ҒАРАЗЛИ ИХТИЛОФ
Ўтган йилнинг 28 апрель куни ярим кечаси Самарқанд шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг 6-сонли ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига икки аёл шошилган куйи кириб келди. Аёллардан бири айниқса, жуда ташвишли қиёфада, афтидан, у алланимадан қаттиқ қўрқувга тушган эди.
Ниҳоят, у бироз нафасини ростлаб олгач, ўзини Зоҳида Болиқулова (исм-шарифлар ўзгартирилди), ёнидаги аёлни онам, — дея таништирди: — Турмуш ўртоғим йўқолиб қолди, топишда ёрдам беринглар. Икки кундан буён ҳеч қаерда йўқ, қўнғироқ қилсам, телефони ўчирилган…
Бўлимнинг жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили З. Имомназаров З. Болиқуловадан турмуш ўртоғининг қаерга, нима мақсадда кетиши мумкинлиги, таниши кимлар экани, қандай муаммоси борлигини батафсил сўраб олди.
— 26 апрель куни тобим қочиб қолгани туфайли соат йигирмаларда шифокорга учрашиб, таксида уйга қайтдик, — деди З. Болиқулова. — Йўлда эрим Бекзод исмли киши билан телефонда гаплашди. Улар Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиали дарвозаси олдида учрашишга келишишди. Шундан сўнг эрим мени уйда қолдириб, таксида Бекзод билан учрашгани кетганди.
З. Болиқулованинг айтишича, у ўша тунда эрининг келишини кутиб ўтирган. Вақт алламаҳал бўлса-да, эри уйга қайтмаган. Қўнғироқ қилса, телефони ўчирилган.
Бўёғини сўрасангиз, З. Болиқулова ички ишлар идорасига келишидан олдин эри Бекзод деган кимса билан учрашишга ваъдалашган манзилга ҳам борганди. Унинг хавотирга тушганича бор экан, чунки ўша атрофдаги одамлардан сўраб-суриштирганида кимдир икки кун аввал соат йигирма бирларда бу жойда қандайдир жанжал, бақир-чақир содир бўлганини айтса, бошқа биров «тўрт киши бир бечорани уриб-тепкилаб, чалажон аҳволда машинага ортиб кетишди» деди.
Бу гап-сўзларни эшитиб, баттар ваҳимага тушган З. Болиқулова онаси билан бирга шоша-пиша ички ишлар идорасига йўл олганди.
Жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили З. Имомназаров З. Болиқулованинг амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказди.
Айни шу дамда кутилмаганда З. Болиқуловга кимдир қўнғироқ қилиб қолди. З. Болиқулова шоша-пиша телефон тугмачасини босди ва нариги тарафдан эрининг овози эшитилди: «Мендан хавотир олманглар, Тошкентдаман»…
— Қанақасига Тошкентда?! — дея бақириб юборди З. Болиқулова ўпкасини тўлганидан ўзини босолмай. — Кўрган одамлар айтишди, сизни калтаклаб, ўғирлаб кетишибди-ку?! Мен ҳозир ички ишлар идорасида ўтирибман…
Тезкор вакил З. Имомназаров ҳамкасби С. Жумақулов билан З. Болиқулованинг мурожаати юзасидан шаҳарнинг Ибн Сино номидаги кўчасига боришди. Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиали биноси ёнида шахсий клиника ва «Хилтон» меҳмонхонаси жойлашган. Меҳмонхона биноси пештоқига кузатув камераси ўрнатилганди.
Кузатув камерасидан З. Болиқулова тилга олган сана ва соатдаги тасвирлар текшириб кўрилганда барчаси ойдинлашди…
Кузатув камерасидаги тасвирлардан кўринишича, ўша оқшом Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиали дарвозаси яқинига аввал оқ рангли «Спарк» русумли автомашина келиб тўхтайди. Ҳайдовчи ўриндиқдан тушмайди, у чамаси, кимнидир кутаётганга ўхшарди. Бироз нарироқда давлат рақамисиз «Малибу-1» русумли автомашина ҳам турганди. Орадан кўп ўтмай таксида Бойбек Мирзажонов етиб келади ва «Спарк» русумли автомашина эшигини очиб, ҳайдовчининг ёнига ўтиради.
Шундан сўнг «Малибу-1» русумли автомашинасидан тўрт нафар шахс тушиб, улар томонга боришади. Улардан бири Бекзоднинг ёнида ўтирган Б. Мирзажоновни қўлидан силтаб тортганча пастга судраб туширади.
Шундан сўнг тўртовлон уни уриб, тепкилашга тушишади, улардан бирининг қўлида таёқ ҳам бор эди. Ҳалиги кимса шу таёқ билан Б. Мирзажоновни аямай уради. Сўнг улар чалажон аҳволга тушган Б. Мирзажоновни «Малибу-1» русумли автомашинанинг орқа ўриндиғига солиб, аллақаёққа олиб кетишади.
Тезкор ходимлар видеотасвирни дискка кўчириб, баённома тузишгач, ички ишлар бўлими раҳбарига ҳолат юзасидан ахборот беришди.
Айни дамда тезкор ходимлар олдида Бекзоднинг шахсини аниқлаш ва уни топиш вазифаси турарди. Агар Бекзод топилса, ҳаммаси осон кўчади, бу жиноят тезда очилиши аниқ эди.
Шундан сўнг тезкор ходимлар зудлик билан ишга киришди. Тез орада Бекзоднинг шахси аниқлангач, унинг қўл телефони рақамини топиш унчалик қийин бўлмади. Шундан сўнг ортиқча ваҳима уйғотмаслик мақсадида ундан ички ишлар бўлимига келиб-кетишни илтимос қилишди.
Аммо аввалига «хўп» дея ваъда берган Бекзоддан дарак бўлмади. Тезкор ходимлар қайта-қайта қўнғироқ қилганда, у узоқ жойда эканини баҳона қилиб, келишни пайсалга солди. Аммо у охир-оқибат иложсиз эканини тушунди шекилли, ички ишлар бўлимига кириб келди.
Қувонарли томони шундаки, ички ишлар бўлимида тезкор ходимлар Бекзоддан тушунтириш хати олишаётган пайтда икки кун муқаддам зўравонлар томонидан аввал калтакланиб, сўнгра ўғирлаб кетилган ва ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиниб, тутқунликда сақлаб турилган Б. Мирзажонов ҳам жиноий гуруҳ қўлидан қутулишга муваффақ бўлганди.
Ҳар бир жиноий қилмиш замирида ғаразли мақсад ётади. Ушбу қилмишнинг рўй бериши ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Хўш, аслида қандай воқеа рўй берганди? Нега Б. Мирзажоновни аввал калтаклаб, сўнг ўғирлаб кетишди? Жиноятчиларнинг мақсад-муддаоси нима эди?
Жиноят ишида жабрланувчи сифатида эътироф этилган Б. Мирзажонов 2016 йилда хорижга ишга борганда, жиноят содир этиб, жиноий жавобгарликка тортилади. У жазони ўташ жараёнида самарқандлик «Амир» ва «Искандар» деган кишилардан Самарқанд шаҳрида яшайдиган жиноят оламида «Макар» лақаби билан танилган Машраб Жонқобилов ҳақида эшитиб қолади.
Шундан сўнг у М. Жонқобилов билан танишиш пайига тушади. Сўраб-суриштириб, М. Жонқобиловнинг телефон рақамини топади ва у билан гаплашишга муваффақ бўлади.
Б. Мирзажонов жазо муддатини ўтаб, Самарқандга қайтгач, М. Жонқобилов билан кўришади ва ундан моддий ёрдам сўрайди. М. Жонқобиловга жиноий қилмишларини амалга оширишда Б. Мирзажоновга ўхшаган дастёрлар жуда керак эди. Шу сабабли у Б. Мирзажоновни ўз гуруҳига қўшади ва унга жиноий топшириқлар беради.
М. Жонибеков Б. Мирзажонов ва бошқа шериклари билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2018-2020 йилларда терговда аниқлаш имкони бўлмаган яширин йўллар орқали гиёҳвандлик воситаси олди-сотдиси билан шуғулланиб келади. М. Жонқобилов жиноий тўданинг бошлиғи сифатида Б. Мирзажоновга агар қўл остида яхши ишласа, келгусида катта миқдорда пул маблағи ёки автомашина, уй ва савдо дўкони олиб беришни ваъда қилади.
Аммо охир-оқибат икки ўртада кучли ихтилоф келиб чиқади. Бунга жиноий тўда бошлиғи М. Жонқобиловнинг берган ваъдасининг устидан чиқмаётгани сабаб бўлади. Чунки катта миқдордаги пул ва мол-мулкдан умидвор Б. Мирзажонов М. Жонқобиловни ўзидан қарздор деб ҳисоблайди. Шунинг учун Б. Мирзажонов М. Жонқобиловдан қаттиқ ранжийди ва унинг жиноий топшириқларини бажаришдан бўйин товлай бошлайди.
Б. Мирзажонов тўнини тескари кийгани-ю, пул ва мол-мулк талаб қилаётгани жиноий тўда бошлиғи М. Жонқобиловга ёқмайди. Шу боис танишлари орқали Б. Мирзажоновни бир неча марта огоҳлантиради. Аммо Б. Мирзажонов унинг муроса-ю мадорадан иборат таклифига рози бўлмайди…
Шундан сўнг М. Жонқобилов танишлари Файзулла Нишонов, Бекзод Сайриддинов, Фахриддин Раҳимов, Баҳри Жумаев, Улаш Искандаров билан ўзаро жиноий тил бириктиради. Улар Б. Мирзажоновга жисмоний ва руҳий азоб бериш орқали қўрқитишни режалаштиришади.
Шу ўринда воқеа тафсилотларини баён этиш баробарида баъзи ҳолатларга ойдинлик киритиш лозим. Гап шундаки, Б. Мирзажонов калтакланиб, ўғирлаб кетишларидан уч-тўрт кун муқаддам Бекзодга «Мен М. Жонқобилов билан ўртамиздаги суҳбатларнинг барчасини ёзиб олганман, агар қарзимни бермаса, бу ёзувларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага топшираман», дейди. Шундан сўнг Бекзод Б. Мирзажоновни бу ниятидан қайтаришга уринади ва М. Жонқобиловдан пулни олиб беришга ваъда беради.
Ўша кун Б. Мирзажонов таксида кетаётганда Бекзодга М. Жонқобиловдан катта миқдордаги қарзини ҳали ҳам олиб бермаганини эслатганди.
Бекзод ўз навбатида, М. Жонқобиловдан ҳозирча 1 минг АҚШ доллари олганини айтиб, уни олиб кетиш учун учрашувга чақирганди.
Воқеа давоми шундай кечади: Ф. Нишоновнинг бошқарувидаги «Малибу-1» русумли автомашина орқа ўриндиғига Б. Мирзажоновни уриб-калтаклаб ўтқазишгач, Ф. Раҳимов билан Б. Жумаев унинг икки ёнидан жой олишади.
Улар Б. Мирзажоновни С. Азмиддиновга тегишли шаҳар четидаги ташландиқ ҳовлига олиб келишади. Бу ерда Ф. Нишонов, Ф. Раҳимов ва Б. Жумаев жабрланувчини яна аёвсиз калтаклашишади.
Орадан кўп ўтмай ҳовлига Б. Сайриддиновнинг «Спарк» русумли автомашинасида М. Жонқобилов ва У. Искандаров етиб келишади.
Чалажон аҳволдаги Б. Мирзажоновни энди Ф. Нишонов, Б. Жумаев, Ф. Раҳимов ушлаб туришади, М. Жонқобилов эса, таёқ билан аёвсиз уради.
Рўй берган воқеалардан мутлақо бехабар С. Азмиддинов тасодифан ҳовлисидан хабар олгани келганида, бегона кимсаларга кўзи тушиб, уларга тезда бу ердан кетинглар, дейди.
Шундан сўнг Ф. Нишонов, Б. Жумаев ва Ф. Раҳимов Б. Мирзажоновни ўзларининг жиноий шериги У. Искандаровга тегишли, шу маҳаллада жойлашган чорвачилик фирмасига олиб бориб, яна дўппослашади.
Бироздан сўнг улар жабрланувчини яна С. Азмиддиновнинг ташландиқ ҳовлисига олиб келиб, қўл-оёғини боғлаб қўйишади.
Аслида жиноятчилар Б. Мирзажоновни жароҳатлари тузалгунга қадар тутқунликда сақлаб туриш ва шу йўл билан жиноий жавобгарликдан қутулиб қолишни режалаштиришганди. З. Бойқобилова онаси билан ички ишлар бўлимига ёрдам сўраб борган пайтда улар Б. Мирзажоновни судланувчи Ф. Нишоновнинг рақами яширилган телефони орқали қўнғироқ қилиб, ўзининг Тошкентда экани ҳақида ёлғон хабар беришга мажбур этишганди.
Эртаси куни Б. Мирзажонов ўзини қўриқлаётган Ф. Нишоновга танасидаги жароҳатлар қаттиқ оғриқ бераётгани, шунинг учун шифохонага бормаса, бўлмаслигини айтади. Уни алдаб, таниш шифокорларига илтимос қилса, ички ишлар идорасига хабар қилмаслигига ишонтиради.
Шу тариқа Б. Мирзажонов Ф. Нишонов билан Самарқанд шаҳар темирйўл тизимига қарашли шифохонага боришади. Шифохонада Б. Мирзажонов тиббиёт ходимларидан ёрдам сўрайди. Натижада Ф. Нишоновнинг қўлидан қутулишга муваффақ бўлади.
Тергов ва суд жараёнида жиноят тафсилотлари тўлиқ ойдинлашди.
Жумладан, судланувчи Б. Сайриддиновнинг «Спарк» русумли автомашинаси кўздан кечирилганда 0,85 грамм «опий» гиёҳвандлик моддаси ҳам топилди. Б. Сайриддинов ушбу гиёҳвандлик моддасини ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда келгусида истеъмол учун сақлаб келаётгани аниқланди.
Маълумки, ҳаётда содир этилган ҳар қандай жиноий қилмишга жазо муқаррар. Бу гал ҳам шундай бўлди. Суд Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қароридаги «Озодликдан маҳрум қилиш жазо тариқасида оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларга, шунингдек, судланувчининг шахсини инобатга олган ҳолда ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир қилган шахсларга нисбатан, агар бундай шахсларни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатишнинг имкони бўлмаса, қўлланилади» деган раҳбарий тушунтиришларига тўлиқ амал қилди.
Жиноят ишини очиқ суд мажлисида кўриш жараёнида судланувчиларнинг жавобгарлигини енгиллаштирувчи ҳолатлар, жабрланувчига етказилган зарарнинг бартараф қилингани, жиноятни содир этишдаги иштирокчилиги, хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига ҳуқуқий баҳо берилди.
Жиноят кодексининг 7-моддасидаги «Жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши керак»лиги ҳақидаги инсонпарварлик тамойилларига риоя қилинди. Судланувчиларни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш имконияти мавжуд эмас, деган қатъий тўхтамга келинди.
Суд судланувчи М. Жонқобиловни Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди, 28,137-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари ва 28,138-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Судланувчи Б. Сайриддиновни Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди, 137-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари, 28,138-моддаси 2-қисми «а» банди ва 276-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган деб ҳисоблади.
Шунингдек, судланувчилар Ф. Нишонов, Ф. Раҳимов, Б. Жумаев, У. Искандаров Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди, 137-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари ва 138-моддаси 2-қисми «а» бандларида кўзда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилди. Суд М. Жонқобиловга нисбатан саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Судланувчи Ф. Нишонов етти йил олти ой, Б. Сайриддинов етти йил, Ф. Раҳимов олти йил олти ой, Б. Жумаев олти йил икки ой ва У. Искандаров олти йил умрини темир панжара ортида ўтказадиган бўлди.
Шоҳиди бўлганингиздек, нопок йўл билан топилган бойлик охир-оқибат ихтилофига сабаб бўлди.
Ориф ПАРДАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд шаҳар суди раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш