МАДАНИЙ МЕРОС ҲИМОЯДА: СУДДА КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚ ТИКЛАНДИ

Бош қомусимизнинг 49-моддасида «Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир» дея қайд этилган.

Аммо Учкўприк тумани ҳо­кимлиги ушбу конс­титуциявий қоидага беписанд муносабатда бўлиб, ғайриқонуний қа­рор қабул қилди.

Маълумки, мамлакатимиз турли тарихий обидалар, археологик ёдгорлик ва муқаддас қадамжоларга жуда бой. Учкўп­рик туманининг «Ғожи Ғиждон» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Ғанчи масжиди ана шулардан биридир.

XIX асрнинг охирида барпо этилган ушбу маскан Фарғона вилояти ҳокимининг 2006 йил 5 августдаги «Вилоят ҳудудидаги маданий ме­рос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари ҳақида»ги қа­ро­рига биноан меъморий ёдгорликлар рўйхатига киритилган. Қолаверса, у Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 5 декабрдаги «Тарихий бадиий ёки ўзга маданий қимматлиги туфайли гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин бўл­маган объектлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 335-сонли ҳамда 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий меросни кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 846-сонли қарорларига илова қилинган рўйхатда ҳам қайд этилган.

«Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасида давлат мулкида турган моддий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Бироқ Учкўприк тумани ҳокими 2017 йил 2 августдаги 1034-сонли қарори билан масжидни якка тартибдаги тадбиркор Х. Содиқовга дои­мий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериб юборган. Тадбиркор бу ерда тикувчилик цехи ташкил этган.

Шу боис Фарғона вилояти Маданий мерос бошқармаси Учкўприк тумани ҳокимининг 2017 йил 2 августдаги қарорини ҳа­қи­қий эмас, деб топиш тўғрисида Фарғона туманлараро маъмурий судига даъво ариза киритди.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 67-моддасига мувофиқ, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаб бериши керак. Аммо Учкўприк тумани ҳокимлиги мутасаддилари ту­ман ҳокимининг 2017 йил 2 августдаги 1034-сонли қарори қонуний эканини судда асослаб бера олмади.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасида «Суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қоидалари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлиги ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисм­ларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади» дея қайд этилган. Бинобарин, суд даъвони қаноатлантириб, Уч­кўприк тумани ҳокимининг 2017 йил 2 августдаги қа­рорини ҳақи­қий эмас, деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Маданий мерос — бебаҳо бойлик. Унда хал­қимизнинг бой тарихи мужассамлашган. Шу боис маданий мерос объектларини асраб-авайлашимиз зарур. Бу нафақат қонун талаби, балки инсоний бурчимиз ҳамдир.

Элмуроджон ОРТИҚОВ,

Фарғона туманлараро

маъмурий суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: