ШАРТНОМА ШАРТИ МАСЪУЛИЯТНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

Бу ҳаётда тарафлар ўртасидаги шартномалар қандай кўринишда тузилмасин, у наинки ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ҳамда илиқ муносабатларни мустаҳкамлайди, балки жамият тараққиёти учун ҳам муҳим омил ҳисобланади. Бу каби жиҳатлар амалдаги қонунларда ҳам белгилаб қўйилган.

Ўз-ўзидан аёнки,  қонунларга итоат этмаслик, аниқроғи, ваъдага вафо қилмаслик оқибатда беҳуда югур-югур ва оворагарчиликларга сабаб бўлади.

Гап шундаки, «Шўртан газ кимё мажмуаси» масъулияти чекланган жа­мия­ти маъмурияти билан якка тартибдаги тадбиркор Одинахон Назарова ўртасида 2020 йил 8 июлда корхона ишчи-ходимлари учун махсус кийимлар етказиб бериш бўйича 151091-сонли шарт­нома имзоланади.

Мазкур шартномага асосан якка тадбиркор О. Назарова 128 миллион 700 минг сўмлик миқдордаги маҳ­су­лот­ни етказиб беришни зиммасига олади.

Яна шу ўринда айтиш жоизки, шарт­номада кўрсатиб ўтилганидек, ижрочи маҳсулотни банкдаги ҳисоб рақамига маблағ ўтказилгани ҳақидаги хабарни олган кундан эътиборан 5 иш куни ичида етказиб бериши керак эди.

Бироқ О. Назарова шарт­нома талабларига мутлақо риоя қилмасдан, маҳсулот етказиб беришни пайсалга солиб келди.

Бу орада «Шўртан газ кимё маж­муа­си» масъулияти чекланган жамия­ти маъмурияти бир неча марта тадбиркорни оғ­заки ва ёзма тартибда огоҳлантиришига қарамай, у турли баҳоналарни рўкач қи­лишдан нарига ўтмади.

Шундан сўнг «Шўртан газ кимё мажмуаси» масъулияти чекланган жамия­ти судга ушбу низоли масалани қо­нун доирасида ҳал қилиш ҳақида даъво аризаси киритди.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 ноябрдаги «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки маълум даражада бажармаганлиги учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қо­нун ҳужжатларини қўл­лаш­нинг айрим масалалари ҳақи­да»ги қарори 12-бандида белгиланишича, Фуқаролик кодексининг 333-моддасига асосан, агар қонун хужжатларида бош­қа тартиб назарда тутилган бўл­маса, қарздор айби бўлган тақдирда мажбу­рият­ни бажармагани учун жавобгар ҳисобланади.

Суд даъ­во талабларини қисман қаноатлантириш, тарафлар ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш ҳамда маҳсулот олиш учун олдиндан тўлаб берилган 128 миллион 700 минг сўм маблағни  «Шўртан газ кимё мажмуаси» масъулия­ти чекланган жа­мия­ти ҳи­собига қайтариш тўғрисида қа­рор қабул қилди.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқадиган хулоса шундан иборатки, шартнома шартларига амал қилмаслик ёхуд қонунларни четлаб ўтиш нохуш оқибатларга олиб келади.

Бу ҳаётий хақиқатни ҳеч қа­­чон унутмаслик керак.

Нодир ХЎЖАҚУЛОВ,

Ғузор туманлараро

иқтисодий cуди раиси,

Абдунаби БОБОЁРОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: