ФУҚАРОЛАР ВА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ҲУҚУҚЛАРИ МАЪМУРИЙ СУД ҲИМОЯСИДА
Мамлакатимиз тараққиётининг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган устувор мақсадларга эришиш олдимизда турган энг долзарб вазифадир.
Янги Ўзбекистон шароитида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш асосий масалалардан биридир.
Президентимизнинг 2021 йил 22 ноябрдаги «2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармойиши бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Унда мазкур маъмурий ислоҳотлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланган.
Шу ўринда Президентимизнинг жорий йил 29 январь куни қабул қилинган «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мазкур қарор мамлакатимизда маъмурий юстиция соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.
Конституциямизнинг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Ўз навбатида, мамлакатимизда маъмурий судларнинг ташкил этилиши Асосий қонунимизда белгиланган ушбу ҳуқуқлар самарали амалга оширилишини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан фуқаро ёки тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилганда, уларни ҳимоя қилиш маъмурий судлар томонидан амалга оширилади.
Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Дунёнинг тараққий этган мамлакатларида айнан маъмурий судлар фуқаро ёки тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ижро органлари томонидан бузилишининг олдини олишда, уларни ғайриқонуний қарорлар, ҳаракатлар ё ҳаракатсизликдан ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.
Шу муносабат билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судлар, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарур.
Бунинг учун, аввало, жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш талаб этилади.
Дарҳақиқат, суд амалиёти таҳлил қилинганда маъмурий судларда иш ҳолатларини исботлаш мажбурияти тарафларнинг ўзига юклатилгани уларни тенгсиз ҳолатга келтираётганини кўрсатди. Жумладан, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки юридик шахснинг ўз талабларини исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органларининг ресурсларига қараганда бирмунча чекланган.
Шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, оммавий-ҳуқуқий низолар бўйича суд ҳужжатлари ижро қилиш учун давлат органларига оддий хат орқали юборилади. Ушбу ҳужжатлар бўйича мажбурий ижро варақалари берилмайди.
Шу сабабли фуқаро ёки юридик шахснинг шикояти асосида чиқарилган суд ҳужжати ижроси давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилишини таъминлаш учун таъсирчан назорат механизмлари мавжуд эмас эди. Бунинг натижасида кўп ҳолатларда фуқаролар ёки юридик шахслар манфаатида чиқарилган суд ҳужжати давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ижро этилмасдан қолаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Масалан, 2021 йилда маъмурий судларнинг 5 минг 331 та қарорида давлат органларига қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича мажбурият юклатилган бўлиб, уларнинг 2 минг 905 таси, яъни 54,5 фоизи ижро этилгани ҳақида судларга тегишли ахборот берилмаган.
Ушбу ҳолатлар инобатга олинган ҳолда, Президентимиз қарорида давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган муҳим чоралар белгиланди.
Жумладан, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш назарда тутилди. Бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбурияти юкланади, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса, далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишига шароит яратилади.
Хорижий тажрибага эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда маъмурий суд томонидан ўз ташаббуси билан далил йиғиш амалиёти Германия, Грузия, Озарбайжон ва Қозоғистон каби давлатларнинг қонунчилигида мавжуд.
Қарор билан жисмоний ва юридик шахсларга одил судловга эришишда имкониятларни кенгайтириш мақсадида судга мурожаат қилишда «ягона дарча» тартиби жорий этилиши белгиланди. Фуқаро ва тадбиркорларни сарсон қилмаслик учун судга берилган даъво аризасини тааллуқли эмаслиги асоси билан қайтариш тақиқланади.
Даъво аризасини қабул қилган суднинг ўзи уни кўриб чиқиш учун ваколатли судга ўтказиши назарда тутилмоқда. Бу ҳам, албатта, фуқароларнинг судга мурожаат қилишида қулайликлар яратади, уларнинг оворагарчиликлари олди олинишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, фуқароларнинг судма-суд овора бўлишининг олдини олиш мақсадида қарорда ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга, унга сабабий боғланишда бўлган, яъни давлат органи ёки мансабдор шахс етказган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи тақдим этилди ва бундай талабларни кўриб чиқиш маъмурий судлар ваколатига ўтказилиши белгиланди.
Хусусан, 2021 йилда маъмурий судлар давлат органи қарори устидан 15 минг 146 та шикоятни кўриб чиққан бўлса, улар натижасида етказилган зарарни ундириш бўйича 4 минг 28 та иш фуқаролик ёки иқтисодий судлар томонидан кўрилган. Эндиликда мазкур ишлар ҳам маъмурий судлар томонидан асосий низо билан бирга кўриб чиқилади.
Аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, низо тарафлар ўртасида мақбул усулда ҳал қилинишини таъминлаш мақсадида қарорда фуқаро ёки тадбиркорлар шикоятлари асосида кўриладиган ишларда ярашувга эришиш механизмлари кенг жорий қилинади. Тарафларга айрим тоифадаги ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқи ҳам берилади.
Эндиликда қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганидан сўнг давлат органи суд қарори ижросини ихтиёрий равишда таъминламаганда, унинг мансабдор шахсига суд жаримасини қўллаш, суд қарори ижроси кейинчалик ҳам таъминланмаган тақдирда, дастлабки суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш назарда тутилди.
Мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши давлат органлари фаолият юритишини, фуқаро ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди. Шунингдек, маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга ҳамда маъмурий судларни ҳақиқий халқ судига айлантиришга хизмат қилади.
Шербек Назаров,
Олий суд бўлим бошлиғи
Фикр қолдириш