СОХТА АДВОКАТ ЁХУД АЛДОВ ТУЗОҒИ
Аввало шуни айтиш керакки, андижонлик Жасур Исмоилов (исм-шарифлар ўзгартирилган) жиноят ишлари бўйича Хўжаобод тумани судининг 2020 йил 7 сентябдаги ҳукмига биноан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 2-қисми «б» банди билан айдор деб топилиб, озодликдан маҳрум қилинган. Сўнгра Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаментининг Зангиота туманида жойлашган 1-сонли тергов ҳибсхонасига олиб келинган.
Маҳкумнинг онаси Ҳанифа Назирова 2020 йил 12 декабрь куни келини, қизи ва 3 нафар ўғли билан бирга Жасурни кўриш учун қисқа муддатли учрашувга келади.
Учрашув тугагач, улар уйга қайтмоқчи бўлиб турганларида башанг кийинган бир йигит Ҳ. Назировага мурожаат қилиб, исми Шуҳрат, фамилияси Давронов, адвокат эканини айтади ва қандай ёрдам кераклигини сўрайди.
Кутилмаган таклифни омад деб ўйлаган она ўғлига тегишли суд ҳукмини унинг қўлига тутқазади. Аслида талончилик, ўғирлик ва олти маротаба фирибгарлик жиноятини содир этгани учун судланган бу кимса Қибрай туманида истиқомат қилувчи Илҳом Давронов эди. «Адвокат» ниқобидаги фирибгар суд ҳукмини ўқиб чиққач, мақсадга ўтади:
— Ҳозир ҳам бу ерга бир мижозимни ҳимоя қилиш учун келгандим. Яна икки соатларда уни озодликка чиқаришади. Сизни кузатиб туриб, аҳволингизга ачиндим. Рози бўлсангиз, ўғлингизни қамоқдан чиқаришга ёрдам бераман…
Содда аёл унинг гапларига лаққа ишонади. И. Давронов 7 000 АҚШ доллари эвазига муаммони ҳал қилишини айтади.
— Хоҳласангиз, сизга шу ернинг ўзида ордер ёзиб бераман. Кейин иш бошлайман, — дейди у яна оғиз кўпиртириб.
Шундан сўнг Ҳ. Назирова ўғиллари ва қизи билан маслаҳатлашиб, И. Давроновнинг қўлига 700 АҚШ долларини тутқазади. Бироқ у ўзини янада баландпарвоз тутади.
— Бу пулингиз кам. Мен анчагина қиммат адвокатман.
— Ундай бўлса, сизга пулни икки-учга бўлиб бераман, майлими?, — деб сўрайди аёл.
— Майли. Фақат чўзиб юбормайсиз.
— Менга ишонаверинг. Айтган вақтимда бераман.
Ҳанифа Назирова И. Давроновга яшаш манзилини бериб, пулнинг қолганини топишга ваъда беради. Орадан кўп вақт ўтмай «адвокат» унинг уйига қора рангли «Малибу» автомашинасида боради. Бу «мижоз»ни ишонтиришнинг яна бир фирибгарона усули эди.
— Кечаги пулингиз камлик қилади, мен ишларни бошлаб юбордим. Агар қолганини бермасангиз, ишни тўхтатаман, — дея шарт қўяди у.
Бу гапни эшитиб, хонадон соҳибаси шошиб қолади.
— Йўқ, ишни давом эттираверинг, мен бугуноқ пул топиб бераман.
Шундан сўнг Ҳанифа Назирова қизи Ҳафизадан 1 800 АҚШ долларини қарзга олиб, фирибгарга бериб юборади. Ўтган йилнинг 5 январь куни сохта адвокат Ҳ. Назировага қўнғироқ қилиб, суд мажлиси 13 январга тайинлангани ва пулнинг қолганини ҳам тайёрлаб қўйишни айтади. Лекин Ҳ. Назирова ўша кунгача пул топиб беролмайди. Шу сабабли И. Давронов яна телефон қилиб, пулни етказиш зарурлигини ва суд мажлиси 18 январь кунига қолдирилганини билдиради. Ҳанифа Назирова 14 январь куни Андижон вилоятидан Тошкент шаҳрига қатнайдиган киракаш ҳайдовчилар орқали яна 2 500 АҚШ долларини И. Давроновга бериб юборади.
18 январь куни суд бошланишига ишонган Ҳ. Назирова фарзандлари билан бир кун олдин Тошкент шаҳрига етиб келади. У И. Давроновга қўнғироқ қилиб, қаерда учрашиш мумкинлигини сўраганда, у автоҳалокатга учрагани учун учрашолмаслигини айтади.
Эртаси куни суд мажлиси бўлмагани ва «адвокат» телефонини ўчириб қўйгани маҳкумнинг яқинларини жуда ажаблантиради. Шунга қарамай, улар Бўстонлиқ туманининг «Товоқсой» қўрғонида жойлашган жазони ижро этиш колониясига бориб, Жасур билан учрашишади. Сўнгра «адвокат»нинг паспорт нусхасида қайд этилган манзил бўйича уни излаб боришади.
Лекин у манзилдаги уй сотилган бўлиб чиқади. Шунда маҳалла фуқаролар йиғини раиси уларни Илҳом Давроновнинг холасининг уйига бошлаб боради. Ўз навбатида, холаси И. Давроновнинг акаси Бегали Давроновнинг манзилини беради. Бегали укасининг қаерда эканини билмаслигини айтади. Тоқати-тоқ бўлган аёл алданганини англаб етгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади. Шундан сўнг И. Давроновга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Албатта, ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар. Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди судланувчини жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш имкони йўқ, деган хулосага келди ва уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Суд жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ ва Чилонзор тумани судларининг тайинланган жазоларини ҳам инобатга олди. Қолаверса, суд ҳукмида айбдордан жабрланувчга етказилган 5 000 АҚШ доллари миқдоридаги зарарни ундириш ҳам белгиланди.
Баён этилгани каби фирибгарлик жиноятлари одамларнинг соддалиги ва ҳуқуқий билимининг етишмаслиги оқибатида содир этилади. Шу боис жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамиша долзарб вазифа бўлиб қолаверади.
Ўктам ХОЛИҚОВ,
жиноят ишлари бўйича
Зангиота тумани суди раиси,
Саидаҳрор УМАРОВ,
Тошкент вилояти
суди судьяси
Фикр қолдириш