ТАРИХИЙ АДОЛАТ ВА ҲАҚИҚАТ ТИКЛАНДИ
Олий судда мустабид тузум даврида қатоғон қурбони бўлган ва ҳозирга қадар иши қайта кўриб чиқилмаган 120 нафар шахс оқланди
Янги йил Ўзбекистон Президенти илгари сурган «Инсон қадри учун» тамойилини мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида кенг татбиқ этишга қаратилган янгиланиш ва бунёдкорлик кайфияти билан бошланди. Буни, жумладан, юртимиз суд-ҳуқуқ тизими фаолиятидаги эзгу ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Хусусан, 2022 йил 6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида мустабид тузум даврида қатағон қурбони бўлган 120 нафар шахсга оид жиноят ишлари кўриб чиқилди ҳамда уларнинг барчаси оқланди.
Бунга қадар 2021 йил 25 август куни ҳам Олий судда кўрилган жиноят ишлари доирасида совет даврида қатағон этилган 115 нафар шахс оқланганини таъкидлаш лозим.
Бу, аввало, собиқ шўролар тузуми даврида қатағон қилинган ватандошларимизнинг пок номларини оқлаш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганидан далолат беради. Шунингдек, айни йўналишдаги ишларимизнинг тизимли ва бардавом эканини амалда тасдиқлайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида халқимизнинг миллий ўзликни англаш, янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида қўяётган қутлуғ қадамлари мукаррам инсон зотига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, инсон хотирасига нисбатан адолат ва ҳақиқатни қарор топтиришдек эзгу амаллар билан узвий боғлиқ бўлиб, келгусида халқимиз манфаатларига хизмат қилади.
Ҳаракатлар стратегиясидан — ТараҚҚиёт стратегияси сари
Мамлакатимизда кейинги беш йилда Ҳаракатлар стратегияси ҳаётимизнинг барча соҳаларига изчил жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши ҳам ана шу дастурулмал ҳужжатнинг мевасидир.
Фармойишга мувофиқ, қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ишчи гуруҳнинг таркиби тасдиқланиб, асосий вазифалари белгилаб берилди.
Уларга қатағон қурбонлари номларини аниқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратилди. Энг асосийси, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасаларининг юқори малакали мутахассислари, экспертлар, шунингдек, хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналаримиз вакилларини жалб этиш ҳуқуқи берилди.
Маълумки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида йиллар давомида амал қилиб келган «Давлат — жамият — инсон» тамойили «Инсон — жамият — давлат» тамойилига ўзгартирилмоқда. Шу маънода, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимининг фаолияти Ҳаракатлар стратегиясига қанчалик мос ва мутаносиб равишда амалга оширилган бўлса, Тараққиёт стратегияси талабларига ҳам шунчалик уйғун ва ҳамоҳанг экани яққол намоён бўлмоқда.
Шундай экан, Тараққиёт стратегиясининг тасдиқланиши ва муваффақиятли амалга оширилиши Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали инсон қадрини улуғлашга қаратилган улкан мақсад ва вазифаларимизга эришиш имконини беради.
Жадидлар ким эди?
ХХ асрнинг бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларини байроқ қилиб, кураш майдонига мардона чиққан. Бу «жадидчилик» ҳаракати деган ном билан машҳур бўлган.
Аслида бу улуғ зотларнинг мақсади — жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолган Туркистон халқини дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига, яъни янги тараққиёт манзилига олиб чиқишдан иборат эди.
Жадид боболаримиз ташкил этган янги усулдаги мактаблар, театр, кутубхона ва музейлар, газета ва журналлар, Туркистон фарзандларини чет элларга ўқишга юбориш мақсадида тузилган хайрия жамиятлари халқимизни неча асрлик ғафлат уйқусидан уйғотиб, миллий озодлик ҳаракати учун беқиёс куч берган.
Аммо юртимизда большевиклар диктатураси ўрнатилгач, чор мустамлакачилик сиёсати янгича шаклда давом эттирилди. Бу эса, маърифатпарвар боболаримизга ўз мақсад-муддаоларини тўлиқ амалга ошириш имконини бермади.
Энг ачинарлиси, маърифатпарвар аждодларимиз шаъни «босмачи» деган ноҳақ тавқи лаънат билан топталди. Шу боис, бугунги чиқишларимизда «босмачилик» сўзини нима сабабдан қўштирноқ ичида ёзишимизни мухтасар изоҳлаймиз.
Гап шундаки, босмачилик — Туркистонда совет ҳокимияти ва босқинчи қизил армияга қарши курашган қуролли ҳаракатга шўро ҳукумати даврида берилган расмий ном. Бинобарин, «босмачи» ва «босмачилик» иборалари 1919 йилнинг ўрталаридан бошлаб аввал вақтли матбуот, сўнгра расмий ҳужжатларда кенг ишлатилган.
Ушбу иборалар миллий озодлик ҳаракатининг моҳиятини сохталаштириш, аждодларимизнинг совет режими ва большевиклар ҳукмронлиги ҳамда қизил армиянинг босқинчилик сиёсатига қарши қаршилик курашларини ниқоблаш учун ўйлаб топилган. Бу тушунчалар «бандитлик», «қароқчилик» деган сўзлар билан асоссиз равишда бир қаторга қўйилган.
Шукрки, ўша аждодларнинг эзгу орзу-ниятлари халқимизнинг қон-қони, тарихий хотирасида сақланиб қолди ва ҳануз яшамоқда. Бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган «Янги Ўзбекистон» ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимизнинг орзу-интилишлари ва армонлари мужассам.
Шу маънода, Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб, азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таҳсинга лойиқ.
ИНСОН — АЗИЗ, ХОТИРА — МУҚАДДАС!
Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги фармойишига кўра, Қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Унда 5 та йўналишда 32 та вазифа белгиланган.
Бу борада давлат ҳокимияти идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари ана шундай тизимли ишларни изчил амалга ошираётган бир пайтда Олий суд томонидан ҳам қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича бир қатор муҳим натижаларга эришилганини қайд этиш керак.
Авваламбор, қатағон қурбонларининг номларини аниқлаш борасида изланишлар кўламини кенгайтириш учун масъулларга Олий суд архивидаги мавжуд ҳужжатлардан фойдаланиши учун шароит яратилди.
Қолаверса, бу борадаги тегишли ҳужжатларни ўрганиш зарурати туғилган тақдирда, мутахассислар ишлаши учун Олий суд идоравий архивида алоҳида хона ташкил этилди.
Энг муҳими, «Йўл харитаси»да Республика ишчи гуруҳи, Олий суд ҳамда мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра, реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш вазифаси юклатилган.
Мазкур вазифа ижроси доирасида ўтган қисқа даврда қатағон қурбонлари реабилитацияси бўйича масала ўрганилиб, бу борадаги таклифлар Республика ишчи гуруҳига кўриб чиқиш учун юборилди. Олий суд ва қуйи судлар томонидан ҳудудлардаги барча архивларда қатағон қурбонларига оид ишлар инвентаризация қилиниб, оқланган 1 минг 868 нафар шахснинг рўйхати вилоятлар кесимида шакллантирилди ҳамда Республика ишчи гуруҳига тақдим этилди.
Шунингдек, Олий суд раисининг 2021 йил 9 февралдаги Фармойишига биноан, муайян сабабларга кўра, реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича ишларни амалга ошириш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди. Бундан ташқари Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, Республика ишчи гуруҳи аъзоси Б. Ҳасанов томонидан мустабид шўро тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирги кунга қадар оқланмаган шахслар рўйхати тақдим қилинган бўлиб, Олий судда ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан ушбу ҳужжатлар ўрганиб чиқилмоқда.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва «Шаҳидлар хотираси» жамоат фондининг илмий ходимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида мустабид тузум даврида ноҳақ қатағон қилинган, бироқ муайян сабабларга кўра, оқланмай келаётган кўплаб шахслар аниқланди. Улар асосан, йирик диний уламолар, Бухоро амири, Хива хони яқинлари, юқори ҳарбий ва фуқаролик амалдорлари, миллий истиқлол кураши қатнашчиларидан иборат шўро мафкурасини қабул қилмаган инсонлардир.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи Президентимизнинг тегишли фармойиши ижроси юзасидан тузилган «Йўл харитаси»нинг 10-бандига биноан, мустабид совет тузуми даврида қатағон қилинган бир гуруҳ ватандошларимизни оқлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат билан чиқди. Натижада 2021 йил 25 август куни Олий судда кўрилган жиноят ишлари доирасида совет даврида қатағон этилган 115 нафар шахс оқланди.
Музей томонидан қилинган иккинчи мурожаат асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий судга яна юздан ортиқ қатағон қурбонларини оқлаш хусусида протест киритди. Жорий йилнинг 6 январида Олий судда бўлиб ўтган суд жараёнида жами 5 та жиноий иш кўриб чиқилди.
ОҚланганлар кимлар эди?
Биринчидан. Ўрта Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) ҳайъатининг 1925 йил 4 сентябрдаги махсус йиғилиш қарорига кўра, Мирза Ибрагимов Мир Ахур ва бошқалар (жами 43 киши) ЎзССР Жиноят кодексининг 61-моддаси асосида жазоланган. Хорижий мамлакатлар ёки ижтимоий гуруҳлар фойдасига оғиш юзасидан айблов чораларини кўзда тутадиган ушбу моддага кўра, улар совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этишда айбланган.
Бу юртдошларимизга, шунингдек, ЎзССР Жиноят кодексининг 67-моддасига асосан аксилинқилобий ташкилотларга аъзолик қилиш ва 69-моддага биноан инқилобий ҳаракат ва пролетариат синфига қарши фаол ҳаракат ёки курашиш айблари ҳам юкланган. Яъни улар фуқаролар уруши вақтида аксилинқилобий ҳукумат тузишда айбли деб топилиб, сургун жазосига ҳукм қилинган ва уларга тегишли мол-мулки мусодара этилган.
Иккинчидан. БДСБ доимий вакили ҳузуридаги Учлик йиғинининг 1930 йил 24 январдаги қарорига кўра, Аппах Ходжа Асқар Ходжаев ва бошқалар (жами 40 киши) ЎзССР Жиноят кодексининг 78-моддасига мувофиқ, бандитизмда айбланган. Улар совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли деб топилиб, сургун ва энг оғир жазо — отишга ҳукм қилинган ва мол-мулки мусодара қилинган.
Учинчидан. БДСБ доимий вакили қошидаги Учлик кенгашининг 1930 йил 24 мартдаги баёнига кўра, Абдурахимов Мирза Ходжа ва бошқалар (жами 15 киши) ЎзССР Жиноят кодексининг 67 ва 78-моддаларига кўра, аксилинқилобий махфий ташкилотни тузганликда ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли деб топилган. Улар ҳам сургун қилинган, отилган ва мол-мулки мусодара бўлган.
Тўртинчидан. БДСБ доимий вакили қошидаги Учлик кенгашининг 1930 йил 25 январдаги баёнига кўра, Мансурбеков Муҳаммад Содиқ ва бошқалар (жами 5 киши) ЎзССР Жиноят кодексининг 67 ва 78-моддаларига асосан, аксилинқилобий махфий ташкилот тузганликда ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли, деб топилган. Улар Ўрта Осиёдан сургун қилиниб, мол-мулки мусодара этилган.
Бешинчидан. БДСБ доимий вакили қошидаги Учлик кенгашининг 1930 йил 19 мартдаги баёнига кўра, Сафаров Тоғай Амин ва бошқалар (жами 12 киши) ЎзССР Жиноят кодексининг 67 ва 78-моддаларига мувофиқ, аксилинқилобий махфий ташкилот тузганликда ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли деб топилган ва оғир жазоларга дучор этилган.
Олтинчидан. РСФСР Олий Инқилобий трибунали Туркистон Совет Республикаси Марказий Ижроия қўмитасининг 1921 йил 23 декабрдаги ҳукмига кўра, Шариф Ходжаев Садриддин Хон ва бошқалар (5 киши) ЎзССР Жиноят кодексининг 67 ва 78-моддаларига асосан, аксилинқилобий махфий ташкилот тузганликда ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли, деб топилган. Афсуски, уларни ҳам юқорида тилга олинган ва ҳамюртларимиз дучор этилган аччиқ қисмат ўзининг шафқатсиз қаърига тортган.
Барча айбланувчиларга нисбатан жиноят ишлари ҳужжатлари ўрганилганда, уларнинг айбдорлиги суд ҳукми билан аниқланмасдан туриб, судсиз жиноий жавобгарликка тортилганини кўриш мумкин. Зеро, иш ҳужжатлари уларнинг ўз даврида ватан ҳимояси, юрт мустақиллиги, дини, эътиқоди, маданияти ва миллат ғурури учун курашганликларини тасдиқлайди.
Шунингдек, дастлабки тергов даврида жиноят ишида айбланувчи тариқасида ўтган барча шахслар дастлаб айбловни инкор қилиб келган бўлсалар-да, ҳибсга олингач, тайзиқлар остида айбларига иқрорлик кўрсатмаси берганликларини сўроқ баённомасида ҳам кўриш мумкин.
Бундан ташқари уларни айбдор деб топишда, ишга тааллуқли бўлган ҳолатлар атрофлича ўрганилмасдан, текшириб чиқилмасдан ва баҳоланмасдан биргина иқрорлик кўрсатмаларига асосланган ҳолда ҳукм чиқарилган.
Иш ҳужжатларида эса, айрим айбдор шахслар фақат ўзбек тилини билиб, ўз кўрсатмаларини араб алифбосида ёзишган бўлсалар-да, тергов ҳаракатлари рус тилида олиб борилиб, гўёки уларнинг кўрсатмалари ўзбек тилига таржима қилинганлиги кўрсатиб ўтилган, холос.
Ҳолбуки, жиноят ишини тергов қилган шахслар араб алифбосида ёзишни ҳамда рус тилини билганлигини тасдиқловчи бирон-бир далил мавжуд эмас. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини олиб боришга масъул бўлган шахслар томонидан ишга таржимон жалб қилинмаган.
Юқоридаги айбдор шахсларнинг жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилганида ўз она тилидан ёки таржимон хизматидан фойдаланган ҳолда кўрсатма бериш орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши чеклаб қўйилган. Бу эса, жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари бир ёқлама олиб борилганини кўрсатади.
Бундай ҳолатда Марказий Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) доимий вакили ҳузуридаги Учлик кенгашининг баёнини қонуний ва асосли деб бўлмайди. Ўрганилган жиноят ишлари бўйича уларнинг айбдорлигига оид шубҳаларни бугунги кунга келиб, бартараф этиш имконияти тугаган. Шу сабабли уларнинг жиноий ҳаракатлари тахмин ва фаразларга асосланганлиги учун айбини исботловчи далил сифатида эътироф этиб бўлмайди.
Муҳими, қанчадан-қанча Ватан фидойиларининг пок номлари тикланди.
Қатағон этилган ҳар бир шахснинг «дело»лари синчковлик билан ўрганилди ва ўрганилмоқда. Шу билан бирга, мавзуга оид «Ҳасратга инган мактублар», «Тарихнинг номаълум саҳифалари» номли китоблар нашр этилди. Ўн тўрт жилдли Хотира китоби нашрдан чиқиш арафасида.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг айни йўналишдаги оқилона ва жасоратли сиёсати туфайли, биринчи навбатда, барча махфий архивларнинг эшиклари тадқиқотчилар, олимлар, тарихчилар, ҳуқуқшунос ва мутахассислар учун кенг очилди. Мазкур соҳадаги архив ҳужжатлари наинки Тошкентда, балки бутун юртимизнинг олис ҳудудларидаги архив идораларида мавжуд экани аниқланди.
Икром МУСЛИМОВ,
Олий суд раиси ўринбосари
(“Янги Ўзбекистон” газетаси,
2022 йил 31 январь)
Фикр қолдириш