ОНАЛИК — ЮКСАК МАҚОМ

Ҳаётга енгил-елпи қараш, бебаҳо умрнинг қадрига етмаслик, айниқса, миллий қадриятларимиз асосини белгилайдиган ҳаё-андиша, ғуруру орни унутиш ҳеч қачон изсиз кетмайди. Аксинча, одамнинг умрини барбод қилиб, боши берк кўчага киритиб қўйиши тайин.

Бунга ҳаётдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, Вазира Бозор­боева­нинг (исм-шарифлар ўз­гар­тирилди) тенгқурларидан кам жойи йўқ эди. Аммо у ўрта мактабни битиргач, бирон-бир таълим даргоҳида ўқиш ёки ҳунар ўрганишни хаёлига келтирмади. Бошқача айтганда, ҳаётга енгил қараб, бетартиб турмуш кечирди, оқи­­батда ҳа­ли турмушга чиқмай туриб ҳомиладор бўлиб қолди.

Буни қарангки, у бундан ҳам тегишли хулоса чиқармай янада разил қилмишга қўл урди. Ўтган йил­­­нинг февраль ойи бошларида қиз фарзанд туғилди. Эртаси куни Ва­зира чақалоқни 30 мил­лион сўмга сотаётган пайтда ички иш­­­­­лар идоралари ходимлари томонидан жи­ноят устида қўлга олинди.

Албатта, жиноий қилмиш жазосиз қолмади. Ўз фарзандини сотган В. Бозорбоева Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қис­ми «а» банди билан айб­дор деб топилиб, суд ҳукмига кўра, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Яқинда судга халқ таълими бўлими қошидаги «Васийлик ва ҳомийлик» органи даъвогар сифатида вояга етмаган С. Бозорбоеванинг манфаатини кўз­лаб, В. Бо­зор­боева­ни оналик ҳуқу­қидан маҳрум қи­лиш тўғ­рисида даъво аризаси киритди.

Суд мажлисида халқ таълими бўлими вакили «Васийлик ва ҳомийлик» органи В. Бозорбоевага нисбатан оналик ҳуқуқидан маҳрум қи­лиш тўғрисида мурожаат қилгани ва даъвони қўл­лаб-қувватлашини билдирди.

Вакил В. Бо­зорбоева фарзандига нисбатан оналик мажбуриятини мутла­қо бажармагани, энг ёмо­ни, у ўз жигарбандини пуллашга уриниб, жиноятга қўл урганини таъкидлаб, уни оналик ҳуқу­қи­дан маҳрум қи­лишни сўради.

Мазкур фуқаролик ишида суд ҳукми билан тайинланган жазони ўтаётган В. Бозорбоеванинг эътирозномаси ҳам мавжуд. Унда В. Бозорбоева жазо муддатини ўтаб бўл­гач, қи­зини ўзи тарбиялаб, воя­­га етказишини маълум қилиб, оналик ҳу­қуқидан маҳрум этмасликни сўраган.

Суд тарафларнинг тушунтириши, ишдаги мав­­жуд ҳужжат ва далилларни атрофлича муҳокама қи­либ, оналик ҳуқу­қи­дан маҳрум қилиш тўғрисидаги даъво талабини қаноатлантиришни лозим топди. Чунки В. Бозорбоева 2021 йил 7 февралда қизини дунёга келтиргач, уни сотиш ҳа­ракатига тушган. Оқибатда Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қис­ми «а» бандига асосан суд­­­­ланиб, озодликдан маҳрум этилган. Чақалоққа туман ФҲДЁ томонидан 2021 йил 12 март кундаги далолатнома ёзу­ви асосида гувоҳнома расмийлаштирилган. Туман ҳокимининг 2021 йил 13 апрелдаги қа­рори би­лан чақалоқ «Болалар уйи»га жойлаштирилган.

Оила кодексининг 71-моддасида ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга экани, 79-моддасида ота-она (улардан бири) ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан, алимент тў­лашдан бўйин товласа, ота-оналик ҳу­қу­қидан маҳрум қилиниши ҳамда 80-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқи­дан маҳрум қи­лиш суд тартибида амалга оширилиши белгиланган.

Қисқаси, суднинг ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилди.

В. Бозорбоева қи­зи С. Бозорбоевага нисбатан оналик ҳуқуқидан маҳ­рум қилинди. Шунинг­дек, В. Бозорбоевадан «Болалар уйи» фойдасига С. Бозорбоеванинг моддий таъминоти учун то у вояга етгунига қадар ойлик иш ҳақи ва бош­қа даромадларнинг тўрт­дан бир қис­ми миқдорида али­­­мент ундирилиши белгиланди.

Фарзанд — Яратганнинг илоҳий неъмати бўлса, она­­лик юксак мақом ҳисобланади. Таассуфки, айримлар бунинг қадрига ўз вақтида етмайди.

Улар қа­чондир асл ҳақиқатни анг­лаб етиши мумкин, би­роқ унда кеч бўлади. Бу мулоҳаза В. Бо­зорбоева сингари маънавий қаш­шоқ кимсаларга тегишли бўл­са-да, ундан барча сабоқ чиқариши зарур.

Суҳроб ТУРСУНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Каттақўрғон туманлараро суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: