АДОВАТ ОҚИБАТИ АЯНЧЛИ ЯКУН ТОПДИ
Ота-онаси ишга кетгач, Рашид уйда ёлғиз қолди. Ёзги таътил бўлгани боис уларникига синфдошлари Олмосжон билан Нурали келди. Улар чорпояда суҳбатлашиб ўтиришганида, кутилмаганда, қўшни ҳовлидан «ёрдам беринглар», деган овоз эшитилди.
Қўшниси Н. Бердиёрова яшайдиган ҳовли билан ўртада баланд девор тортилган эди. Рашид нима гап экан, дея шоша-пиша оёғи остига стул қўйиб, девор оша нариги томонга қаради, аммо ҳовли юзасида ҳеч ким кўринмади, шунингдек, ҳалиги овоз ҳам бошқа эшитилмади.
Орадан бироз фурсат ўтди. «Хабар олмадим, қўшнимиз Наима холага бирон-бир кор-ҳол бўлдимикин», дея Рашиднинг кўнгли алағда бўлди. Шундан сўнг у дўстларига ҳозир келаман, дея кўчага чиқди.
Кўчада у шу атрофда яшайдиган Т. Алимовни учратди.
— Наима холани илон чақиб олди-ёв, ёрдам сўраб бақиряпти, — деди Т. Алимов ва қўшнининг дарвозаси томон юрди. Рашид ортига, дўстлари ёнига қайтди.
Тўлқин Алимов Н. Бердиёрованинг ҳовлисига кирганда уйнинг эшиги очиқ эди. Ҳовлида ҳеч ким кўринмагани сабабли Тўлқин Алимов ичкарига кирди. Аммо уй ичидаги манзарага кўзи тушиб, унинг қўрқувдан бирдан юраги орқага тортиб кетди. Наима хола уй ичида афт-ангори қонга беланганича ётар, очиқ кўзлари худди шишадек қотиб қолган, жисму жуссасида тириклик аломати сезилмасди.
Албатта, терговолди суриштирув чоғида дастлаб марҳуманинг оила аъзолари, қариндошлари сўроққа чақирилди. Фожиа рўй берган кун Н. Бердиёрованинг кимлар билан мулоқотда бўлгани сўраб-суриштирилди. Гумондор шахслар рўйхати тузилди.
Рўйхатда марҳуманинг қудаси Бектош Ирисқуловнинг ҳам номи бор эди…
Бектош Ирисқулов бир йил муқаддам ёлғиз ўғли Бекназарни Наима холанинг қизи Зулфизарга уйлантирганди. Б. Ирисқулов келин келгач, оилага ёрдами тегади, рўзғор юмушларини қўлига олади, деб ўйлаганди. Лекин у ўйлангандек бўлмади. Келиннинг рўзғорга тузук-қуруқ ёрдами тегмагани ўз йўлига, аммо Бекназар хотинининг гапидан чиқмай қўйгани ҳаммасидан ошиб тушди.
Бунинг устига Бекназар қайнотаси-қайнонасиникига серқатнов бўлиб қолди.
Кунларнинг бирида шундай кўнгилсиз воқеа юз бердики, Б. Ирисқулов бунга қудаларини айблади.
Гап шундаки, 2020 йилнинг қиш фаслида Бекназар қайнотасининг уйига борганида кутилмаганда жанжалнинг устидан чиқади.
Қайнотаси алланиманинг устида қўшниси билан жиққамушт бўлиб, бир-бирларини ҳақоратлаётганди.
Шунда Бекназар қайнотасининг ёнини олиб, жанжалга аралашади ва жағи синади. Ўғлининг жанжал оқибатида жароҳат олганини эшитиб, Б. Ирисқулов қаттиқ изтироб чекади. Шунинг баробарида кўнглида қудаларига нисбатан тийиқсиз адоват пайдо бўлади.
Бунга бошқа сабаблар ҳам бор эди.
Бекназар қассобчилик билан шуғуллангани учун кредит маблағи эвазига уч бош ҳўкиз сотиб олади. Кейин боқилган ҳўкизларни сотади-да, пулини қайнонасига беради. Аммо қайнонаси гарчи қарзга олган бўлса-да, ҳўкизларнинг пулини куёвига қайтариб бермайди. Буни эшитган Б. Ирисқулов ўғлини айблаш баробарида қудаларига нисбатан кўнглидаги нафрати янада кучаяди. Ўртага совуқлик тушгач, қудалар салом-аликни ҳам йиғиштириб қўйишади.
Ўрни келганда яна шуни айтиш керакки, Н. Бердиёрова ҳар гал Б. Ирисқуловнинг хонадонига келганда, қизига насиҳат қилиш, қайнота-қайнонанинг ҳурматини ўрнига қўйиш, хизматини қилиш, аҳил-иноқ яшаш, уларнинг дуосини олиш ҳақида гапириш ўрнига тескари иш тутарди. Онаси кетгач, келин бўлмиш баттар тўнини тескари кийиб оларди. Буларнинг бари Б. Ирисқуловнинг нафратини баттар аланга олдирар, унинг кўнглида қудасидан ўч олиш нияти пайдо бўлганди.
Қотиллик юз берган куни Б. Ирисқулов ҳар доимгидек эрталаб соат олтида уйқудан уйғонади. Нонуштадан сўнг ҳовли тўридаги молхонага ўтиб, йўғон калтакни олади-да, шубҳа уйғотмаслик учун уни полиэтилен қопга солиб, сиртидан ип билан боғлаб қўяди.
Шундан сўнг велосипедда Мирсаид Баҳром номли маҳалла фуқаролар йиғини худудидаги истироҳат боғига боради. Боғ атрофини ўраб турган темир панжарага велосипедини боғлаб қўйгач, таксида қудасининг уйига йўл олади.
Б. Ирисқулов очиқ турган дарвозадан ичкарига киради ва ҳовлида юрган Наима холага кўзи тушади. Наима хола қудаси билан саломлашиб, уни уйга таклиф қилади ва ўзи ҳам ичкарига киради.
Б. Ирисқулов уйга киргач, ғазаб билан Наима холага ташланади.
— Ўғлимни ўзларингга тобе қилиб, уни тўғри йўлдан адаштирдинглар, — дея ўшқирганича қўлидаги калтак билан аёлнинг боши ҳамда юзига бир неча марта уради. Биринчи марта бошига тушганда аёл жон аччиғида «ёрдам беринглар», дея бақиради. Аммо у калтак зарбидан юзтубан йиқилгач, Б. Ирисқулов ошхона пичоғини унинг кўкрагига икки марта санчади…
Тергов ва судда Б. Ирисқулов жиноий қилмишига тўлиқ иқрор бўлди.
Суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчининг қонуний вакили Ж. Тожиев Б. Ирисқулов билан онаси ўртасида аввалдан келишмовчилик борлиги, бироқ судланувчи унга ва яқин қариндошларига ўлдириш билан муқаддам таҳдид қилмагани тўғрисида кўрсатма берди. Ж. Тожиев ҳозирги кунда синглиси З. Ирисқулова куёви Б. Ирисқулов билан бирга яшаб келаётганини билдириб, судланувчига нисбатан моддий ва маънавий зарар ундирилиши юзасидан даъвоси йўқлигини билдирди.
Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Б. Ирисқуловнинг қасддан одам ўлдиришда ифодаланган жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган деб ҳисоблади. Б. Ирисқуловга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинлади.
Халқимизда «қудачилик — минг йиллик» деган ибратли нақл бор.
Афсуски, Б. Ирисқулов унга амал қилмади. Бутун борлиғини эгаллаб олган адоват бунга йўл бермади. Унинг оқибати эса, аянчли якун топди.
Алишер САЙДУЛЛАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Кармана тумани суди судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш