«УДДАБУРОН» КАССИР МИЖОЗЛАР ВА БАНК МАБЛАҒЛАРИНИ ТУЯ ҚИЛДИ

Қибрай туманида яшовчи 22 ёшли Умархўжа Турғунхўжаевга (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2019 йилнинг 9 апрелида ишонч билдирилиб, ХАТБ «Davr Bank»нинг Мирзо Улуғбек тумани филиали чакана хизматлар бўлими кассири лавозимига ишга қабул қилинди. Буни таъкидлашдан мақсад шуки, бу лавозим ҳар бир ходимдан алоҳида масъулияти талаб этади. Шу маънода айтганда, У.Турғунхўжаев аввалига зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб, фаолият юритди. Аммо кейинчалик нафс қутқусига учиб, тўғри йўлдан адашди.

Гап шундаки, У. Турғунхўжаев 2020-2021 йиллар давомида жисмоний шахслар томонидан турли мақсадларда амалга оширилган тўловларни қабул қилиб олиб, уларга тўлов банк кассасига кирим қилингани тўғрисида имзо ва муҳр билан тасдиқланган чипталарни тақдим этади. Аммо пул маблағини айланма кассага кирим қи­лиш ва банк балансининг те­гишли ҳисобварақларида қайд этишга келганда, масъу­лиятсизликка йўл қўя­ди.

Қолаверса, тўлов чипталарининг иккинчи нусхасини «АБС» банк дастурига кирим қилиш учун назоратчи ходимга топширмай 301 нафар фуқаро томонидан тў­ланган 430 102 562 сўм ва 100 АҚШ долларини ўз эҳтиёжлари учун ўзлаштириб юборади.

У. Турғунхўжаев 2021 йил 27 март куни халқаро пул ўтказмалари бўйича нақд ёки нақд­сиз пул маблағини жўнатиш ва қабул қилиш хизмати учун талаб кўпайгани тўғрисида банк филиали бошқарувчиси Д. Тошпўлатовга хабар беради. Натижада Марказий банк бошқарувининг 2018 йил 28 апрелдаги «Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йў­риқ­номани тасдиқлаш ҳа­қи­­да»ги қарори талабларига зид равишда мадад пулларини олиш учун ёзма буюртманома расмийлаштирмай, чиқим касса ордерига филиал бошқарувчиси, бош ҳисобчи Э. Равшанов ва кассир С. Йўл­дошевга им­зо қўйдириб, филиалнинг 40 000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилади.

Маълум бўлишича, У. Тур­ғунхўжаев 2021 йил март ойи­нинг бошларида Тошкент шаҳрида яшайдиган Мафтуна Мирҳамдамова билан Телеграм ижтимоий тармоғи орқали танишиб қолади. Бу танишувдан сўнг улар ўртасида илиқ муносабат пайдо бў­лади. Бир куни ўзаро суҳбат асносида Мафтуна унга автомашина ҳайдаш орзуси борлигини айтиб қолади.

— Ҳайдовчилик гувоҳномаси олганман. Лекин автомашинам йўқ, — дейди у нозланиб.

Унинг бу гапини эшитиб, У. Турғун­хўжаев ўйланиб қолади. Яъни у бундан ўзининг ғараз мақсадини амалга ошириш йўлида фойдаланишни кўзлайди. Аниқроқ айт­ганда, банкдан «орттирган» даро­мад­ларини қонунийлаштириш мақсади-да, у «OLX.uz» ва «AVTOELON.uz» интернет сайт­ларига кириб, сотувга қўйилган автомашиналарни кўздан кечиради.

Пировардида унга Шаҳбоз Маҳмуджоновга тегишли 2013 йилда ишлаб чиқарилган, қора рангли «CAPTIVA» автомашинаси маъ­қул тушади. У «CAPTIVA»­ни 16 100 АҚШ долларига сотиб олади ва Яккасарой туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ҳузурида маъшуқасининг номига расмийлаштиради. Шу йўл билан жиноий фаолиятдан олинган даромадини легаллаштиради. Бироқ 2021 йил 26 март куни қинғир ишнинг қийиғи чиқиб қолади.

Қандай қилиб дейсизми?

Гап шундаки, 26 март куни банк филиали бошқарувчиси Д. Тошпўлатов бир мижоз томонидан муддати ўтган кредит қарздорлигига йўл қўйилганини аниқлайди. Аммо мижоз банк­ка келиб, бу англашилмовчилик экани, чунки тў­ловларни ўз вақтида амалга оширганини ишонч билан таъкидлайди.

Шундан сўнг суриштириб кўрилганда, У.Турғунхўжаев унинг ипотека кредити учун бошланғич тўлов сифатида амалга оширган 147 миллон сўм маблағини 8 кун аввал қабул қилиб олган, аммо банк­ка кирим қилмагани маълум бўлади.

У. Турғунхўжаев вазиятдан чиқиш учун гўёки ушбу маблағни кирим қилиш ёдидан кўтарилганини баҳона қилади. Табиийки, уш­бу ҳо­лат юзасидан зудлик билан банк бош­қарувига хабар берилади. Натижада У. Турғунхўжаевга нисбатан ишончсизлик билдирилиб, уни лавозимидан озод қилиш зарурлиги тўғрисида таклиф берилади. Қолаверса, ўша куни 40 000 АҚШ доллари миқдоридаги камомад ҳам фош бўлади. Шундан сўнг банк филиал томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага тақдим этилади.

Албатта, шундан сўнг У. Тур­ғунхўжаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Судга оид хатшунослик экспертизасининг 2021 йил 19 майдаги 490-сонли экспертиза хулосасига кўра, У. Тур­ғунхўжаев номига 2021 йил 27 мартда расмийлаштирилган 40 000 АҚШ долларлик чиқим касса ордерининг «нақд пул олувчи шахс имзоси» устунидаги имзо унга тегишли экани аниқланган. «Gamma Valua­tion» масъу­лияти чекланган жамиятининг 2021 йил 28 апрелдаги транспорт воситасини баҳолаш экспертизаси ҳисоботига кўра, «CAPTIVA» русумли транспорт воситасининг ўртача бозор баҳоси 184 878 000 сўм­ни ташкил қилган.

Яқинда мазкур жиноят иши жи­ноят­ ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида кўриб чиқилди.

— У. Турғунхўжаев менга Америка фуқароси экани, экс­порт ишлари би­лан шуғулланиши, ойлик маоши йигирма минг долларни ташкил этиши, вақтинча «Давр банк»нинг Мирзо Улуғбек тумани филиалида ишлаётганини айтганди. Аммо автомашина учун тўланган маблағни банкдан ўзлаштирганидан хабарим йўқ, — деди М. Мир­ҳамдамова суд мажлисидаги кўрсатмасида.

Суд жараёнида бошқа гувоҳларнинг кўрсатмаси ва тергов жараёнида тўпланган далиллар билан У. Турғунхўжаевнинг қилмишлари тўлиқ исботини топди. Шу боис суд уни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 243-моддаси билан айбдор деб топиб, муайян муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, суд ҳукмида судланувчидан банк филиалига етказилган 645 878 398 сўм моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди. Қолаверса, «CAPTIVA» русумли автомашина ҳам банк филиалига етказилган моддий зарарни қоплашга қаратилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ноқонуний топилган мўмай даромад ёки орттирилган бойлик ҳеч кимга ҳеч қачон буюрмаган. Буни судланувчининг аянчли қисматидан бохабар бўлгач, яна бир карра англаш мумкин.

Муҳаммад ҚАЮМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани

суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: