ПИШМАГАН «САВДО» ЁХУД ФОШ ЭТИЛГАН ҚИНҒИРЛИК
Кўпчилик ҳалол меҳнат қилиб, фойда топиш, унинг ортидан фаровон яшашни истайди. Аммо ҳаётда баъзан қинғирлик ва жиноят орқали мўмай даромад олишни кўзлаган кимсалар ҳам учраб туради.

Самарқандлик Адҳамжон Эрдонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтган йилнинг апрел ойида Оқдарё туманидан ижарага ер олиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни ният қилди. Шу мақсадда Н. фермер хўжалиги раҳбари Мусо Жўраевга учрашди. Фермер хўжалиги раҳбари Адҳамжонга сувга қулай, ҳосилдор ер майдонини кўрсатиб, бир гектарини 70 минг АҚШ долларига сотмоқчилигини билдирди. Улар ўзаро савдолашиб, 57 минг 500 АҚШ долларига келишишди. Аслида ушбу ер майдони 2020 йил 4 ноябрь куни туман давлат хизматлари марказидан юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган Н. фермер хўжалигига тегишли эди.
— Фермер хўжалиги ташкилий бошқарув шаклини масъулияти чекланган жамиятига айлантирамиз, — деди М. Жўраев Адҳамжонга. — Унга раҳбар сифатида тадбиркорлик фаолияти билан бемалол шуғулланаверасиз…
М. Жўраев харидорнинг ишончини қозониш учун Оқдарё тумани ҳокимлиги инвестициялар ва ташқи савдо бўлимида бош мутахассис лавозимида ишловчи Шаҳриёр Турдиевга қўнғироқ қилиб, ҳужжатларни тайёрлашга ёрдам беришни сўради. Ш. Турдиев ҳам бунга рози бўлди.
Орадан икки кун ўтгач, М. Жўраев Адҳамжонга қўнғироқ қилиб, ҳужжатларни расмийлаштириш учун 5 минг АҚШ доллари олиб келишини айтди.
Шунда Адҳамжон онасига ер сотиб олмоқчи эканини билдирди. Онаси ерни сотиш ва сотиб олиш ноқонунийлигини, фермер алдаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Онасининг маслаҳатини обдон ўйлаб кўрган Адҳамжон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига бориб, ҳолатни тушунтирди ва М. Жўраев катта миқдордаги пул эвазига ер майдонини сотмоқчилиги ҳақида ариза берди.
Унинг мурожаатига мувофиқ тезкор тадбир режаси тузилди. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Адҳамжонга овоз ёзиш учун диктофон, 50 минг АҚШ доллари (шундан 1 минг АҚШ долларига «пора» деб ёзилиб, кимёвий усулда ишлов берилган) тақдим этилди.
Оқдарё томонга йўлга чиқишдан олдин А. Эрдонов М. Жўраевга қўнғироқ қилди ва улар гўшт дўкони олдида учрашишга келишишди.
Учрашганларида М. Жўраев ер ҳужжатларини Адҳамжонга кўрсатиб, уни Шаҳриёр Турдиевнинг олдига бошлаб борди.
Ш. Турдиев ҳокимият биноси олдида ҳужжатларни узоғи билан бир ҳафтада тайёрлаб беришини, фермер хўжалигини масъулияти чекланган жамиятга ўзгартириб, унга Адҳамжонни раҳбар қилишини айтади. Шундан сўнг М. Жўраев А. Эрдонов берган пулни санаб олаётганида қўлга олинди.
Мазкур жиноят ишини очиқ суд мажлисида кўриш жараёнида барча ҳолатларга тўлиқ ойдинлик киритилди. Оқдарё тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси З. Қаландаровнинг таъкидлашича, фермер хўжалигини ташкилий бошқарув шаклини масъулияти чекланган жамиятига айлантириш ҳокимият ваколатига кирмайди. Қолаверса, тадбиркорлик субъекти шаклини ўзгартириш давлат хизматлари маркази орқали амалга оширилади. Бироқ туман ҳокимлиги инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бош мутахассиси Ш. Турдиев М. Жўраев билан ўзаро жиноий тил бириктириб, туман ҳокимининг қарорини тайёрлаб бериш эвазига пора талаб қилган.
Суд ҳайъати судланувчилар М. Жўраев ва Ш. Турдиевнинг пора бериш, яъни муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши эвазига унга бевосита ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, жуда кўп миқдорда моддий қимматликлар беришга иштирокчилик қилишда ифодаланган жиноий хатти-ҳаракатлари дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан тўғри малакаланган деб ҳисоблади.
Бироқ судланувчиларнинг жиноий ҳаракатлари тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан нотўғри малакаланган. Чунки Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 7-бандида «Мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилади» дея тушунтириш берилган.
Суд тергови давомида аниқ бўлдики, А. Эрдоновнинг судланувчиларнинг ноқонуний ҳаракатларидан норози бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ёзган аризаси асосида тезкор тадбир ўтказилган.
Судланувчилар 57 минг АҚШ долларини пора тариқасида талаб қилиб, А. Эрдоновдан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган ва жиноий ҳаракатларини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, охирига етказолмаган. Аниқроғи, судланувчи 50 минг АҚШ долларини А. Эрдоновдан фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ушланган ва ғайриқонуний эгалигига ўтган мулкдан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш имкониятига эга бўлмаган.
Суд ана шу асосларга мувофиқ судланувчилар М. Жўраев ва Ш. Турдиевнинг жиноий хатти-ҳаракатларини Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» бандидан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» бандига қайта малакалашни лозим топди.
Суд М. Жўраевга 36 миллион 750 минг сўм жарима ва саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, Ш. Турдиевга нисбатан 36 миллион 750 минг сўм жарима ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Бундан ташқари Ш. Турдиев икки йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ер билан боғлиқ муносабатлар қонун асосида тартибга солинади. Ҳозирги пайтда бу борадаги қонунчилик механизми янада такомиллаштирилиб, фуқаролар ва тадбиркорларга кўплаб енгиллик ҳамда қулайликлар яратилмоқда. Шу боис ер майдонларидан жиноий йўл билан эмас, балки қонуний равишда фойдаланиш зарур.
Илёс ДОНИЁРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Оқдарё тумани суди раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ, журналист
Фикр қолдириш