ШАХС ҲУҚУҚИ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ КАФОЛАТИ – СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИНИНГ БОШ МАҚСАДИ
Президентимизнинг 2022 йил 29 январдаги «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори фуқароларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда маъмурий суднинг ўрни ва вазифасини янада кенгайтиришга қаратилган.

Қарорда таъкидлаганидек, маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдир.
Қарорнинг 2-бандида Олий судга Судьялар олий кенгаши ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган бир қатор тартиблар процессуал қонун ҳужжатларида белгиланишини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Келгусида маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратилади.
Ушбу тамойил Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 2-бобида белгиланган маъмурий суд ишларини юритишнинг принципларига янги принцип киритилиши учун асос бўлади.
Қарорда белгиланган муҳим вазифалардан яна бири — ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга, унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказишдир.
Амалдаги тартибга кўра, оммавий-ҳуқуқий низо маъмурий судда кўрилгандан сўнг ҳуқуқи бузилган шахс маъмурий суднинг қарорини асос қилиб, фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга зарарни ундириш ҳақидаги даъво талаби билан алоҳида мурожаат қилиши талаб этилади.
Қарорга асосан киритилаётган ўзгариш ана шу талабни бекор қилиш орқали оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга, унга ҳуқуқи бузилган шахснинг ортиқча вақт сарфлаб, турли хил судларда сарсон бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.
Маълумки, суд қарорларининг сўзсиз ижро этилиши адолат ва қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим мезонларидан ҳисобланади.
Амалдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси бешинчи қисмида қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик қонунга хилоф деб топилган тақдирда суд тегишли орган ёки мансабдор шахснинг зиммасига йўл қўйилган қонун бузилишларини бартараф этиш ва ҳал қилув қарорининг ижроси тўғрисида суд ва аризачига, агар суд томонидан бошқача муддат белгиланмаган бўлса, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ой ичида хабар қилиш мажбуриятини юклаши белгиланган.
Бироқ қонунчиликда бу турдаги суд қарорларини ижро этиш механизми ва суд қарорини ижро этмаган мансабдор шахсга нисбатан таъсир чораси мавжуд эмас. Шу сабабли амалиётда мансабдор шахслар томонидан маъмурий судларнинг қарорлари ҳар доим ҳам ижро этилмаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Мазкур қарор билан жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмлари жорий этилмоқда.
Жумладан:
– давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиши ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериши;
– давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмагани учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;
– давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмагани учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш тартиби киритилмоқда.
Бундан ташқари Фуқаролик процессуал ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларда ушбу суд иштирокчилари учун ярашув институтини қўллаш тартиблари ўз аксини топган.
Аммо ушбу ҳуқуқий институт маъмурий судларнинг биринчи, апелляция ва кассация инстанцияларида мавжуд эмас. Бу эса, маъмурий суд иштирокчиларининг ярашув институтига нисбатан бўлган ҳуқуқларини чекламоқда.
Шу боис эндиликда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмлари жорий қилинмоқда. Бу билан келгусида маъмурий суд иштирокчиларининг қонунда белгиланган ҳуқуқлари яна ортади. Қолаверса, низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш имконияти кенгаяди.
Амалдаги процессуал қонунчилик талабларига кўра, иш тегишли судга тааллуқли бўлмаса, суд аризани иш юритишга қабул қилишни рад этади.
Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, ўтган йиллар давомида аризалар маъмурий, фуқаролик ёки иқтисодий судлар томонидан иш шу судларга тааллуқли бўлмагани сабабли иш юритишга қабул қилинмаган.
Айнан шу ҳолатларга чек қўйиш мақсадида Олий суд ва Судьялар олий кенгашининг судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмагани сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш ҳақидаги таклифи маъқулланмоқда.
Маъмурий судда иш юритиш тартиби фуқаролик ишлари бўйича судда иш юритиш тартибидан фарқ қилади. Шу сабабли бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштириш тақиқланмоқда.
Шу ўринда хорижий мамлакатлардаги маъмурий судларда ишларни кўриш билан боғлиқ масалани таҳлил этадиган бўлсак, Россия Маъмурий суд иш юритуви кодексига кўра, суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмлари сифатида суд қарорлари кучга кирганидан сўнг ижро этилиши лозим (федерал қонунларда назарда тутилган айрим ҳолларда дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ҳоллар бундан мустасно). Апеллация шикояти берилган тақдирда, суд қарори шикоят кўриб чиқилганидан сўнг кучга киради.
Германиянинг «Маъмурий судлар тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, низоларнинг асосини мажбуриятни бажаришни таъминлаш тўғрисидаги даъволар ташкил этади. Мажбуриятни таъминлаш тўғрисидаги даъволарнинг асоси илтимос қаноатлантирилиши рад этилган маъмурий акт ҳисобланади. ўайриқонуний акт даъвогарнинг ҳуқуқларини бузган тақдирда суд томонидан бекор қилинади. Бундай даъволар билан мурожаат этишда шахс ҳақиқатан ҳам, маъмурий акт унинг ҳуқуқларини бузганлигини исботлаб бериши лозим. Бундай ҳуқуқий чегаралашнинг мавжудлиги суд томонидан кўриб чиқиш орқали аниқланади.
Мажбуриятни таъминлаш тўғрисидаги даъволарда ариза «Маъмурий судлар тўғрисида»ги қонуннинг 74-моддасида назарда тутилган муддатда, яъни унга ҳужжат топширилганидан сўнг 1 ой муддатда берилиши лозим. Маъмурий акт маъмурий ҳуқуққа номувофиқ равишда қабул қилинган тақдирда, шунингдек, у ҳуқуққа хилоф юридик актга асосланган бўлса, ноқонуний акт сифатида тан олинади.
Франция маъмурий юстицияси маъмурий суд органларининг ижро ҳокимияти тизимида ташкил этилгани билан бошқа давлатларнинг маъмурий суд тизимидан фарқ қилади. Француз олимларининг фикрича, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолардан энг муҳими — бу судларнинг бошқарув органига муайян иш юзасидан тўғридан-тўғри тақдимнома кирита олмаслиги ҳамда маъмурий суд органлари таъсирининг аҳоли кенг қатламларига кириб бормаслигидир.
Латвия Маъмурий процессуал қонунининг 375-моддасига асосан, ташкилот маъмурий ишда ёки суднинг бошқа қарорида қабул қилинган қарорни дарҳол бажаришга мажбур. Ташкилот ариза берувчи ва судни суд қарорини ижро этиш тўғрисида хабардор қилади.
Умуман, хорижий давлатлар тажрибасида қуйидаги ўзига хос хусусиятлар устувор аҳамиятга эга:
– биринчидан, хорижий мамлакатлар маъмурий суд иш юритувига оид махсус қонунчилигида ижро ҳужжатлари рўйхати кўрсатилган;
– иккинчидан, маъмурий суд ҳужжатларини ижро этишга оид бошқа қонун ҳужжатларининг номи ҳам аниқ белгиланган;
– учинчидан, давлат органларининг суд ҳужжатларини ижро этиш борасидаги мажбуриятлари белгиланган;
– тўртинчидан, маъмурий суд ҳужжатларини ижро этиш муддатлари аниқ қайд этилган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Президент қарорида белгиланган муҳим вазифалар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида янги босқични бошлаб беради. Шу маънода у одамларни рози қилишнинг амалдаги намунаси ҳисобланади.
Иброҳим АЛИМОВ,
Олий суд судьяси
Фикр қолдириш