КАФОЛАТЛИ ҲИМОЯ СУДЛАР ОЛДИДАГИ АСОСИЙ ВАЗИФАДИР

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий замини яратилди. Натижада бу соҳада қонун устуворлиги таъминланиб, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги тобора ортмоқда.

Президентимизнинг яқинда қа­бул қилинган «Давлат ор­ганлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қа­рори бу борада ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур қарорга мувофиқ, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқу­қи тақдим этилди. Айниқса, бундай талабларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлар ўт­казилиши ай­ни муддао бўл­ди.

Амалдаги қонун ҳужжатлари талабига кўра, давлат бош­қаруви органлари, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўл­ган бошқа органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахс­­ларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахс­ларнинг ҳуқуқ­лари ва қонун билан қў­риқланадиган манфаатларини бузадиган қа­рор­лари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судларда кўрилади.

Худди шундай қарорлар, ҳаракат ё ҳаракатсизликлар оқибатида етказилган зарарларни ундиришга доир ишлар эса, тааллуқлигига кўра, фуқаролик ёки иқтисодий судларда кўрилиши белгиланган.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, туман давлат солиқ инспекция­сининг 2020 йил 29 июндаги қарорига асосан, қарздор «EEPL» компания­сидан (номи ўзгартирилган) 2 006 204 306 сўм миқдорида солиқ қарзини ундириш белгиланган. Ушбу қарор ижро учун Мажбурий ижро бюросининг туман бў­лимига юборилган.

Мазкур қарор ижроси юзасидан Мажбурий ижро бюроси 2020 йил 10 июлда ижро иши юритиш тўғ­­риси­да қарор қабул қи­либ, компанияга қарздорликни ихтиёрий тўлаш учун 5 кунлик муддат белгиланган.

Аммо компания қарор ижросини ихтиёрий тарзда бажармаган. Шу сабабли Мажбурий ижро бюроси томонидан 2020 йил 16 июлдаги ижро йиғимини ундириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, компания ҳисобидан иж­ро йиғими ундириб олинган.

Бундан норози бўлган компания маъмурий судга мурожаат этган.

Маъмурий суд 2020 йил 21 августда Мажбурий ижро бюросининг компаниядан иж­ро йиғимини ундириш тўғ­­ри­сидаги қа­ро­ри­ни ҳақиқий эмас, деб топиш ва асоссиз ундирилган маблағни қайтариш тўғрисида ҳал қи­лув қарори қабул қилган. Би­роқ суднинг ушбу қарори Мажбурий иж­ро бюроси томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил компания манфаатини кўз­лаб, иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Бунда Мажбурий ижро бюроси ҳамда ўазначилик бош­қармасидан компанияга етказилган 420 124 086,12 сўм миқдоридаги зарарни ундириб бериш сўралган.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 73-моддасига мувофиқ, фуқаролик ишлари бў­йи­ча суднинг ёки маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа иш­ни кў­раётган иқтисодий суд учун фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга тааллуқли бўлган ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурийдир.

Шу боис Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бў­йича судлов ҳайъатининг 2021 йил 13 августдаги қарорига асосан даъво талаби тў­лиқ қаноатлантирилган.

Ушбу мисолдан кўриш мумкинки, ўзаро боғлиқ бўлган талаб бўйича шахс ўз ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилиш мақсадида иккита судга икки маротаба мурожаат қилишига тўғри келган. Ҳолбуки, уш­бу низони бевосита маъмурий суднинг ўзида ҳал қилиш мумкин эди.

Бундан ташқари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, иқтисодий судлар томонидан чиқарилган ижро ҳужжатлари бўйича давлат ижрочисининг қарори устидан иқтисодий судга мурожаат қилиш тартиби мавжуд. Бу тартиб «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 86-1-моддасида белгиланган.

Шунингдек, ушбу қонуннинг 88-моддасига асосан, давлат ижрочисининг хатти-ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги устидан маъмурий судга мурожаат­ қилиш мумкин. Қонунчиликда бу тахлит мурожаат қи­лиш тартибларининг мавжудлиги бу борада ҳам айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.

Жумладан, иқтисодий суднинг ижро ҳужжатига асосан давлат ижрочиси томонидан қўйилган «инкассо» топшириқномасини ижро этиш мумкин эмас, деб топиш ҳақи­даги ишларни кўриб чи­қиш масаласида судлар ўртасида ягона ён­дашув мавжуд эмас.

Бу ўринда, бир томондан, «инкассо» топшириқномаси иқ­тисодий суднинг ижро ҳужжатига асосан қўйилганига эътибор берган ҳолда, мазкур тоифадаги ишлар иқтисодий суд томонидан ҳал қи­линиши лозимлиги ҳақида тўхтамга келингани мақбул, деган фикрдамиз.

Бошқа томондан, давлат иж­рочиси тадбиркорлик субъектининг ҳисоб рақамига «инкассо» топшириқномасини қў­йи­ши — бу маъмурий орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати, деганидир. Шу маънода, мазкур тоифадаги ишлар маъмурий суд томонидан ҳал қилиниши зарурлиги тўғрисидаги қа­рашлар ҳам эътиборга молик. Демак, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш зарур.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг янги қа­ро­ри суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бў­либ, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ­лари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш, халқимизни давлатдан рози қи­лишга қаратилган.

Мақсуд САИДОВ,

Тошкент шаҳар суди

раиси ўринбосари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: