МАНМАНЛИК ТУФАЙЛИ ОДАМЛАР КАТТА ЗАРАР КЎРДИ
Зангиота туманининг «Эшонгузар» маҳалласида яшовчи Дилафрўз Турдиева ўтган йил 14 февралдан 15 февралга ўтар кечаси уйида эмас эди. Саҳар пайти қўшнилари унга қўнғироқ қилиб, қўшни дўконда содир бўлган ёнғин унинг уйига ҳам ўтгани ҳақида хабар беришди. Д.Турдиева етиб келганда тилсиз ёв хонадонини деярли кулга айлантирган эди. Кейинчалик ёнғин тасодифан келиб чиқмагани аён бўлади.
Илгари содир этган жиноятлари учун икки маротаба судланган Жаҳонгир Турсунов (исм-шарифлар ўзгартирилган) «Бек барака» бозори яқинида балиқ ва балиқли таомлар тайёрланадиган ошхона очиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганди. Унинг ошхонасидан сал нарида Ёрқин Асқаров пишириқлар сотарди. Улар 11 февраль куни хўрандаларни чорловчи реклама воситаларининг жойлашуви юзасидан тортишиб қолишади. Бундан қаттиқ ғазабланган Жаҳонгир Ёрқиннинг «эсини киритиб» қўйиш учун муқаддам уч маротаба судланган ҳамтовоғи Санжар Собитов ҳамда номаълум шахсларни ёрдамга чақиради. Шундан сўнг ҳамтавоқлар Ё. Асқаровни аёвсиз калтаклашади. Бу ҳам етмагандек, пичоқ билан унга тан жароҳати етказишади.
— Тирик қолганингга шукур қил, — дейди Ж. Турсунов рақибига.
Ўша дамда Ё. Асқаров калтак зарбидан азобланаётгани боис унга ҳеч нарса демаса-да, кўнглида ўч олиш истаги пайдо бўлади.
Уч-тўрт кундан сўнг оёққа турган Ёрқин зўравонларга жавоб қайтаришга киришади. У ҳам худди Жаҳонгир сингари бир гуруҳ номаълум шахслар ва оғайниси Баҳром Қобиловни атрофига тўплайди. Сўнгра қўлларидаги темир жисм билан Жаҳонгир ва унинг шериги Санжар Собитовни хумордан чиққунча калтаклашади. Қолаверса, темир бўлаклари билан С. Собитов бошқарувидаги «Lacetti» русумли автомашинанинг турли жойларига уриб, шикаст етказишади.
Рақибларнинг ўртасидаги келишмовчилик шу билан якун топмайди. Жаҳл отига минган Ж. Турсунов ва С. Собитов Б. Қобиловнинг акаси Бозорбой Қобиловга тегишли бўлган юмшоқ мебеллар дўкони олдига келишади.
Улар ўч олиш мақсадида С. Собитовнинг «Лада-Нива» русумли автомашинасида бўлган 2 дона 1,5 литр ҳажмли идишдаги бензинни дўкон ичидаги юмшоқ мебелларга сепиб, ёқиб юборишади.
«Олов — тилсиз ёв», дегани рост. Ёнғин кучайгандан кучайиб, мебел дўконига туташ бўлган кўп қаватли уйнинг хонадонларини ҳам қамраб олади. Натижада Дилафрўз Турдиеванинг хонадонига 16 миллион 489 минг, Елена Лининг хонадонига 8 миллион 422 минг, Азиз Ориповнинг хонадонига 16 миллион 139 минг, Шаҳзода Сапаеванинг хонадонига 2 миллион 852 минг, Ўғилой Содиқованинг хонадонига 22 миллион 538 минг, Моҳичеҳра Юсупованинг хонадонига 3 миллион 272 минг, шунингдек, «Гаранд Буилдер» масъулияти чекланган жамиятига тегишли савдо дўконига 146 миллион 635 минг сўм миқдорда моддий зарар етади. Мебел дўконининг эгаси Б. Қобиловга етказилган зарар 904 миллион 856 минг сўмга тенг бўлган.
Албатта, ҳаётда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам жавобсиз қолган эмас.
Манманлик туфайли безорилик жиноятини содир этиб, кўпчиликка катта миқдорда моддий зарар етказган Ж. Турсунов ва С. Собитовга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди жиноятчиларни Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлади. Қолаверса, суд ҳукмига биноан жабрланувчиларга етказилган зарар ҳам ундириладиган бўлди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, киши ҳаётда юз берадиган ҳар бир воқеа-ҳодисадан тегишли хулоса чиқариши зарур. Шу маънода баён этилган воқеа тафсилотларидан бошқалар ҳам сабоқ чиқарса, фойдадан ҳоли эмас. Зеро, манманлик, ғазаб ва жиноий қилмиш ҳамиша аянчли якун топади.
Зафар ШАРОПОВ,
жиноят ишлари бўйича
Зангиота тумани суди судьяси
Фикр қолдириш