НАФС ВА ТУЗОҚ ОРАСИДА ЎЗАРО БОҒЛИҚЛИК БОР

Ҳаётда қонун талаби, инсонийлик меъёрларини қасддан қўпол тарзда бузаётган кимсалар ҳам йўқ эмас.

Масалан, урганчлик Охун Билоловни ана шундай кимсалар тоифасидан десак, хато бўлмайди. У ҳали ёш: 1994 йили туғил­ган, ўрта-махсус маълумотга эга. Ои­ла­ли, бир нафар фар­занд­нинг отаси. Лекин мустақил ҳаётга қадам қўйиб, оқ-қорани таниган чоғида билиб-билмай эмас, балки атай жиноий қилмишга қўл урди.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, одамзот боласининг бағри кенг. У анча-мунча қу­сур-нуқсонлардан кўз юмиши, тўғ­ри йўлдан адашганларни кечириши мумкин.

Бироқ қасддан, ға­разли ниятда содир этилган кирдикорларни кечирмайди, аксинча, бундай тубан йўлга кирганларни ўзига эл санамайди.  

О. Билолов жиноий қилмишга нафақат ўзгаларни, балки ўз яқинларини ҳам чув туширишдек ғаразли ниятда қўл урди.

Буёғини сўрасангиз, у жиноий кирдикорнинг фириб аталмиш кўчасига 2018 йилда кирди. Даставвал таниши У. Отабоевнинг қўйнига қўл солди. Ўзини ҳожатбарор ҳомий сифатида кўрсатди. Буни қа­рангки, ўша дамда У. Отабоев шундай устомон одамнинг мададига муҳтож эди.

Унинг мақсади Америкадаги олий ўқув юртларидан бирида ўқиб, билим олиш эди. Унинг орзуси О. Билоловнинг нафсини жунбушга солди. Шунинг учун у бундай ишларни хамирдан қил суғургандек бир зумда бажаришини айтди. Аслида ўрта маълумотли мутахассис бўлса-да, Англия­нинг машҳур Шиллер университетида таҳсил олгани, айни кезда нуфузли вазирликда иш ўрганувчи ходим вазифасида ишлаётгани, шу боис хориж ҳаё­ти, шу жумладан, АҚШдаги таъ­лим тартиби хусусида ҳам етарлича маълумотга эканини айтиб, ёлғонни қойилмақом тарзда ростга дўндирди. Шунингдек, у гап орасида «бундай нозик иш» 14 минг АҚШ доллари эвазига битишини писанда қилиб ўтди. У гапининг исботи тариқасида вазирлик томонидан берилган хизмат гувоҳномасини кўз-кўз қилиб кўр­сатди. Соддадил У. Отабоев унинг сўзларига лаққа ишонди, ҳатто у шундай уддабуррон таниш топганидан қувонди.

У. Отабоев шубҳа-гумон ва истиҳолани бир четга сурди. Айтилган маблағни бир йўла эмас, балки бўлиб-бўлиб тў­лашга изн сўради. Таклиф қа­бул қилинди. О. Билолов келишилган 14 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағнинг даст­лабки 4 минг доллари ўша йилнинг феврал, яна шунча миқдордаги маблағни орадан яна бир неча кун ўтгач, қурт­дай санаб олди. Қолган 6 минг АҚШ доллари фирибгарнинг чўнтагига 2018 йилнинг сентябрь ойида келиб тушди. 14 минг АҚШ долларини қўлга киритган фирибгар орадан 8 ой вақт ўтган бўлса-да, оғиз кўпиртириб берган ваъдасини бажаришга шошилмади. Аниқроғи, у ваъдасини унутди-ю, бошқа бир фирибгарликнинг изига тушди. Бу қилмиш 2018 йилнинг ёзида — бир ойлик ҳарбий сафарбарлик ўқув машғулоти пайтида рўй берди. О. Билолов ҳарбий хизмат соҳасидаги мажбурия­тини адо этар экан, хизматдошлари урганчлик Р. Отажонов, Янгиариқ туманида яшовчи Й. Саиджонов, хивалик М. Бакдурдиев кун келиб бир кун яхшигина «ўлжа»га айланишини фаҳмлади. Шу ғараз ниятда у даставвал со­биқ хизматдоши Р. Отажоновга рў­барў бўлди. Улар 2018 йилнинг 27 июль куни Урганч шаҳридаги «Лион» қаҳвахонаси ёни­да учрашишди. О. Билолов танишидан 500 АҚШ доллари миқдорида қарз бериб туришни илтимос қилди. Чин дўст ўз биродарининг сазасини ўл­­дирармиди?! Йўқ, О. Билоловнинг сўзи ерда қолмади. Собиқ сафдоши берган 500 АҚШ доллар миқдоридаги маб­лағ унинг чўнтагини тўл­дирди. Аммо оларнинг бераридан дарак бўлмади. Р. Отажонов ўз қўли билан берган қарз­ни сўрашдан ор қилмади. Бу­ни қарангки, қарздор ҳам бўш келмади. Пул ўрнига «кафолатли ва беминат хизмат»ни таклиф қилди: дўстини Питнак шаҳарчасидаги автомобилсозлик заводига ишга жойлаб қўйишга ваъда берди. Бу орада Хива туманидаги Гандимён қишлоғида яшовчи М. Бакдурдиев ҳам айнан шундай алфоздаги ваъда билан «сийланди.» О. Билолов унинг чўнтагидан ҳийла ва фириб йўли билан шилиб олинган 300 доллар миқдоридаги «қарз» эвазига автомобилсозлик заводида «бўш турган» ёғли ишларнинг бирини таклиф этди. Албатта, таниши унинг таклифига рози бўлди. Аммо Р. Отажонов билан бўлгани каби кўнгилсизлик унинг бошига ҳам тушди. Ваъда ваъдалигича қолиб кетди.

Ҳар икковлоннинг пули О. Билоловнинг жиғилдонига жойланганча ном-нишонсиз йў­қолди.

Бу орада Янгиариқ туманида яшовчи Й. Саиджоновнинг бир минг АҚШ доллари ҳам О. Билоловнинг қўлига тушди. Бу фирибгар кимса уни ҳам Хоразм Миллий гвардияси тизимига ишончли танишлари кўмагида ишга жойлаштириш ҳақида алдаб, чув туширганди. Қисқаси, ҳийлагарнинг чап чўн­тагига кирган бир минг АҚШ доллари қайтиб чиқмади.

Энг қизиғи шундаки, бу фирибгар кимса навбатдаги тузоқни танишлари эмас, балки яқин қариндошлари йўлига қўй­ди. Бу вақтга келиб, алдов ва фирибнинг роса ҳадисини олган О. Билолов ўз яқинларининг «оғирини енгил қи­лиш»га бел боғлади. Ўша дамда бутун дунёга ёйилган коронавирус хуружи боис хорижий давлатларда ишлаш имкониятидан бебаҳра қолган Ж. Юсуфбоев ва унинг 2 нафар ҳамроҳини чет элга ҳеч бир монеликсиз жўнатиш ва ҳар учовини авиачипта билан таъминлашга ваъда берди. Фирибгар кимса чипталарнинг умумий нархини миллий пулимизга 18,2 миллион сўм деб белгилади. Бу орада чипталарни қўшимча тўлов — 200 АҚШ доллари эвазига «расмийлаштириш» зарурати ҳам юзага чиқди. Бир неча ойдан буён чипта илинжида тўрт томон югуришса-да, ҳануз бирон-бир натижага эришломаган учовлон фирибгарнинг барча талабига рози бўлишди. 18,2 миллион сўм миқдоридаги маблағ ва 200 АҚШ доллари «ҳожатбарор»нинг чўнтагидан жой олди. О. Билолов бу пулларни қўшқўллаб олди, би­роқ чиптадан ҳам, пулдан ҳам дарак бўлмади.

Мақоламиз аввалида  «Нафс ва тузоқ» иборасини сарлав­ҳа ўрнида бежизга ҳукмингизга ҳавола этмадик. Зеро, зикр этилганидек, бу икки сўз бир-бири би­­­­­лан ўзаро боғлиқ. Ва ўз вақтида жиловланмаган нафс кишини муқаррар тузоққа етаклайди. Нопок йўл билан топилган луқма эса, ҳеч қачон буюрмайди. Нафсини жиловлай олмаган киши уқдирилганидек, тузоққа тушади.

Алқисса, бу сингари қисмат охир-оқибат нафс бандаси О. Билоловнинг ҳам оёғидан чалди. Унинг жиноий қилмиши гувоҳ ва жабрланганлар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари тарафидан рад этиб бўлмайдиган далиллар асосида исботлаб берилди. Айбланувчининг ўзи давомли қилмишларини қисман тан олди. У. Отабоевдан 14 минг эмас, бор-йўғи 5 минг 600 АҚШ доллари олганини қайд этди. Ўзи­ни ёлғондан нуфузли вазирлик ходими қилиб кўрсатганига иқрор бўлди. Фирибгарлик йўли билан ўзгаларнинг маблағини қўлга киритиб, ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборганини тан оларкан, агар имкон бе­рилса, қарзини меҳнати эвазига узишга тайёр эканини билдирди.

Суд унинг У. Отабоевдан 14 минг эмас, балки 5 минг 600 АҚШ доллари миқдорида пул олгани ҳақидаги иддаосини алоҳида текширди. Охир-оқибат жабрланувчи ва гувоҳлар ҳақ бўлиб чиқишди. Бу борадаги даъво қиймати аслича қолди. Суднинг ҳукмига мувофиқ О. Билоловдан фуқаровий даъвогар У. Отабоевнинг фойдасига 147,4 миллион сўм, Р. Отажановнинг фойдасига 5,3 миллион сўм, Й. Саиджоновга 10,5 миллион сўм, Ю. Рўзиматов (жабрланувчи М. Бакдурдиевнинг вакили) га 3,1 миллион сўм, Ж. Юсупбоевга 8,2 миллион сўм, Г. Бобожонова (М. Бобожоновнинг вакили) га 6,1 миллион сўм, М. Матназаров (Т. Матназаровнинг вакили) га ҳам 6,1 миллион сўм миқ­до­ридаги зарарни ундириш мажбурияти юклатилди. Шунингдек, жабрланувчиларга етказилган маънавий ва бошқа зарарларни қоплаш учун фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди. О. Билолов 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Муродбек Ҳасанов,

жиноят ишлари бўйича  

Урганч шаҳар суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: