КАФОЛАТЛИ ВА САМАРАЛИ ҲИМОЯ: МАЪМУРИЙ СУДЛАР ТОМОНИДАН ҲАЛ ЭТИЛАДИГАН ИШЛАР ТОИФАСИ КЕНГАЙМОҚДА
Президентимизнинг шу йил 29 январда қабул қилинган «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида маъмурий судларда иш юритишнинг янги принциплари белгиланди.
Унда маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши қайд этилган.
Ушбу қарорнинг 2-бандида Олий судга Судьялар олий кенгаши ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган бир қатор тартиблар процессуал қонун ҳужжатларида белгиланишини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Қарорга мувофиқ, келгусида маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратилади.
Президентимиз томонидан белгилаб берилаётган ушбу тамойил Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 2-бобида белгиланган маъмурий суд ишларини юритишнинг 9 та принципига яна 1 та янги принципни киритиш учун асос бўлади.
Қарорда белгиланган муҳим вазифалардан яна бири ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказишдир.
Амалдаги тартибга кўра, оммавий-ҳуқуқий низо маъмурий судга кўрилгандан сўнг ҳуқуқи бузилган шахс маъмурий суднинг қарорини асос қилиб, фуқаролик ишлари бўйича ёки иқтисодий судга зарарни ундириш ҳақидаги даъво талаби билан мурожаат қилиши талаб этилади.
Киритилаётган ўзгариш ана шу талабни бекор қилиш орқали оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга, унга ҳуқуқи бузилган шахснинг ортиқча вақт сарфлаб, турли хил судларда сарсон бўлишининг олди олишга хизмат қилади.
Ҳеч кимга сир эмаски, суд қарорларининг сўзсиз ижро этилиши адолат ва қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим мезонларидан бири ҳисобланади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, амалдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси бешинчи қисмида қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик қонунга хилоф деб топилган тақдирда суд тегишли орган ёки мансабдор шахснинг зиммасига йўл қўйилган қонун бузилишларини бартараф этиш ва ҳал қилув қарорининг ижроси тўғрисида суд ва аризачига, агар суд томонидан бошқача муддат белгиланмаган бўлса, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ой ичида хабар қилиш мажбуриятини юклаши белгиланган. Бироқ қонунчиликда бу турдаги суд қарорларини ижро этиш механизми ва суд қарорини ижро этмаган мансабдор шахсга нисбатан таъсир чораси мавжуд эмас. Шу сабабли амалиётда мансабдор шахслар томонидан маъмурий судларнинг қарорлари ҳар доим ҳам ижро этилмаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Эндиликда Президент қарори билан жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмлари жорий этилмоқда. Унга кўра:
– давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш;
– давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмагани учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;
– давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмагани учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш тартиби жорий этилмоқда.
Яна бир муаммо шундаки, Фуқаролик процессуал ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларида ушбу суд иштирокчилари учун ярашув институтини қўллаш тартиблари ўз аксини топган.
Аммо ушбу ҳуқуқий институт маъмурий судларнинг биринчи ҳамда апелляция инстанцияларида мавжуд эмас. Бу эса, маъмурий суд иштирокчиларининг ярашув институтига нисбатан бўлган ҳуқуқларини чекламоқда. Шу боис эндиликда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмлари жорий қилинмоқда. Бу билан келгусида маъмурий суд иштирокчиларининг қонунда белгиланган ҳуқуқлари яна ортади.
Қолаверса, низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш имконияти кенгаяди.
Маълумки, ҳамма ҳам юридик қонунларни мукаммал ўзлаштира олмайди ва унинг талаби айнан қайси судга тааллуқли эканини яхши билмайди.
Амалдаги процессуал қонунчилик талабларига кўра, иш тегишли судга тааллуқли бўлмаса, суд аризани иш юритишга қабул қилишни рад этади.
Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, ўтган йиллар давомида минглаб аризалар маъмурий, фуқаролик ёки иқтисодий судлар томонидан иш шу судларга тааллуқли бўлмагани сабабли иш юритишга қабул қилинмаган. Бунинг натижасида фуқаролар судма-суд сарсон бўлиб келган.
Айнан шу ҳолатларга чек қўйиш мақсадида Олий суд ва Судьялар олий кенгашининг судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмагани сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш ҳақидаги таклифи маъқулланмоқда.
Бундан ташқари маъмурий судда иш юритиш тартиби фуқаролик ишлари бўйича судда иш юритиш тартибидан фарқ қилади. Шу сабабли бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштириш тақиқланмоқда.
Қайд этилган ушбу ўзгаришлар аввало фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, улар суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.
Акмал Муродов,
Навоий вилояти
маъмурий суди раиси
Фикр қолдириш