ДАСТЛАБКИ ЭШИТУВ ИНСТИТУТИ ҚАНДАЙ ПРОЦЕССУАЛ ЖАРАЁН ВА УНИНГ МАҚСАДИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 майдаги «Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, суд жараёнида ишларнинг ошкора кўрилиши, тортишувлик тамойилини тўлиқ жорий этиш мақсадида жиноий процессуал қонунчиликка 2021 йил февраль ойидан дастлабки эшитув институти киритилди.
Хўш, дастлабки эшитув институти қандай процессуал жараён ва унинг мақсади нималардан иборат?
Бу саволларга жавобан шуни айтиш керакки, дастлабки эшитув жиноий иш юритувнинг судгача бўлган жараёни ва судлов жараёни орасидаги чегарани белгилайди. Дастлабки эшитув суд муҳокамасига тайёргарлик кўриш билан бирга:
фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари бузилиши;
уларнинг суд ва тергов органлари идоралари орасида қатнаб беҳуда вақт сарфлаши;
процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун давлат томонидан ажратилган маблағлар мақсадсиз йўналтирилиши;
процессуал муддатларни сабабсиз чўзилишининг олдини олиш натижасида қонуний ва асосли қарор қабул қилишга ёрдам берадиган босқич ҳисобланади.
Мамлакатимиз Конституцияси ва қонунчилик талабига мувофиқ, қонун олдида ҳамма тенгдир.
Бош қомусимизда ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хаттиҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Ушбу олий қадрият фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда асосий устун ҳисобланади.
Жиноят кодексига асосан, жиноят содир этган шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга.
Ушбу тамойил Жиноят-процессуал кодексида ҳам белгилаб қўйилган.
Кодекснинг 16-моддасида қайд этилганидек, жиноят ишлари бўйича одил судлов фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.
Ҳар қандай жараён — хоҳ у ҳаётий бўлсин, хоҳ соҳавий бўлсин — ўз камчиликлари, хатоликлари устида ишлайдиган, уларни бартараф этиб, олдини оладиган механизмларига эга бўлиши лозим. Ушбу қонуният жиноий иш юритувига ҳам тааллуқлидир.
Дастлабки эшитув институтининг мақсади — суд мажлисида йўл қўйилиши мумкин бўлган процессуал қонун бузилишларининг олдини олиб, жиноят ишини очиқ суд мажлисида мукаммал кўриш учун тайёрлашдир.
Жиноят-процессуал қонунчиликнинг устувор вазифаларидан бири жиноятларни тез, сифатли ва тўлиқ очишдир. Шу билан бир қаторда, бу вазифалар жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо тайинлаш ҳамда айби бўлмаган шахснинг жавобгарликка тортилиши ва ҳукм қилинишининг олдини олиш, айбдорни фош этиш ва бу борадаги қонунларни тўғри татбиқ этилишидан иборат.
Жиноят ишларини юритишнинг жиноят-процессуал қонунларда белгиланган тартиби қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятларнинг олдини олиш, шахс, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя этишга ёрдам қилиши лозим.
Хорижий давлатлар амалиётида шахс, давлат ва жамият манфаатларини самарали ҳимоя қилишга ёрдам берадиган дастлабки эшитув институтининг бош мақсади қонунийликни мустаҳкамлаш, айби бўлмаган шахснинг жавобгарликка тортилиши ва ҳукм қилинишининг олдини олишдан иборатдир.
Шу билан бирга, ушбу институт суриштирув ва тергов органлари фаолияти устидан суд назоратини амалга оширади. Ушбу жараёнда иш юзасидан далиллар мажмуаси етарлилиги ва мақбуллиги ўрганилади.
Қонунчиликка киритилган ўзгартиришга мувофиқ, судья эндиликда жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш тўғрисидаги хулосага келиши талаб этилади. Шу билан бирга, у мазкур иш юзасидан дастлабки эшитувни ўтказиш учун асослар бор-йўқлиги ҳақидаги масалани ҳам ҳал килиши лозим бўлади.
Дастлабки эшитув тарафларнинг илтимосига кўра ёки суднинг ўз ташаббуси билан ўтказилади. Миллий қонунчилигимизга биноан дастлабки эшитув:
жиноят иши бўйича иш юритишни тўҳтатиб туриш;
иш юритишни тугатиш;
жиноят ишини прокурорга юбориш;
жиноят ишини бирлаштириш;
номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш учун асослар бўлган тақдирда ўтказилиши кўзда тутилган.
Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув судья томонидан жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни тайинлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган пайтдан эътиборан беш суткадан кечиктирмасдан бошланиши керак.
Унинг давомийлиги бошланган кундан эътиборан ўн суткадан ошмаслиги лозим.
Дастлабки эшитув судья томонидан ёпиқ суд мажлисида, якка тартибда ўтказилади. Суд мажлисида айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва давлат айбловчиси иштирок этиши шарт.
Жаҳон амалиётида кенг қўлланиб келаётган дастлабки эшитувнинг самарали томонини кўрсатиб берувчи ҳолатлардан бири айнан ушбу жараёнда мавжуд бўлган номақбул далилларнинг чиқарилиши ва келгусида улардан айблов учун асос сифатида фойдаланмаслик саналади.
Далиллар қонунга хилоф усуллар билан ёки жиноят процесси иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилган ёки уларнинг ҳуқуқларини чеклаган ва қонун нормаларини бузган ҳолда олингани исботланса, ушбу далил ўзининг юридик кучини йўқотади.
Бундай далил ҳукм ёки бошқа суд қарорига асос бўлиши мумкин эмас.
Қонунчиликка мувофиқ айбланувчи, ҳимоячи ва давлат айбловчиси жиноят иши материалларидаги ҳар қандай далилни, агар улар номақбул далиллар деб ҳисобланса, чиқариб ташлаш тўғрисида илтимоснома беришга ҳақлидир. Ушбу ҳолат дастлабки эшитувда иштирок этувчи айбланувчи ва унинг ҳимоячисига катта процессуал имконият яратади.
Бошқача айтганда, дастлабки эшитув ҳимоя тарафига ўзининг иштирокида жиноят ишини асосий суд мажлисида кўришга монелик қилувчи ҳолатларни аниқлашга ҳамда айблаш учун етарли далиллар бўлмаган шахслар жавобгарликка тортилишининг олдини олишга ёрдам беради. Бу эса, судда том маънода ошкоралик ва тарафлар тортишувини юзага келтиради.
Айнан дастлабки эшитув тарафлар тортишувини жонлантириб, айблов органи жиноят ишини судда кўриш учун жиддий тайёрланишини таъминлайди. Бу, ўз навбатида, «ишдаги камчиликларни суд ўзи тўғрилаб олади» қабилидаги эскича қолиплардан воз кечилишига олиб келади.
Дастлабки эшитув амалиётидан самарали фойдаланиб келаётган аксарият мамлакатларда судьянинг дастлабки эшитув борасида қабул қилган қарори устидан шикоят келтириш ҳуқуқи мавжуд эмас. Бинобарин, шикоят қилиш ҳуқуқи шахснинг конституциявий ҳуқуқларидан биридир.
Шу маънода, миллий қонунчилигимизда дастлабки эшитув институти амалиётга жорий этилиши билан бирга, фуқароларнинг шикоят келтириш билан боғлиқ узвий ҳуқуқлари ҳам таъминлангани эътиборга моликдир.
Зеро, эндиликда дастлабки эшитув натижасида қабул қилинган ажримдан норози бўлган тарафлар ажрим устидан етмиш икки соат ичида апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин.
Наргиза Шарипова,
жиноят ишлари бўйича
Наманган тумани суди судьяси
Фикр қолдириш