ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ТАЛОНЧИ АЁЛЛАР!
…Дилсора Ҳожиназарова (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) 22 ёшда. Сирдарё вилоятида туғилган. Ўрта махсус маълумотга эга. Турмушқурган ва ажрашган. Унинг дугонаси Ойхон Азимова 2003 йилда туғилган. Уҳам сирдарёлик. Турмушга чиқмаган, бир нафар фарзанди бор.
Ойхон билан Дилсора 2 йилдан бери таниш бўлиб, Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани, 7-даҳасида ижарада яшашади. Ойхон хитойлик Zhang Нaoran нинг уйида уй тозаловчи бўлиб хизмат қилар эди. У 2021 йилнинг 1 май куни дугонаси Дилсорага уй йиғиштиришга бирга бориб келишини илтимос қилади. Аёллар гап орасида Zhang Нaoran га ижара пулини вақтида тўлашолмаётганлиги, шу боис уй эгаси уларнинг уйдан чиқишини талаб қилаётганлигини айтиб, раҳмини келтиришади. Ишонувчан Zhang Нaoran нинг кўнгли юмшаб, сумкасини очиб, ичидан 200 АҚШ доллари олиб беради. Улар бундай саховатдан миннатдор бўлишлари керак эди.
Аммо Дилсоранинг кўнглига шайтон ғулғула солади: кўзини сумка ичидаги долларлар ўйнатади…
Дилсоранинг ичидаги қора нияти унга тинчлик бермай, ташқарига чиқиб, йигити Озодбекка қўнғироқ қилади ва хитойлик кишининг сумкасидаги кў-ўп долларлар ҳақида айтади. Шу ўринда бир мулоҳаза: халқимиз “Кўр кўрни қоронғида топади” деган мақолни бекорга айтмаган. Дилсора билан Озодбекнинг ҳам мақсади, қарашлари, тарбияси бири-бирига жуда ўхшашлиги учун ҳам улар “бир-бирига кўнгил қўйган”дир эҳтимол. Бундай фикрга боришимизнинг сабаби — шундай бўлмаганида Озодбек севган қизига Zhang Нaoran нинг сумкасидаги пулларни ўғирлашни таклиф қилмас эди.
Уларнинг телефондаги суҳбатини Ойхон ҳам эшитиб турган эди. У Zhang Нaoran дан кун кеч бўлиб қолганлигини, шунинг учун уларни машинасида ижара уйларига обориб қўйишини илтимос қилади.
Йўлда кетаётганларида Озодбек Дилсорага “Телеграм” орқали режани қандай амалга ошириш йўлларини ўргатади: сирка билан ҳўлланган рўмолни хитойлик кишининг юзига босиши билан у ҳушини йўқотади ва бемалол кўзланган мақсадга эришилади.
Дилсора машина ичида Озодбекнинг SMSларини Ойхонга юбориб, уни ҳам режадан хабардор қилиб боради. Ёнида ўтирган жувонларнинг мақсадини англамаган Zhang Нaoran эса уларни тезроқ манзилига олиб бориб қўйиш, яъни яхшилик қилиш учун шошади. Улар йўлда дўкон олдида машинани тўхтатишни илтимос қилишади ва Дилсора қабиҳ ниятини амалга ошириш мақсадида дўкондан мато ва сирка олиб чиқади. Оқ рангли LADA VESTA русумли автомашина Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги «ZAMIN» тўйхонасининг қаршисига келиб, йўл четида тўхтайди. Zhang Нaoran қизларга шу ердан ортга қайрилишини айтади. Қизлар эса ҳозир уларни олиб кетишга бошқа машина келаётганини, у келгунича машинада ўтириб туришига ижозат сўрашади. Шу пайт орқа ўриндиқда ўтирган Дилсора ҳайдовчи Zhang Нaoran га ҳужум қилиб, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, яъни чап қўли билан Zhang Нaoran нинг бўйнидан ушлаб туриб, уни ҳушидан кетказиш учун ўнг қўли билан сирка солинган матони юз қисмига босади. Аммо ҳайдовчи Озодбек айтганидек ҳушидан кетмайди: юзлари ачишиб, машинадан тушиб, йўл четига — йўлак томонга қочади. Бундан фойдаланган қизлар автомашина юкхонасидан Zhang Нaoran га тегишли бўлган ичида Хитой фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, иш гувоҳномаси, 5 500 АҚШ доллари, 2 000 Хитой юани, 15 000 Россия рубли ва бир дона флеш-картаси бўлган кўк рангли сумка (рюкзак) ни олиб, Zhang Нaoran га жами 61 577 000 сўм миқдорида моддий зарар етказиб, воқеа жойидан яширинишади.
Шундагина хитойлик савобталаб инсон қизларнинг шум ниятини англайди ва уларнинг орқасидан қува бошлайди. Афсуски, йўлакдан келаётган 2 йигит уни нотўғри тушуниб, ушлаб қолишади ва қизларнинг қочиб кетишига имкон яратишади. Zhang Нaoran уларга воқеани тушунтирганида эса қизлар анча нари келиб қолишган эди. Шундай бўлса ҳам машинасида улар кетидан қувади, аммо қизлар “Ўзбеккино” биноси орқасига ўтиб, яширинишга улгуришади.
Қизларни бегона эркакдан “қутқарган” йигитлар ҳам ўз хатоларини тўғрилаш мақсадида қизларнинг ортидан югуриб кетишади. Қизларнинг айтишига қараганда, йигитлар қизларни қувиб етишади, аммо, афсуски, ҳар бирига 100 АҚШ долларидан “ҳақ” берилгач, уларнинг адолатни қарор топтириш илинжида “қийналаётган виждони” ҳам таскин топади ва улар: “Туя кўрдингми? Йўқ!” дея ўз йўлида давом этишади.
Zhang Нaoran талончи қизларни ҳарчанд изламасин, уларни топа олмайди.
Шундан сўнг у тегишли органларга мурожаат қилади.
Талончи жувонлар эса сумкадаги 2 000 АҚШ долларини 1 000 доллардан бўлишиб олишади ва сумкани ичидаги ҳужжатлари билан бирга ўша ерга, яъни ўтлар орасига отиб юборишади. Дилсора бу маблағни касал онасига (?) дори-дармон сотиб олиш учун йигити Озодбекка беради, Ойхон эса эртасигаёқ ўзига кийим-кечак сотиб олишга ишлатиб юборади. Бу кўрсатмалар нечоғлик ёлғон ёки ҳақлиги Яратганга аён.
Гўдак боласи борлигига раҳми келиб, яхшилик қилиш ниятида хизмат ҳақини ошириб бериб юрган жабрланувчи панжара ортида ўтирган жувонларни, уларнинг кўз ёшларини кўриб, яна кўнгли юмшади: у фақат судланувчилар ўз кўрсатувларида кўрсатиб ўтган 2 000 АҚШ долларигагина даъво қилишини айтди. Судланувчи О. Азимованинг қариндошлари унга 500 АҚШ доллари беришганлиги сабабли, қолган 500 АҚШ долларини ундиришдан ҳам воз кечди. Судланувчи Д. Ҳожиназаровадан эса 1 000 АҚШ долларини ундириб беришни, шу билан бирга унга енгиллик беришни, судланувчи О. Азимовага эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради… Zhang Нaoran нинг ўзига моддий ва маънавий зиён етказиш билан бирга соғлигига хавф солгувчи хатти-ҳаракат қилганларга нисбатан бундай муносабати инсонийликнинг энг ёрқин кўриниши эмасми?!
Судланувчи Дилсора Ҳожиназаровага 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Ойхон Азимовага 1 йил 8 ой 24 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Қонун олдида ёшу қари, эркагу аёл баравар. Аммо аёл кишининг босқинчилик, талончилик каби жиноятлар билан айбланиши, айтиш мумкинки, жуда катта иснод! Ота-она учун, ўзи учун, қолаверса, она халқимиз учун! Момоларимиз бекорга қиз боланинг тарбиясига эҳтиёт бўлинглар, дейишмайди. Чунки уларнинг тарбиясидаги кичик нуқсон келгусида катта кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Оталар қизларини она қизим, дея алқашганида ҳам ҳикмат бор. Негаки, улар келажакда она бўлишади. Ўзи маънавий баркамол бўлмаган она юртимиз келажаги яратувчиларига қандай тарбия беради? Хорижлик жабрланувчи шу икки талончи мисолида барча ўзбек аёлларига баҳо бермайдими?
Ҳамиджон ШАМШИЕВ,
Тошкент шаҳар судининг судьяси,
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
журналист
Фикр қолдириш