ҲАЛ ЭТИЛГАН НИЗО ЁХУД ШАРТНОМА ШАРТЛАРИ ИЖРОСИ
Ҳаётда ҳар бир нарсанинг тартиб-таомили бўлгани каби пеня ундиришнинг ҳам муайян талаблари мавжуд. Шу ўринда табиий савол туғилади: хўш, қайси ҳолатларда айбдордан пеня ундирилади? Қолаверса, кафиллик шартномаси билан боғлиқ муносабатларда қарздор ўз мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда, кредитор кафил ҳисобидан пеняни сўзсиз (акцептсиз) равишда ундириб олиши мумкинми? Ушбу саволларга суд амалиётини таҳлил қилиш орқали жавоб топиш мумкин.
Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси «Оқолтин дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти манфаатини кўзлаб, «Агробанк»нинг Сирдарё вилояти бошқармаси ҳисобидан 1 798 159 619 сўм зарар ва 216 296 262 сўм жарима ундириш ҳақида судга даъво аризаси киритган.
Иш ҳужжатларига кўра, банк ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари ўртасида 2020 йилда бир нечта кредит шартномалари имзоланган.
Шартнома шартларига кўра, банк фермер хўжаликларига «Ғалла — 2020 йил» ҳосилини иккинчи озиқлантириш мақсадида минерал ўғитлар сотиб олиш учун йиллик 28 фоиз устама тўлаш шарти билан келишилган миқдорда кредит бериш, фермер хўжаликлари эса, кредит ва унга ҳисобланган фоизларни белгиланган тартиб ҳамда муддатда қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Банк фермер хўжаликларига келишилган миқдордаги кредит маблағини ажратиб берган. Бироқ фермер хўжаликлари муддати ўтган кредит ва унга ҳисобланган фоизларни ўз вақтида тўламаган. Натижада қарздорлик юзага келган.
Шу ўринда айтиш жоизки, кредит маблағлари қайтарилишининг таъминоти сифатида банк, фермер хўжаликлари ҳамда Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси ўртасида кредит шартномалари расмийлаштирилган саналарда кафиллик шартномалари ҳам имзоланган.
Кафиллик шартномалари шартларига асосан Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси қарз олувчилар кафиллик билан таъминланган мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда банк талабларига биноан кредит бўйича тўлов ва фоизларни қарз олувчиларнинг кредит шартномасидаги мажбуриятида белгиланган муддат ва миқдорда банкка тўлаш ҳамда банк олдида «қарз олувчи» сифатида тўлиқ ҳажмда жавоб бериш мажбуриятини олган.
Фермер хўжаликлари томонидан кредит шартномалари бўйича мажбуриятлар лозим даражада бажарилмагани, кредит ва унга ҳисобланган фоизлар келишилган муддатда тўланмагани сабабли банк Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармасининг ҳисоб-рақамига тўлов талабномалари қўйган ва бир миллиард 798 миллион 159 минг 619 сўмни фермер хўжаликларининг кредит бўйича қарздорликларини қоплаш мақсадида ечиб олган.
Шундан сўнг Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси банк томонидан бошқармага 1 798 159 619 сўмлик зарар етказилган, деган хулосага келиб, судга мурожаат қилган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, банк ҳисобидан даъвогар фойдасига 1 079 753 108 сўм асосий қарз, 120 000 000 сўм жарима ҳамда 19 600 сўм почта харажатини ундириш, даъвонинг қолган қисмини қаноатлантиришни рад этиш белгиланган.
Суднинг ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлган банк судга апелляция шикояти билан мурожаат қилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган.
Сирдарё вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция шикоятини қисман қаноатлантириш, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва банк ҳисобидан «Оқолтин дон маҳсулотлари» корхонаси фойдасига 5 миллион 623 минг 203 сўм зарар, 5 миллион 623 минг 203 сўм жарима ҳамда 19 600 сўм почта харажатини ундириш, даъвонинг қолган қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилган.
Апелляция инстанцияси бундай хулосага келишда бир қатор қонуний талабларга асосланган. Хусусан, биринчи инстанция суди банк томонидан Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси ҳисобидан тўлов талабномалари асосида ундириб олинган маблағ таркибида кредит ва унга ҳисобланган фоизлардан ташқари тўлов кечиктирилган кунлар учун ҳисобланган пеня ҳам мавжудлигига эътибор қаратмаган.
Ишни апелляция инстанциясида кўриш жараёнида аниқланган ҳолатга кўра, банк Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси ҳисоб-рақамидан 5 623 203 сўм пеняни асоссиз равишда ундириб олган.
Ҳолбуки, тарафлар ўртасидаги кафиллик шартномаларида банкнинг фермер хўжаликлари кредит ва унга ҳисобланган тўловларни кечиктирганлик учун даъвогардан тўлов талабномалари орқали сўзсиз (акцептсиз) равишда пеня ундириб олиш ҳуқуқи назарда тутилмаган.
Шу билан бирга, биринчи инстанция суди даъвогарнинг жавобгар устав капиталининг 0,01 фоизи миқдорида, яъни 216 миллион 296 минг 262 сўм жарима ундириш тўғрисидаги даъво талаби бўйича қарор қабул қилишда ҳам хатоликка йўл қўйган. Аниқроқ айтганда, Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармасининг банкка нисбатан Марказий банк томонидан 2018 йил 16 майда 78-5 рақам билан рўйхатга олинган жавобгар уставига киритилган ўзгартиришнинг 18-бандида кўрсатиб ўтилган устав капитали миқдори — 2 162 962 627 920 сўмнинг 0,01 фоизи, яъни 216 296 262 сўм жарима ундиришга оид даъво талабини асосли деб ҳисоблаб, амалдаги Фуқаролик кодексининг 326-моддаси асосида жарима суммасини 120 000 000 сўмга камайтириш ҳақида нотўғри тўхтамга келган.
Аслида «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддаси биринчи қисмига кўра, банк устав капиталининг энг кам миқдори юз миллиард сўмни ташкил этиши лозим. Бинобарин, судлов ҳайъати банкнинг Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармасидан 5 миллион 623 минг 203 сўмлик пеняни асоссиз равишда ундириб олгани сабабли Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси манфаатларига ушбу миқдорда зарар етказилган, деб ҳисоблаган.
Шу боис судлов ҳайъати банк ҳисобидан 5 623 203 сўмлик зарар ҳамда Фуқаролик кодексининг 326-моддаси талабларига таянган ҳолда жарима миқдорини зарар миқдорига мутаносиб равишда 5 623 203 сўмга камайтиришни лозим топган.
Бундан норози бўлган Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси кассация шикояти билан юқори суд инстанциясига мурожаат қилди. Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ушбу кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этиш ҳамда апелляция инстанцияси қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида ажрим чиқарди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, кафиллик шартномасида қарздор кредит шартномаси бўйича мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда, кафилдан пеня ундириб олиш ҳақидаги келишув бўлмаган тақдирда, банк қарздорнинг кредит ва унга ҳисобланган тўловларни кечиктирганлик учун кафил ҳисобидан пеняни сўзсиз (акцептсиз) равишда ундириб олиши мумкин эмас. Ушбу қонун талаби барча тарафларга бирдек тааллуқли бўлиб, унга амал қилмаслик қонунбузарлик ҳисобланади.
Элёр Соибназаров,
Сирдарё вилояти
суди судьяси
Фикр қолдириш