ҚАБИҲ РЕЖА БЕГУНОҲ ИНСОННИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ
Марғилон шаҳридаги қурилиш материаллари бозорида автомашинасида юк ташиш билан шуғулланувчи Ниёзмат Ўрмонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтган йил 15 июнь куни эрталаб одатдагидек ишга жўнади. Аммо у шу куни уйига қайтиб келмади…
Қувасой шаҳрида яшовчи Б. Мамаюнусовга уйидаги қурилиши учун темир керак бўлиб қолди. Марғилон шаҳридаги қурилиш материаллари бозорида темир анча арзонлиги сабабли ўша ердан олишга қарор қилди. Бироқ унинг сотиб олишга пули йўқ эди. Шунда хаёлига қабиҳ режа келди. У бу режани ўзидан олти ёш кичик бўлган маҳалладоши Самад Бойзоқовнинг ёрдамида амалга оширишни мўлжаллади. Мўмай пул эвазига С. Бойзоқов ҳам бу таклифга осонгина кўнди.
Жиноий режага мувофиқ Б. Мамаюнусов Марғилон қурилиш материаллари бозорига бориб, сотувчи М. Шамсутдиновдан 440 метр темир маҳсулотларини 13 460 000 сўмга насияга сотиб олди.
— Пулингизни маҳсулотни уйимга олиб борган машинадан бериб юбораман, — дея у сотувчини ишонтирди. — Ҳозирча 100 АҚШ долларини олиб туринг…
Сўнгра юк ташувчи Ниёзмат Ўрмонов билан юкни Қувасой шаҳрига 250 000 сўмга олиб бориб беришга келишиб, унга телефон рақамини қолдирди.
Н. Ўрмонов Қувасойга етиб боргач, Б. Мамаюсуповга телефон қилиб, уйининг манзилини сўради.
— Чек қишлоғига келинг. Мен юкни тушириб олиш учун одам юбораман, — деб жавоб берди Б. Мамаюнусов.
Суҳбат асносида ҳайдовчи шогирди Ином Сапаров билан бирга келгани маълум бўлди.
Бир кун олдин Б. Мамаюнусов вояга етмаган Комил Абдутолипов ва Шаҳриёр Жумаевни ҳам ўз жиноятига шерик сифатида жалб қилиб, уларни «пишитиб» қўйган экан. Н. Ўрмонов қўнғироқ қилган маҳал у Самад, Комил ва Шаҳриёрга ўз вазифаларини уқтираётган эди.
Б. Мамаюнусов гўшакни қўйгач, К. Абдутолипов ва Ш. Жумаев унинг кўрсатмаси билан такси ёллаб, ҳайдовчининг ёнига етиб боришади.
Сўнгра юк ортилган автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтириб, уни аҳоли яшаш манзилидан четроқда жойлашган қир-адирлик томонига бошлаб боришади. Жиноий режага асосан ўша пайт Б. Мамаюнусов уларга телефон қилади. Уларнинг қаерда туришганини билиб олгач, Самад билан «Дамас» русумли автомашинада етиб келади. Шунда автомашинанинг орқа ўриндиғида ўтирган К. Абдутолипов ва Ш. Жумаев тўсатдан Н. Ўрмонов ҳамда И. Сапаровга ҳужум қилишади. Улар Б. Мамаюнусов берган арқон билан Н. Ўрмоновнинг бўйнидан бўғиб, ўта шафқатсизлик билан танасининг дуч келган жойига уриб-тепиб, ҳаёти учун хавфли бўлган оғир шикаст етказишади. Бу вақтда С. Бойзоқов «Дамас» автомашинасини кўндаланг ҳолатда тўхтатиб, воқеани бегона шахслар кўрмаслиги учун тўсиб қўяди. Ўзи эса, ён-атрофни кузатиб туради.
Орадан кўп фурсат ўтмай оғир жароҳат олган Н. Ўрмонов ҳаётдан кўз юмади. Қотиллар уни автомашина ўриндиғига боғлаб қўйишади. Сўнгра вояга етмаган И. Сапаровни ҳам ўлдириш мақсадида ўта шафқатсизлик билан бўйнидан бўғиб, қўл-оёқлари, кўзи ва оғзини боғлаб, автомашина юкхонасига солишади.
Қабиҳ ниятига эришган Б. Мамаюнусов темир маҳсулотларини қариндоши З. Мамаюнусовнинг уйига жўнатади. Жиноят изларини яшириш мақсадида Н. Ўрмоновнинг автомашинасини ювиб, уни Тошлоқ туманидаги «Абдулҳамид ота» фермер хўжалиги дала майдонига ҳайдаб боради. Ўша ерда автомашинани қолдириб кетмоқчи бўлганида Ином Сапаровнинг нафас олаётганини сезиб қолади ва уни ўлдириш мақсадида яна бўғади.
Натижада И. Сапаров ҳушидан кетиб қолади. Б. Мамаюнусов уни ўлган деб ўйлаб, хотиржам ҳолда уйига кетади.
Бахтли тасодиф туфайли Ином Сапаров тирик қолади. У ҳушига келгач, бир амаллаб оёқ-қўлини арқондан бўшатади ва содир этилган жиноят ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар беради.
Шундан сўнг қотиллар қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Яқинда жиноят ишлари бўйича Олтиариқ тумани суди қотилларни Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топиб, уларга узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бундан ташқари суд ҳукмида жабрланувчиларнинг қонуний вакилларига маънавий зарарни ундириб бериш ҳам белгиланди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, муқаддам Б. Мамаюнусов Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми, С. Бойзоқов 105-моддаси 1-қисмига тааллуқли жиноятларни содир этишган. Бироқ уларга нисбатан кечиримлилик ва бағрикенглик тамойиллари тадбиқ этилиб, ҳаётда тўғри йўлни топиб олишлари учун имкон берилган. Афсуски, улар бунинг қадрига етишмади. Бунинг ўрнига вояга етмаган К. Абдутолипов ва Ш. Жумаевни ҳам мудҳиш жиноятга шерик қилишди.
Эндиликда улар содир этган жинояти бадалини панжара ортида тўлашади.
Беҳзод ЭРГАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича Олтиариқ тумани суди раиси
Фикр қолдириш