ҲАР БИР БОЛА МЕҲР-МУҲАББАТ ВА ЭЪТИБОРГА ҲАҚЛИ

Мамлакатимизда ҳар бир боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатини таъминлаш, ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, шаъни ҳамда қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг жисмоний, интелектуал, маънавий-ахлоқий камол топишига кўмаклашиш, ҳуқуқий онги ва маданиятини шакллантириб, ватанпарварлик, бағрикенглик, тинчликсеварлик руҳида камол топтириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Юртимизда бола ҳуқуқларирини амалда кафолатли таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Буни судлар фаолиятида ҳам кўриш мумкин.

Нозима Турниёзова билан Исматулла Шарипов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2012 йилнинг 12 декабрида қо­нуний никоҳдан ўтиб, оила қу­ришганда уларга барча ҳавас билан қа­раган эди. Оилада 2013 йилнинг 10 сентябрида Абду­қаҳ­ҳор, 2015 йилнинг 18 июнида Юлдузхон исм­ли фарзандлари дунёга келгач, уларнинг қувончига яна қувонч қўшилди. Бир қа­рашда, дунёда улардан бахт­ли оила йўқдек эди. Аммо ҳаёт фақат яхши кунлардан иборат эмас. Умр сўқ­моқ­ларида ки­ши турли хил синовларга ҳам дуч келиши мумкин.

Бу оилада ҳам шундай бўлади: 2018 йилда эр-хотин ўртасидан жанжал келиб чиқди. Нозима аччиқ устида фарзанд­ларини олиб, ўзи туғилиб ўсган Бу­хоро вилоятига кетиб қолди. Кейин орадан бир неча ой ўтса-да, уйига қайтишни истамади, ҳатто болаларига отаси билан учрашишга рухсат бермади. Шунинг учун И. Шарипов бу ҳақида судга мурожаат қилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг 2018 йил 6 сентябрдаги ҳал қилув қарори би­лан фарзандлари билан учрашиб туриш вақти ва тартиби белгиланди.

Кунлардан бир кун Исматулла фарзандлари билан учрашишга борганда Нозима Абдуқаҳҳор билан Юлдузхонни онасининг қўшниси Х. Эшдавлатованинг қарамоғига қолдириб, ишлаш учун хорижга кетиб қолганидан хабар топади. Шундан сўнг у болаларини уйига олиб келади ва уларнинг тарбияси билан ўзи шуғуллана бошлайди.

Орадан уч йил ўтиб, хориждан қайтиб келган Н. Турниёзова фар­занд­лари тақдирини ўйлаб қолади ва уларни ўз қарамоғига олиб беришни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом тумани судига мурожаат қилади.

Аммо биринчи босқич судининг 2021 йил 3 декабрдаги ҳал қилув қарори билан Н. Турниёзованинг даъво талаби рад қилинади.

Бундан норози бўлган Н. Тур­ниёзова биринчи бос­қич судининг қарорини бекор қи­лишни сўраб, Самар­қанд вилояти суди апелляция судлов ҳайъатига мурожаат қилади.

Айтиш керакки, апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида унинг шикояти ўрганиб чиқилди ва шикоят қаноатлантирилмасдан, биринчи босқич судининг ҳал қилув қарори ўз­гаришсиз қолдирилди. Аслида бунга етарлича асослар бор эди.

Пастдарғом тумани халқ таълими бўлими қошидаги ва­сий­лик ва ҳомийлик органининг 2021 йил 31 августдаги 818-сонли хулосасида И. Шарипов хонадонида фарзандлари тарбияси учун барча шарт-шароит­ яратилгани, Абдуқаҳҳор мактабда, Юлдузхон эса, мактабгача таълим муассасасида тарбияланиб келаётгани қайд этилган.

Шунингдек, ушбу фуқаролик ишида Самарқанд вилояти ижтимоий иш мактаби ассоциациясининг 2021 йил 26 ноябрда берилган психологик хулосаси ҳам мавжуд. Ушбу хулосада Абдуқаҳҳор билан Юлдузхон ҳозир яшаётган оиласида отаси Исматулла, ўгай онаси Гулзода ҳамда кейин туғилган сингиллари Моҳигул ва Бахтигуллар билан аҳил-иноқ яшаётгани, моддий жиҳатдан таъминлангани, улар онаси Нозимани эслашмагани ва ҳатто у ҳақида гапиришни ҳам исташмагани баён қилинган.

Суд қонун талаблари ва Олий суд Пленуми қароридаги раҳбарий тушунтиришларга амал қилган ҳолда қарор қабул қилди. Болалар отаси — И. Шарипов тар­бия­сида қолдирилди. Шу тариқа суд болаларнинг ҳуқуқ ва манфаати устуворлигини таъминлади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега болалар онаси Н. Турниёзова билан бирга яшашни исташмади? Бунинг сабаблари нима билан изоҳланади?

Бу саволларга жавобни аввало Н. Турниёзованинг хатти-ҳаракати, ўз фарзанд­ларига нисбатан муносабатидан излаш жоиз. Чунки Н. Турниёзова фарзандларига оналик меҳрини беролмаган. Ахир, унинг фарзанд­ларини қўшниси қаровига қолдириб, хорижга кетиб қолгани, уч йил уларнинг ҳолидан хабар олмаганини қандай изоҳлашни ҳам билмайсан киши. Бугун фар­занд­лари уни номини ҳам эслашни исташмаётган экан, унга берилган энг оғир жазо аслида шу. Халқимиз «Нима эксанг, шуни ўрасан», дея бежизга айтмаган.

Бекзод ХУДОЙБЕРГАНОВ,

Самарқанд вилояти

суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: