XИЁНАТ ЖАМОАТ МУЛКИНИ ЎЗЛАШТИРИШ АСНОСИДА НАМОЁН БЎЛДИ
Аввало шуни айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 августдаги «2019-2022 йилларда Хоразм вилоятининг Хива шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори 8-бандига кўра, қадимий шаҳарнинг «Ангарик», «Қиблатоза-боғ», «Шихлар» ва «Лолазор» маҳаллалари табиий газ тармоғига қайта уланди. Натижада бир неча ўн минг киши истиқомат қилувчи ушбу ҳудуд суюлтирилган табиий газ билан узлуксиз таъминланди. Албатта, бундай қулайликдан маҳалла аҳлининг боши осмонга етди.
Аммо аҳоли бу қулайликдан баҳраманд бўлиб, турмушига файз кирган чоғ «Ҳудудгаз Хоразм» масъулияти чекланган жамиятининг Хива тумани филиали ходимлари ўзларига антиқа юмуш топишди.
Айниқса, масъулияти чекланган жамиятининг туман филиали табиий газ баллонлари ҳисобини юритувчи техник ходими Садоқат Эрназарова ва суюлтирилган газ бўлими етакчи муҳандиси Давронбек Ҳалимов ҳаммадан кўпроқ «жонбозлик» кўрсатишди. Улар ўзларига дахли бўлмаган ишларга ҳам боши билан шўнғиди. Бу жараёнда юқорида номи қайд этилган маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларига муқаддам тарқатилган 1 429 дона маиший газ баллонлари йиғиб олинди.
Албатта, бундай тадбирларнинг амалга оширишнинг ўзига хос тартиб-таомиллари бор. Яъни аҳоли ижара асосида фойдаланиб келган газ баллонлари қайтариб олингач, албатта, ҳужжат асосида ҳисобхонага кирим қилиниши ва идора омборига топширилиши керак эди. Таассуфки, икки ҳамкасб бу қоидага амал қилишмади. Кейинчалик расмийлаштирилган ҳужжатларга қараганда, аҳолидан йиғиб олинган 1 429 дона газ баллонининг 978 таси филиал омборигача етиб келмаган, аниқроғи, ўзлаштириш йўли билан талон-торож этилган. Амалга оширилган тафтиш-текширишлар асносида идора омборига топширилмаган ва ҳар бирининг нархи 242 500 сўмни ташкил этган 451 дона газ баллонини С. Эрназарова рўйхат асосида тумандаги эҳтиёжманд оилаларга тарқатгани аниқланди. Бу баллонларнинг умумий нархи 109,5 миллион сўмни ташкил этади. Қолган 978 та баллоннинг «тақдири» бозорда ҳал бўлган. Жами 237,1 миллион сўмлик баллонлар Ҳазорасп буюм бозорида савдо-сотиқ билан шуғулланувчи У. Отажанов ҳамда шахси аниқланмаган бошқа фуқароларга сотиб юборилган. Ундан келиб тушган маблағ С. Эрназарованинг чўнтагидан жой олган. Филиал мулки бўлган 1 535 та газ баллони ҳужжатлари ном-нишонсиз йўқолган. Бироқ ҳужжатларда қайд этилишича, камомад шунинг ўзидан иборат эмас.
Тафтиш жараёнида аниқланишича, 2019 йилнинг ноябридан 2020 йилнинг май ойигача С. Эрназарованинг ихтиёрида 26 936 дона газ баллонлари мавжуд бўлган. Демак, бундан кўринадики, юқори турувчи ташкилотга топширилган ҳисоботларнинг аксарияти сохта бўлган.
Табиий газ босимини меъёрловчи ускуналар учун масъул Д. Ҳалимовнинг хатти-ҳаракати ҳам жамоага анча зиён келтирди. Тергов ҳужжатларида қайд этилишича, у ҳам С. Эрназарова каби ҳисботларни қалбакилаштирган.
Аниқроқ айтганда, у 2019 йилнинг ноябрь ойидан 2020 йилнинг май ойигача ўз ихтиёрида 58,3 миллион сўмлик жиҳоз ва ускуналар мавжудлиги юзасидан ҳисобот юритиб келган. Камомад айнан шу тарзда эл кўзидан яширилган. Бундан ташқари у С. Эрназарова билан ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда филиал тасарруфидаги газ баллонларини ноқонуний сотиб, мўмай даромад орттирган. Айни пайтда 30,4 миллион сўмлик суюлтирилган табиий газ қолдиғини ҳам ҳисоботлардан яширган.
Тумандаги 20 та маҳалла аҳолисидан суюлтирилган табиий газ учун 4,8 миллион сўм миқдорида пул йиғиб олган бўлса-да, таъминот борасидаги мажбуриятини бажармаган. Пулни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган. Тергов органи С. Эрназарова томонидан содир этилган қонунбузарлик ҳаракатини Жиноят кодексининг талон-торожликка оид 167-моддаси 3-қисми “а” банди, ҳужжатларни қалбакилаштиришга тааллуқли 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, Д. Ҳалимовнинг қилмишини эса, 167-модданинг 2-қисми “г”, ушбу модданинг 3-қисми “а” банди, 228-модданинг 2-қисми “а”, “б” бандлари, шунингдек, мансаб сохтакорлигига доир 209-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича малакалади.
Қонунчиликка мувофиқ, даъво қандай тарзда қўйилмасин, ҳаққоний ва аниқ далилларга асосланиши талаб этилади. Юқорида баён этилган қонунбузарлик мазмун-моҳияти анча жиддий, қўйилган айб бирмунча оғир эканини кўрсатади.
Суд мажлиси жараёнида масаланинг бу жиҳати синчиклаб ўрганилганда жамоанинг катта миқдордаги мулки ўзлаштириш йўли билан талон-торож этилгани маълум бўлди.
Суд айбланувчи С. Эрназарованинг қилмиши тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан тўғри малакаланганини эътироф этди. Бироқ ушбу кодекснинг 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари бўйича эълон қилинган айбни асоссиз деб топди.
Чунки ушбу модданинг 2-қисми “а” ва “б” бандларида такроран ва хавфли рецидивист ҳамда бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда содир қилинган қонунбузарлик ҳолатлари назарда тутилган. С. Эрназарованинг қилмишида эса, бундай жиноят аломатлари йўқ. Шунинг учун суд ушбу айбловни унинг зиммасидан соқит этиш лозим, деган хулосага келди.
Д. Ҳалимовга қўйилган айб ҳам анча жиддий. Судда исботини топган ҳолатларга қараганда, унинг 237,2 миллион сўмлик газ баллонларини С. Эрназарова билан ўзаро келишган ҳолда талон-торож этганини тасдиқловчи далиллар етарли эмас. Қолаверса, унинг эгаллаган вазифасига кўра, мансабдор шахс ҳисобланиши ҳақидаги даъво ҳам асосли эмас. Унга жамоанинг 9,9 миллион сўмлик мулкини ўзлаштириш юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмига мувофиқ эълон қилинган айб ҳам нотўғри малакаланган.
Ўзгаларнинг 30,4 миллион сўмлик мол-мулкини ўзлаштириш ва растрата қилиш бўйича эълон қилинган айб далил-исботларга эмас, балки тахмин ва шубҳа-гумонларга асосланган. Аҳолидан йиғиб олинган ва истеъмолчиларга етказиб берилмаган 4,8 миллион (қонунга кўра, бу оз микдорни ташкил этади) сўмлик суюлтирилган табиий газ учун жавобгарликни жиноий эмас, балки маъмурий тарзда кўриб чиқиш зарур.
Шу муносабат билан суд Д. Ҳалимовни Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича айблашга қаратилган даъвони ўзгартирди. Айб ушбу кодекснинг 228-моддаси 1-қисмига қайта малакаланди. Кодекснинг 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари бўйича қўйилган айблов қилмиш содир этилмагани сабабли бекор қилинди. Судланувчи ушбу модда бўйича ҳам оқланди. Таассуфки, айбланувчининг баъзи қилмишлари рецидив жиноятлар содир этилганидан далолат беради. Қайд қилинишича, Д. Ҳалимов илгари ҳам айнан шундай жиноий қилмишга қўл урган. Хусусан, 2018 йил Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси 1-қисми бўйича жиноий жазога тортилган. Фақат у тайинланган жазодан 2019 йили муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган. Шундай бўлса-да, қилмишидан тўғри хулоса чиқариб, тузалиш йўлига кирмаган. Айнан шундай қилмишга такроран қўл урган. 2020 йил 8 июндаги текшириш далолатномасига кўра, у бу галги жиноий қилмишни қасддан содир этган. Яъни 9,9 миллион сўмлик мол-мулкни талон-торож қилган, 791 та газ босимини меъёрловчи ускуналарни ўзлаштирган. Қонун айнан шу хилда қасддан ва такроран содир қилинган жиноий қилмишларни рецидив жиноят сифатида баҳолайди. Суд бу ҳолатларни назарда тутар экан, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” бандига биноан қўйилган айбни унинг зиммасидан соқит қилди. Қилмиш ушбу модданинг рецидив жиноятларни назарда тутувчи 2-қисми “б” банди асосида баҳоланди. Айни пайтда Д. Ҳалимовни мансабдор шахс сифатида эътироф этиш ҳақидаги масалага ҳам ойдинлик киритилди.
Жиноят қодексининг 8-бўлимида қайд этилишича, ҳокимият вакили ёки ташкилий бошқарув, маъмурий хўжалик ваколатлари ёхуд юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли бўлган шахсларгина мансабдор шахс ҳисобланади. Д. Ҳалимовнинг зиммасига бундай ваколатлар юклатилмаган, бу ҳолат унинг хизмат вазифасига оид йўриқномада ҳам қайд қилинмаган. Шу боис уни мансабдор шахс сифатида эътироф этиб бўлмайди. Суд қонуннинг ушбу талабига риоя қилди. Айбланувчини мансабдор шахс сифатида эътироф этиш ҳақидаги даъво жиноят ишидан чиқарилди. Шунингдек, суд ҳар икки судланувчининг қилмишида қалбакилаштиришга доир такрорий қонунбузарлик ҳаракати мавжуд эмас, деган хулосага келди.
Суд мажлиси жараёнида С. Эрназарова айбига тўлиқ, Д. Ҳалимов қисман иқрорлик билдирди.
Фуқаровий даъвогар — «Хива тумангаз» филиали раҳбари К. Абдуллаев судда кўрсатма берар экан, ўтказилган текширишда чиндан ҳам, камомад аниқлангани, суюлтирилган газ баллонлари учун моддий жавобгарлик С. Эрназарованинг зиммасига юклатилгани, 1 535 та ускунага оид ҳужжатларни топишнинг иложи бўлмагани, бу ножоизликни аҳоли хонадонларига бориб суриштирув ўтказиш йўли билан бартараф этиш мумкинлигини таъкидлади. Етказилган 237,2 миллион сўмлик камомад С. Эрназарова, табиий газ босимини меъёрловчи 791 та редукторни талон-торож қилиш оқибатида юзага келган 9,9 миллион сўмлик зиён Д. Ҳалимов томонидан қоплагани, шу муносабат билан ҳар икки айбланувчига нисбатан даъвоси йўқ эканини маълум қилди. Судда иштирок этган ўн нафардан зиёд гувоҳлар эса, тумангаз филиалида юз берган жиноий киридкорнинг содир бўлиш сабаб ва тафсилотларини очиқ-ойдин баён этишди. Бу ҳолатларнинг бари ишни холис ва адолатли кўраб чиқиш, судланувчиларга нисбатан қонуний жазо тайинлашга асос бўлди.
Бинобарин, ҳар икки судланувчининг айбига иқрор ва қилмишидан пушаймонлиги, оилавий аҳволи, етказилган зарар тўлиқ қоплангани, бунинг устига фуқаровий даъвогарнинг даъвоси йўқ экани енгилроқ жазо тайинлашга асос бўлди.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи С. Эрназаровага 1 йил муддатга давлат иштирокидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда мансабдор ва моддий жавобгарликка оид вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Айбланувчи Давронбек Ҳалимов 1 йил-у 6 ой мобайнида мансаб ва моддий жавобгарликка дахлдор вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ва яна шунча муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Ўзганинг 4,8 миллион сўмлик мулкини ўзлаштириш ва талон-торож қилиш юзасидан қўзғатилган даъвони маъмурий тартибда кўриб чиқиш масаласи ҳам ҳал этилди. Яъни гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 61-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатиш масаласи Хива тумани прокуратурасига эътиборига ҳавола қилинди.
Ҳақ жойида қарор топди. Жамоат мулкига хиёнат қилганларга қонуний жазо тайинланди. Аммо масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Гап шундаки, баён этилган ушбу воқеа кўпчилик, биринчи галда ушбу корхона мутасаддилари кўз ўнгида илдиз отгани ва бўй кўрсатганини ҳеч ким инкор этолмайди. Аслида қалби пок, соф виждонли, иймон-эътиқодли одамлар ён-верида ниш урган нопокликка бефарқ ва лоқайд қарашмайди. Шу боис содир этилган жиноий қилмишларни «кўрмай, билмай, пайқамай» қолган «ёшулли»ларнинг хатти-ҳаракатларини ҳам оқлаб бўлмайди. Демак, бундан тегишли хулоса чиқариш зарур.
Муродбек ҲАСАНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Урганч шаҳар суди раиси,
Абдулла СОБИРОВ,
журналист
Фикр қолдириш