МАЪНАВИЙ ҚАШШОҚЛИК ОНА ВА ҚИЗНИ ЖИНОЯТ КЎЧАСИГА ЕТАКЛАДИ
Назокат Бўронова (исм-шарифлар ўзгартирилган) хорижга ишлагани кетгани туфайли анчадан буён қизи билан учрашмаган эди. Хориждан қайтиб келиб, қизи билан кўришгач, юраги қандайдир нохушлик рўй берганини сезди. Чунки ҳали турмуш қурмаган Ситоранинг қадди-қомати-ю афт-ангорида ҳомиладорлик аломатлари сезилиб турарди.
У айни дамда мўмай пул ишлаб келиш учун қизини ёлғиз қолдириб хорижга кетганидан қаттиқ афсус чекди. Аммо бунинг фойдаси йўқлигини билиб, энди бу исноддан қандай қутулиш ҳақида тун бўйи мижжа қоқмай ўйлаб чиқди.
— Энди гап бундай, — деди она эрталаб Ситорага бироз жаҳлидан тушиб. — Бу ерда қолмаслигинг, таниш-билишлар кўзига кўринмаслигинг керак. Бугуноқ Сирдарёга жўнайсан.
Ситорани Сирдарёга жўнатишга асос бор эди. Чунки 2000 йилнинг 4 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида туғилган С. Ўлмасжонова Боёвут туманидаги маҳаллалардан бирида доимий рўйхатда туриб, Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида онаси Н. Бўронова билан бирга яшаётганди.
Қисқаси ўша куни онасининг талаби билан Ситора Тошкент вилоятидан Сирдарёга йўл олди. Шу йилнинг 22 июнь куни у шифокор тавсияси билан Гулистон шаҳридаги туғруқ марказига қабул қилинди.
Ситора туғруқхонада кўзи ёришидан икки-уч кун олдин Шоҳсанам исмли аёл билан танишиб қолади. Суҳбат асносида Ситора янги танишига туғилажак фарзандини сотиш ниятида эканини айтади. Ўз навбатида, Шоҳсанам бу гапни дугонаси Шоирага етказади.
Дарҳақиқат, Ситора Шоҳсанамга онаси Н. Бўронова билан келишган ҳолда чақалоқни 3 минг 200 АҚШ долларига сотишини маълум қилади. Шунда Шоҳсанамнинг кўнглида бу тубан кимсаларга нисбатан нафрат пайдо бўлади. Натижада Ш. Иномова ва Ш. Бандақулова она-боланинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига қонуний чора кўришни сўраб, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Сирдарё вилояти бошқармасига ариза билан мурожаат қилишади.
Ушбу мурожаатдан сўнг бошқарма томонидан тезкор тадбир ўтказилиши режалаштирилади. Тадбирда фойдаланиш учун бошқарманинг махсус кассасидан олинган 32 дона 100 АҚШ доллари купюрасига мутахассислар ва икки нафар холис иштирокида кимёвий кукун билан ишлов берилади.
Шунингдек, Шоҳсанамга махсус овоз ёзиш мосламаси — диктофон ҳам тақдим этилади.
Бундан бехабар Ситора туғуруқхонадан чиқишаётганини айтиб, Шоҳсанамга қўнғироқ қилади. Туғуруқхонага етиб борган Шоҳсанам уларни ўзининг хонадонига олиб боради.
Орадан кўп вақт ўтмай Шоира келишилган пулни олиб келади. Н. Бўронова Шоҳсанамдан 3 минг 200 АҚШ долларини санаб олади.
Келишувга кўра, Ситора фуқаро Ш. Иномовага ўз хоҳиши билан боласини топширгани ва бунинг эвазига 3 минг 200 АҚШ доллар миқдоридаги пулларни олгани, келгусида даъво қилмаслигини баён этиб, тилхат ёзиб беради. Тилхатга Ситора билан бирга онаси Н. Бўронова ҳам имзо қўяди.
Чақалоқни жабрланувчиларга топширган болафурушлар уйдан чиқиши билан қўлга олинади ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Вояга етмаган Моҳина Ўлмасжонова «Болалар уйи»га топширилади.
Шу ўринда судланувчиларга нисбатан суд томонидан жиноий қилмишлари учун жазо тури ва меъёрини белгилаш ҳолатларига тўхталишдан олдин одам савдоси, хусусан, чақалоқлар савдоси билан боғлиқ баъзи маълумотларга тўхталишни ўринли деб ўйлаймиз.
Халқаро ташкилотлар берган маълумотларга қараганда, дунё миқёсида ҳар йили 4 миллион нафардан ортиқ киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Уларнинг 80 фоизини аёллар ва вояга етмаганлар ташкил этади.
Мамлакатимизда одам садоси жиноятларининг сони 2012 — 2019 йиллар мобайнида олти баробарга камайган. Бу яхши, албатта. Бироқ ана шу вақт ичида чақалоқлар ва болалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони ортган.
Кейинги уч йилда чақалоқ савдосидан 114 нафар бола жабрлангани ва уларнинг аксарияти 3 ёшгача бўлган болалар экани ғоятда хавотирлидир.
Энди юқорида тафсилоти баён этилган жиноят ишига қайтадиган бўлсак, биринчи босқич суди судланувчилар Н. Бўронова ва С. Ўлмасжоновани Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Аммо суднинг ҳукмидан норози бўлган судланувчилар апелляция шикояти билан мурожаат қилишди.
Яқинда ушбу апелляция шикояти Сирдарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилди.
Апелляция инстанциясида биринчи босқич судининг ҳукмида ифодаланган барча хулосалар асосли, ишнинг ҳақиқий ҳолатига мувофиқ бўлиб, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилган ҳамда судланувчиларнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан тўғри малакаланган, деган тўхтамга келинди.
Апелляция судлов ҳайъатида аниқланишича, биринчи босқич суди судланувчи Н. Бўроновага жазо тайинлашда қилмишнинг сабаби, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олиб, Жиноят кодексининг қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига амал қилган. Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарорида берилган тушунтиришларга амал қилиб, ишдаги барча енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни эътиборга олган, судланувчиларга қилмишларига яраша жазо тайинлаб, қонуний хулосага келган. Бироқ апелляция судлов ҳайъати судланувчи Н. Бўроновага нисбатан жазо тайинлашда айбига иқрорлиги, аёллиги, муқаддам судланмагани, оилада ягона боқувчилиги, бир оиладан икки киши судланаётгани, ўғли хорижга ишлаш учун кетгани, қизи С. Ўлмасжоновага озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланаётганини инобатга олмасдан, унга нисбатан бирмунча оғир жазо тайинлаган, деб ҳисоблади.
Шу боис апелляция судлов ҳайъати ажримига асосан судланувчи Н. Бўроновага Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига кўра, судланувчининг 2021 йил 6 июлдан 2021 йил 8 октябрь кунига қадар қамоқда ўтирган 3 ой 2 куннинг ҳар бир куни озодликни чеклаш жазосининг бир кунига тенглаштирилиб, ўташ учун 4 йил 8 ой 28 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди. Суд ажрими билан Н. Бўроновага қўшимча тақиқлар юклатилди.
Воқеа тафсилотларидан кўриниб турибдики, маънавий қашшоқлик, нафс қутқуси она ва қизини жиноят кўчасига етаклади. Бу эса жамиятда маънавиятни юксалтириш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада кенг тарғиб этишни тақозо этади. Зеро, маънавий етук, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти кенг бўлган инсон асло жиноий қилмишларга қўл урмайди.
Бобошер ҚУРБОНОВ,
Сирдарё вилояти суди
раиси ўринбосари,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш