ҚОНУНГА ИТОАТСИЗЛИК ЛИЦЕНЗИЯНИНГ СУД ТОМОНИДАН БЕКОР ҚИЛИНИШИГА АСОС БЎЛДИ
Мамлакатимизда бандликни таъминлаш, меҳнат бозорини ривожлантириш мақсадида хусусий бандлик агентликлари фаолиятига ҳам кенг йўл берилди. Энг муҳими, бу борада замонавий талабларга жавоб берадиган ҳуқуқий асослар яратилди.

Бироқ айрим хусусий бандлик агентликлари зиммасидаги мажбуриятни тўла-тўкис бажариш ўрнига қонун талабларини четлаб ўтишга уринмоқда.
Буни қуйидаги мисол ҳам яққол тасдиқлайди. Фарғона туманлараро иқтисодий судида «Yuuki Masaru xususiy bandlik agentligi» масъулияти чекланган жамиятига берилган лицензиянинг амал қилиши тугатилди.
Чунки судда аниқланишича, 2019 йилда ушбу агентлик ҳамюртларимизни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи 0057-сонли лицензияни олган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда агентлик ўртасида лицензия битимининг 4.6-бандига кўра, лицензияга даъвогар 50 минг АҚШ доллари (Марказий банкнинг тўлов амалга ошириш кунида белгиланган курс бўйича сўмга нисбатан тенг қийматдаги эквивалент) миқдоридаги маблағни вазирлик ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида заҳира қилиб қўйиши керак эди. 2020 йил 13 августда қабул қилинган «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуннинг 23-моддасига асосан, ушбу миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз минг беш юз бараварига тенглаштирилган. Бу ўзгартиш ва қўшимчалар 2020 йил 13 ноябрда кучга кирган. Шу боис вазирлик хусусий бандлик агентлигини ўз вақтида бу хусусда огоҳлантирган. Лекин «Yuuki Masaru xususiy bandlik agentligi» масъулияти чекланган жамияти ушбу талабини бажармаган. Шундан сўнг Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 24 ноябрдаги 84-сонли қарори билан жавобгарга берилган лицензиянинг амал қилиши 10 иш кунидан иборат муддатга тўхтатилган. Аммо хусусий бандлик агентлиги бундан ҳам тегишли хулоса чиқармаган. Шундан сўнг вазирлик Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритган. Суднинг 2021 йил 20 январдаги ҳал қилув қарорига мувофиқ, агентликка берилган лицензиянинг амал қилиш муддати вазирлик ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси депозит ҳисоб рақамида базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз минг беш юз баравари миқдоридаги маблағни заҳира қилингунга қадар 6 ой муддатга тўхтатилган. Бироқ агентлик суд қарорини ҳам ижро этмаган. Шу боис Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги яна судга даъво аризаси киритиб, агентликка тегишли лицензиянинг амал қилишини тугатишни сўраган.
Амалдаги «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилдиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонуннинг 34-моддасида лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туришига олиб келган ҳолатларни ваколатли орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда лицензиянинг амал қилиши тугатилиши назарда тутилган. Ушбу қонун талабидан келиб чиқиб, суд даъво аризани асосли деб топди ва «Yuuki Masaru xususiy bandlik agentligi» масъулияти чекланган жамиятига 2019 йил 18 апрелда берилган 0057-сонли лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Эндиликда хусусий агентлик одамларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғуллана олмайди.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, қонун талабини менсимаслик хусусий агентликка қимматга тушди. Бу бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас. Зеро, қонунбузарлик фақат зарар келтиради.
Жамила АКРАМОВА,
Фарғона туманлараро
иқтисодий суди судьяси
Фикр қолдириш