АСОССИЗ ДАЪВО ОРТИҚЧА ОВОРАГАРЧИЛИККА САБАБ БЎЛДИ
Амалдаги конунчиликда ер участкалари ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш қатъий меъёрлар асосида белгилаб кўйилган.
Табиийки, ушбу қонун меъёрларига риоя қилмаслик охир-оқибатда турли оворагарчиликларга сабаб бўлади. Қуйидаги мисол ҳам бунинг исботидир.
Термиз шаҳридаги Мудофаа вазирлигининг 12-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчасига қарашли ер майдонида ҳарбий хизматчилар учун кўп қаватли хизмат турар-жойлари қуриш режалаштирилган. Бироқ Термиз шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ер танлаш ва ажратиш комиссиясининг 2019 йил 23 апрелдаги 180-сонли далолатномасига биноан мазкур ер майдонининг 1 800 квадрат метр қисми қонунга зид равишда «SHIRINTOYLAR TA’LIM MUASSASASI» масъулияти чекланган жамиятига хусусий нодавлат мактабгача таълим биносини қуриш учун ажратиб берилган. Шу боис Жанубий-ўарбий махсус ҳарбий округи Жанубий оператив қўмондонлиги Термиз ҳокимлигига ёзма равишда мурожаат қилиб, ушбу қонунбузилиш ҳолатини бартараф этишни сўраган.
Шундан сўнг Термиз шаҳар ҳокимлиги ҳолатни қайта ўрганиб чиқиб, ҳокимлик ҳузуридаги ер танлаш ва ажратиш комиссиясининг хатосини тан олган ҳолда 1 800 квадрат метр ер майдонини ажратиш ҳақидаги 1182-сонли қарорини бекор қилган. Бир қарашда хатолик тўғирланиб, муаммо ҳал этилгандек туюлади. Афсуски, амалда бундай бўлмади.
Гап шундаки, масъулияти чекланган жамият раҳбари Ж. Одинаева мансабдор шахсларнинг бу каби хатти-ҳаракатларини ўзига нисбатан ноҳақлик деб ҳисоблади ва Термиз шаҳар ҳокимининг қарорини бекор қилишни сўраб, судга даъво аризаси киритди.
Термиз туманлараро маъмурий судида баён этилган ҳолатлар ва тегишли ҳужжатлар батафсил ўрганиб чиқилди. «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 59-моддаси 1-қисмига мувофиқ, маъмурий ҳужжат манфаатдор шахснинг аризаси ёки маъмурий шикоятига кўра, маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий орган, юқори турувчи маъмурий орган томонидан, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа органлар томонидан ҳам бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Қолаверса, ушбу модданинг 7-қисми 3-хатбошида манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг ғайриҳуқуқийлигини билган ёки ўз айбига кўра, бу ҳақда билмаган бўлса, ҳимоя қилинмайди, дея қайд этилган.
Ана шу қонун талабларига таянган суд даъво аризасини асоссиз деб топди ва уни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Аммо бундан норози бўлган масъулияти чекланган жамият раҳбари Ж. Одинаева Сурхондарё вилояти маъмурий суди судлов ҳайъатига аппеллация тартибида шикоят қилди. Судлов ҳайъати апелляция шикоятини қаноатлантирмади ва биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирди.
Таъкидлаш жоизки, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат, албатта, салбий оқибатга олиб келади. Ж. Одинаеванинг асоссиз даъвоси ҳам ортиқча оворагарчиликларни келтириб чиқарди. Агар ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланишда қонун талабларига риоя қилинганда, ортиқча оворагарчиликларга ўрин қолмас эди. Зеро, мамлакатимиз Конституциясининг 20-моддасига мувофиқ, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахслар, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларига путур етказмаслиги керак.
Шу маънода баён этилган воқеа тафсилотидан мутасаддилар ҳам, фуқаролар ҳам бирдек хулоса чиқариши зарур.
Раҳматулла ҒУЛОМОВ,
Сурхондарё вилояти
маъмурий суди раиси,
Абдунаби Бобоёров,
журналист
Фикр қолдириш