнома баҳосининг 20 фоизини ташкил этувчи закалат келишуви расмийлаштирилади. Закалат келишувига мувофиқ, масъулияти чекланган жамияти акциядорлик жамиятининг ҳисоб рақамига 20 миллион сўм миқдорида закалат суммаси ўтказади.
Аммо кейинчалик масъулияти чекланган жамияти шартномани бажармайди, етказиб берилган тикувчилик дастгоҳларини қабул қилиш ва улар учун тўловни амалга оширишдан бош тортади. Тарафларнинг ўзаро закалат келишувида назарда тутилган закалат суммаси жарима санкцияси сифатида бевосита акциядорлик жамияти ҳисобида қолади.
Бу ҳолатда закалат ҳақидаги келишувнинг мавжудлиги акциядорлик жамиятининг шартнома шартлари бажарилмаслиги оқибатида кўриши мумкин бўлган зарарнинг олдини олди.
Агар бунинг акси бўлганида, акциядорлик жамияти масъулияти чекланган жамиятига шартнома шартларини бажармаганлиги учун закалат пулини икки баробар миқдорида қайтаришга мажбур бўларди.
Закалатнинг ҳуқуқий табиатига кўра, аксарият ҳолларда жабрланувчи закалат суммасини ундириш ҳақида судга мурожаат қилишига сабаб бўлмайди. Чунки закалат суммаси жабрланувчининг ихтиёрида бўлади ва закалат келишувига мувофиқ ушбу суммани ўз ҳисобида олиб қолишга ҳақли бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, закалат ҳақидаги келишув шартнома тарафларининг ўз мажбуриятларини бажаришнинг таъминоти бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, у тараафларнинг ушбу шартнома ижро этилишидан манфаатдор эканининг исботи ҳам ҳисобланади.
Акмал Раҳимов,
Сирдарё вилояти суди
раиси ўринбосари
Фикр қолдириш