БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАРИ ДАВЛАТИМИЗ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ ҲИСОБЛАНАДИ

Бугунги кунда мамлакатимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилган.

Хусусан, Конституция, Ои­ла кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқ­ла­рини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган. Бу борада кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида маъқулланиб, жорий йилнинг 7 декабрида Президентимиз томонидан имзоланган «Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қў­шим­ча­лар киритиш тўғ­ри­си­да»ги қо­­нунга мувофиқ, амалдаги бир қа­тор қонун ҳужжатларига ўз­­гартиш ва қўшимчалар киритилгани ҳам ана шундай ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Янги қонунга кўра, эндиликда жиноий жавобгарликка тортишнинг энг кичик ёши 14 ёш этиб белгиланди. Бу кўрсаткич амалда 13 ёш эди.

Бундан ташқари 16 ёшгача бўл­ган вояга етмаганлар билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Мазкур соҳадаги жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилмоқда.

Жиноят кодексининг 128-моддасида (ўн олти ёшга тўл­маган шахс билан жинсий ало­қа қилиш) озодликдан маҳрум қилиш жазосининг максимал муддати 5 йилдан 7 йилгача оширилмоқда.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 129-моддаси 1-қисмидаги (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) озодликдан маҳрум қилиш жазоси 1 йилдан 2 йилгача кўпайтирилмоқда.

Бундан ташқари суд-тергов жараёнида бола ҳуқуқларининг процессуал кафолатла­ри­ кучайтирилмоқда. Жумладан, воя­га етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сў­роқ қи­лишнинг умумий давомийлиги кун давомида, дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффусни ҳисобга олмаганда, 4 соатдан ошмаслиги белгиланмоқда (амалда 8 соат эди).

Эндиликда вояга етмаган гувоҳ ёки жабр­ланувчини сў­роқ қилишда педагог билан бир қаторда психолог ҳам қатнашиши шарт.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз мустақилликнинг илк давридаёқ бола ҳуқуқ ва эркинликларини ҳи­моя қилишни давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилади. Шу боис энг аввало БМТнинг 1989 йилда қабул қилинган Бола ҳуқуқ­лари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилди. Ўзбекистон уш­­бу Конвенцияга қў­шилгач, бо­­ла ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бў­­йича бир қатор халқаро-ҳу­қуқий мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Шундан буён мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳу­қуқ­лари бўйича қўмитасига Конвенция талабларини бажарилиши тўғ­рисида доимий равишда ҳисоботлар тақдим этиб келмоқда.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТнинг болаликни муҳофазалаш бобидаги энг универсал халқаро ҳужжати ҳи­собланади. Унда белгиланган хал­қаро ҳуқуқий нормаларни миллий қо­нунчиликка имплементация қилиш мақсадида «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Ушбу қонунда бола ҳу­қуқ­ларини таъминлашга қа­ра­тилган барча халқаро қои­далар ўз ифодасини топган. Қолаверса, мамлакатимизда болалар ва ёшлар фаолиятига доир 40 дан ортиқ қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда болалар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қамраб олинган.

Энг муҳими, бу борадаги ислоҳотларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида мамлакатимизда Олий Мажлиснинг Инсон ҳу­қуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий қилинди. Вакил, яъни Болалар омбудсмани ҳузурида Бола ҳу­қуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши ҳам ташкил этилди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахс­ларига тобе бўлмаган тарзда бажаради, дахлсизлик ҳуқу­қидан фойдаланади. У Олий Мажлис палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас. Болалар омбудсманига нисбатан жиноят иши фа­қат Бош прокурор томонидан қўзғатилиши мумкин. Уни мажбурий келтиришга, ушлаб туришга йўл қўйилмайди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари қуйидагича белгиланган:

– вакил БМТнинг Бола ҳу­қуқ­лари тўғрисидаги конвенция­сини бажариш страте­гия­сини ва бола ҳуқуқлари масалалари бў­йича бошқа ҳужжатларни иш­лаб чиқиш ҳам­да амалга оширишда иштирок этади;

– болалар ва уларнинг қонуний вакиллари орасида бола хуқуқлари, эркинликлари ва қо­нуний манфаатларини тушунтиради ҳамда миллий нормалар қоидаларини тарғиб қилади;

– аҳоли ўртасида бола ҳу­қуқлари, эркинликлари ва қо­нуний манфаатлари масалалари бўйича ҳуқуқий онг ва ҳу­қуқий маданиятни оширишга кўмаклашади;

– бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва та­лабларининг ижросини ўр­ганади;

– имконияти чекланган болалар, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия муассасаларини тамомлагандан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашади;

– бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида хал­қа­ро ҳамкорликни ривожлантиради.

Умуман, бола ҳуқуқлари ва қо­нуний манфааатларини ҳи­моя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ёш авлод келажагига хизмат қилиши баробарида миллий қонунчилик асосларини мустаҳкалашга қаратилгани билан эъ­тиборга молик.

Сардор Алимардонов,

Олий суд Кадрлар бошқармаси бошлиғи,

Ойбек Қаҳҳоров,

Олий суд Кадрлар бошқармаси

бош консультанти

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: