ГЕНДЕР ТЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШДА АЁЛ СУДЬЯЛАРНИНГ ЎРНИ

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади — инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш орқали жамият ҳаётида адолатни қарор топтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимининг изчил ислоҳ этилиши туфайли бу борада аниқ амалий натижаларга эришилди.

Инсон ҳуқуқлари, инсон қадри бош мезон си­фатида эъ­тироф этилган давлатда, албатта, аёл қадри алоҳида ўрин тутади. Хотин-қизлар мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини ташкил этиши, улар барча соҳаларда самарали меҳнат қи­лиши, шу жумладан, сиё­сий бош­қарув, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фао­лият­ кўрсатиши учун барча шарт-шароит яратилганини эътиборга оладиган бўл­сак, суд-ҳуқуқ тизимида ҳам хотин-қизлар улуши ортиб бораётгани бежиз эмаслиги ойдинлашади.

Давлатимиз раҳбарининг судья аёллар сонини кўпайтириш борасида белгилаб берган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер масалалари қўмитаси, Гендер комиссияси, Олий суд ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ўртасида «Ўзбекистонда қо­нун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» лойиҳаси доирасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Судьялар орасида гендер тенгликни таъминловчи механизмларни жорий этиш бўйича Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан бугунги кунда амалга оширилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш жоиз.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз тарихида узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон Олий суди раиси бўл­ган, Марказий Осиёда жиноят ҳуқуқи фани асосчиси, юриспруденция бўйича илмий мақом олган биринчи ўзбек аёли — академик Хадича Сулаймонова, Ўзбекистон Адлия вазири бўлган ҳуқуқ­шунос олима, профессор Мамлакат Восиқова, Ўзбекис­тон Олий суди раи­си бўлган профессор Ҳа­лима Муҳитдинова ва бошқа қатор ҳуқуқшунос аёлларимиз ўз­бек ҳу­қуқшунослиги равнақи, унинг нуфузининг ошишига катта ҳисса қўшган.

Бугунги кунда ҳам одил судловни амалга ошириш ва ҳу­қуқий ислоҳотлар натижадорлигида аёл судьялар муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Хусусан, Судьялар олий кенгаши таркибида 3 нафар аёл судья бор.

Республика бўйича 174 нафар аёл судья фаолият кўр­сатмоқда. Бу рақам умумий судьяларнинг салкам 15 фоизини ташкил қилади.

Соҳада гендер тенгликни таъминлаш бўйича яна бир чора — судьяликка номзодлар тайёрлайдиган таълим муассасасига тингловчиларни қа­бул қилишда гендер тенгликни таьминловчи механизмларни жорий этишдир.

Юртимизда 2020 йилдан буён Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби фаолият юритмоқда.

Илк бор судьялик лавозимига номзодлар фақат ушбу мактаб тингловчилари орасидан тавсия этилади. Бу, ўз нав­батида, мамлакат суд-ҳу­қуқ тизимида аёллар сонининг ортишига ижобий таъсир кўрсатади.

Халқаро ҳамжамият мамлакатимизда гендер сиёсати борасида амалга оширилаётган ишларни катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда ва муносиб баҳоламоқда.

Шу билан бирга, бугунги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда янада мустаҳкам­лаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳу­қуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланмоқда.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий пойдевори яратилиб, 30 та ҳу­қуқий ҳужжат қабул қилинган. Бу ўринда 2 та қонун ҳамда Президентимизнинг 28 та фармон ва қарорлари ҳақида сўз бормоқда.

Мамлакатимизда илк маротаба 2018 йилда Оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси қабул қилинди. Аёлларнинг никоҳ ёши эркаклар билан тенг­лаштирилиб, 18 ёш этиб белгиланди.

Олий Мажлис Сенати томонидан ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенг­ликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Мазкур стратегиядаги барча йўналишлар БМТ­нинг 2030 йилгача мўл­жал­ланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

2020 йил март ойидан буён мамлакатимизда қабул қилинаётган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низом асосида гендер ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилмоқда.

Шу аснода «Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Президент қарори қабул қи­линди.

Бундан ташқари «Хотин-қиз­ларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғ­рисида»ги қонун талабига мувофиқ, ҳукумат қарори билан «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бо­риш тўғрисида»ги Низом тасдиқланиб, амалиётга татбиқ этилди.

Гендер сиёсатининг мониторинги ва самарадорлигини баҳолаш соҳасида www.gender.stat.uz расмий веб-сайти тўлиқ янгиланган талқинда ишга туширилди.

Шу билан бирга, «Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш» Республика маркази ҳам­да 28 та ҳудудий ва туманлараро марказ ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, аёллар ишлаган ва раҳбарлик қилган жойларда тартиб, адолат, ҳалоллик, маданият­ юқори бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Шу боис ҳар бир вазирлик, давлат компанияси, банк ва бош­қа идоралар бир-икки йил ичида ўз тизимидаги аёлларни раҳбарликка ўқитиб, камида 1 нафар ўринбосарини ҳам аёллардан қўйиши белгиланди.

Давлат бошқаруви академиясида эндиликда раҳбар аёлларни тайёрлаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилиб, ҳар йили камида 100 нафар аёл ўқитилади. Буларнинг барчаси мамлакатимиз аёллари учун мисли кўрилмаган имкониятдир.

Жорий йил 7 март куни Президентимиз «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўл­лаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чо­ра-тадбирлари тўғ­рисида»ги Фармонни имзолади. Мазкур тарихий Фармон мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғ­лиғини сақ­­­­­­­лаш, касбга ўқи­тиш ва банд­лигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўл­лаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш баробарида, уни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ушбу Фармон хотин-қизларимизни анчадан буён ўй­лантириб келаётган алимент, уй-жой билан таъминланиш, таълим олиш, тадбиркорлик фаолиятини йўл­га қўйиш ва ривожлантириш каби қатор масалаларнинг қонуний ечимини кўрсатиб бергани билан алоҳида қимматлидир.

Чунки алимент бўйича қарз­дорлик мавжуд бўлганда қарз­дорлик тўлиқ бартараф этилгунига қадар қарздорнинг транспорт воситасини бошқа­риш ҳуқуқини вақтинча чеклаш, қарздорга лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга бўлган давлат хизматларини вақтинча кўрсатмаслик, алимент бўйича қарздорлик мавжудлигини никоҳ тузиш учун монелик қиладиган ҳолат сифатида белгилашни назарда тутувчи қонун ишлаб чиқиш белгилаб берилди.

Мажбурий ижро бюроси ҳу­зурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда «Алимент тў­ловлари» давлат мақсадли жам­ғар­маси ташкил этилади. Унга Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жам­ғар­маси маблағлари ҳисобидан 50 миллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, суд қарори билан алимент тўлаш мажбурия­ти юклатилган шахслардан белгиланган маблағларни уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган ҳолларда «Алимент тў­ловлари» давлат мақсадли жам­ғармаси маблағлари али­мент тўловлари бўйича шаклланган қарздорликни бир йўла тўлаш учун йўналтирилади. Бу маблағ кейинчалик алимент тўлаш мажбурия­ти юклатилган қарздордан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олинади.

2022 йил 1 июнга қадар тазйиқ ва зўравонликдан жабр­ланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилиши белгиланмоқда.

Яна бир эътирофга сазовор воқелик: Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан 2021 йил Халқаро хотин-қизлар ку­ни арафасида «Ўзбе­кис­тон аёл судьялари» тўплами ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган бўлса, жорий йилда «Уч машҳур ўзбек аёли» китоби нашрдан чиқди.

Хулоса қилиб айтганда, гендер масаласида жамият олдига қўйилаётган долзарб масалалар ечимида аёл ҳу­қуқшунослар, айниқса, аёл судьяларнинг ўрни беқиёсдир. Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида гендер тенгликка эришиш, ўз навбатида, хотин-қизларнинг қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлайди. Бу борадаги фаол саъй-ҳаракатлар соҳани жаҳон стан­дарт­ларига уйғунлаштириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Малика Қодирхонова,

Олий Мажлис Сенати

Хотин-қизлар ва гендер

масалалари қўмитаси раиси

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: