АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ — ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЭНГ ЗАРУР ШАРТИ
Президентимизнинг «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони билан «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган еттита устувор йўналишдан иборат Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб номланган жорий йилда амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.
Ушбу ҳужжатлардаги устувор йўналишлардан бири —мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришдан иборатдир. Бу йўналишда белгиланган вазифлар қаторида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга кенг эътибор қаратилган.
Ўз навбатида, Президентимизнинг 2022 йил 29 январда қабул қилинган «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида бу борада белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида дастлабки энг муҳим қадам бўлди.
Қарорда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат билан муносабатларда ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш кўзда тутилган. Бунда маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этувчи бир қатор амалий вазифалар белгиланган.
Жумладан, маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлашдир. Шу билан бирга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш судлардан улкан талабчанлик ва масъулиятни тақозо этади.
Қарорда илк бор судлар фаолиятини «ягона дарча», «суднинг фаол иштироки» тамойиллари асосида ташкил этиш ғоялари илгари сурилгани ғоятда муҳимдир.
Судлар фаолиятининг ушбу тамойиллар асосида ташкил этилиши фуқаролар ва юридик шахсларнинг одил судловга эришиш даражаси ошишига олиб келади.
Хусусан, судлар фаолияти «ягона дарча» тамойили асосида ташкил этилиши туфайли аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар, қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш имконияти яратилади.
Бу, ўз навбатида, судга мурожаат қилувчиларнинг ортиқча оворагарчиликлари барҳам топишига, судлар ўртасида тааллуқлилик масаласида вужудга келиши мумкин бўлган баҳсли ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, судлар фаолияти «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида ташкил этилиши судлар зиммасига низони фақатгина тарафлар томонидан тақдим этилган далиллар билан кифояланган ҳолда эмас, балки ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далиллар йиғиш мажбуриятини юклайди.
Бунинг натижасида низоларни тўғри, ўз вақтида ва қонуний ҳал этиш имкониятлари ошади. Бу эса, суд томонидан қабул қилинадиган қарор сифатига таъсир қиладиган муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда суднинг ишдаги ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш учун ўз ташаббусига кўра, далиллар йиғиш мажбуриятини назарда тутувчи нормалар мавжуд эмас.
Мансабдор шахслар томонидан суд қарорларининг вақтида ижро этилмаганлиги учун уларга нисбатан суд томонидан жарима қўллаш ҳуқуқи назарда тутилган. Бу эса, суднинг фаол иштироки суд қарори ижро этилиши жараёнида ҳам намоён бўлишидан далолат беради.
Қарорда назарда тутилган яна бир муҳим таклифлардан бири — бу маъмурий суд иш юритувида ярашув институтини жорий қилиш ҳақидаги таклифдир. Бу тарафларга қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битими тузиш имконини беради.
Натижада низо тинч йўл билан ва узил-кесил ҳал этилади. Айрим ҳолларда келишув битими низоларнинг узоқ вақт давом этишининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур қарорда билдирилган таклифлар ва белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, келгусида қонунларни изчил такомиллаштириш талаб этилади.
Шу негизда судлар фаолияти «ягона дарча», «суднинг фаол иштироки» тамойиллари асосида ташкил этилиши одил судловга эришиш даражаси ва имкониятларини оширади. Судлар фаолияти очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади.
Хулоса қилиб айтганда, суднинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга қаратилган бу таклиф ва вазифалар амалиётга жорий этилиши судлар зиммасига катта масъулият юклайди. Шу билан бирга, суд ҳокимиятига бўлган ишонч ошишига, суд қарорлари сифати яхшиланишига, уларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлашга эришиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Ўткир Холов,
Олий суд судьяси
Фикр қолдириш