ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАР УЧУН МОДДИЙ ЖАВОБГАРЛИК: ҚОНУНИЙ АСОСЛАР ВА ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ
Мамлакатимиз Конституциясига мувофиқ, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Ходим билан иш берувчи ўртасида меҳнат шартномасининг тузилиши тарафлар учун муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг вужудга келишига асос бўлади. Ушбу ҳуқуқ ва мажбуриятлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган.
Ходимга етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги хусусида сўз борганда, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида етказилган зарарни тўлаш мажбурияти, унинг миқдори, тартиби ва муддатлари белгилаб қўйилганини таъкидлаш лозим.
Хусусан, Меҳнат кодексининг 185-197-моддаларида меҳнат шартномасининг бир тарафи ўзининг айбли хулқ-атвори, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги натижасида бошқа тарафга етказган зарари учун моддий жавобгар бўлиши белгиланган. Бунда тарафларнинг ҳар бири ўзига етказилган моддий зарарнинг миқдорини исботлаб бериши шарт.
Меҳнат шартномаси иштирокчилари ўртасида юзага келадиган моддий жавобгарликка оид масалалар Меҳнат кодекси билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш Қоидалари» ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Моддий жавобгарлик муносабатларини тартибга солинишида корхона ва ташкилотларнинг бевосита ўзида ишлаб чиқилган ички меъёрий ҳужжатлар, жумладан, низомлар, моддий жавобгарлик ҳақидаги ёзма шартномалар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Уларда корхона, тармоқ, касб — вазифанинг ўзига хос жиҳатлари ҳисобга олинган муайян талаб ва қоидалар назарда тутилади.
Шунингдек, бу борада амалдаги Фуқаролик кодекси ва бошқа фуқаролик қонун ҳужжатлари ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 985-моддасида зарар етказишдан келиб чиқувчи мажбуриятларнинг умумий принциплари белгилаб қўйилган ва бу принциплар меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган моддий жавобгарлик муносбатларига ҳам тааллуқлидир. Жумладан, ушбу модда талабига кўра, ғайриқонуний ҳаракат ё ҳаракатсизлик туфайли фуқаронинг шахсига етказилган, шу жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
Бундан ташқари қонунда зарарни тўлаш мажбурияти зарар етказувчи бўлмаган шахсга ҳам юклатилиши ҳам белгиланган. Шу билан бирга, қонун ҳужжатлари ёки шартномада жабрланувчиларга зарарни тўлашдан ташқари товон тўлаш мажбурияти ҳам белгилаб қўйилган.
Зарар етказган шахс, агар зарар ўз айби билан етказилмаганини исботласа, зарарни тўлашдан озод қилинади.
Ходимга етказилиши мумкин бўлган зарар етказиш предмети доираси қуйидагилардан иборат:
а) ходимни ғайриқонуний ишдан бўшатиш, ишдан четлатиш, бошқа ишга ўтказиш оқибатида меҳнат қилиш ва иш ҳақи олиш имкониятининг чекланиши;
б) ишлаб чиқариш билан боғлиқ равишда ходимнинг саломатлигига зарар етиши, яъни ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, шикастланишлар, касб касаллигига чалиниш туфайли меҳнат қилиш имкониятининг чекланиши, даволаш ва соғлиғини тиклаш билан боғлиқ қўшимча моддий харажатлар қилиниши;
в) ходимнинг ишлаб чиқариш сабаблари билан вафот этиши натижасида унинг қарамоғида бўлган шахслар боқувчисиз қолгани туфайли кўрган зарарлари;
г) ходимнинг мол-мулки, ўзга мулкий манфаатларига етказилган зарар;
д) ходимга етказилган маънавий зарар учун товон;
е) соғлиққа зарар етганида ходимга ёки ходим вафот этган ҳолларда оила аъзоларига бериладиган бирйўла тўлов пули.
Ўз меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ёки меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилгани натижасида ходимга, боқувчиси иш билан боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда эса, унинг оила аъзоларига етказилган ҳар қандай зарар, шу жумладан, маънавий зарар иш берувчи томонидан тўлиқ ҳажмда тўланади.
Ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарар иш берувчи томонидан тўлиқ ҳажмда тўланади.
Ходим иш берувчининг ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам меҳнатда майиб бўлиши, шунингдек, иш берувчи томонидан ажратилган транспортда иш жойига келаётган ёки ишдан қайтаётган вақтда шикастланиши натижасида етказилган зарар учун иш берувчи моддий жавобгар бўлади.
Ўз меҳнат вазифаларини бажараётган вақтида юқори хавф манбаи натижасида ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни иш берувчи, агар зарар уни бартараф қилиш мумкин бўлмаган кучлар туфайли ёки жабрланувчи қасддан қилганлиги оқибатида келиб чиққанлигини исботлаб беролмаса, тўлаши шарт.
Тўланиши лозим бўлган зарар жабрланувчининг меҳнатда майиб бўлишига қадар олган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобида, унинг касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига мувофиқ белгиланадиган ҳар ойлик тўловдан, соғлиғига шикаст етиши билан боғлиқ қўшимча харажатларнинг компенсациясидан, шунингдек, белгиланган ҳолларда эса, бирйўла бериладиган нафақа тўлашдан иборатдир.
Касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражаси ва жабрланувчининг қўшимча ёрдам турларига муҳтожлиги тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси томонидан аниқланади. Зарар ўрнини қоплаш учун тўловларни тайинлашда жабрланувчи олаётган иш ҳақи, стипендия, пенсия ва бошқа даромадлар ҳисобга олинмайди.
Бунда меҳнатда майиб бўлган жабрланувчилар — ногиронлиги бўлган шахсларга зарарни қоплаш учун тўланадиган пул миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 17,6 фоизидан оз бўлиши мумкин эмас.
Ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этса, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек, ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаб бериши шарт.
Ўн олти ёшдаги ва ундан катта ўқувчилар, ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқишни тугатгунигача, лекин ўн саккиз ёшга қадар бўлган даврда, зарарни ундириш ҳуқуқига эгадир.
Бундан ташқари боқувчиси вафот этгани муносабати билан зарарни қоплашга бўлган ҳуқуқ хотин ё эрнинг янгидан никоҳ тузган ҳолатларида ҳам сақланиб қолади. Вафот этганнинг вояга етмаган болалари бошқа шахс томонидан фарзандликка олинганда ҳам уларнинг зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга тўланадиган зарар миқдори марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида, унинг ўзига ва қарамоғида бўлган, лекин зарарни ундиришга ҳақли бўлмаган меҳнатга қобилиятсиз шахсларнинг улушини чегириб ташлаган ҳолда белгиланади.
Зарар тўловини олишга ҳақли бўлган шахсларнинг ҳар бирига тегишли бўлган зарар миқдорини аниқлаш учун боқувчи иш ҳақининг мазкур шахсларнинг ҳаммасига тўғри келадиган қисми улар сонига нисбатан тақсимланади.
Агар вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган шахслар ҳам, унинг қарамоғида бўлмаган шахслар ҳам айни бир вақтда зарар тўловини олишга ҳақли бўлса, бундай ҳолда зарар тўловлари миқдори аввало марҳумнинг қарамоғида бўлмаган шахсларга берилади. Улар учун белгиланган зарар тўлови суммаси боқувчининг иш ҳақидан чегириб ташланади, сўнгра иш ҳақининг қолган миқдоридан келиб чиқиб марҳумнинг қарамоғида бўлган шахслар учун қопланадиган зарар миқдори аниқланади.
Ходим соғлиғига шикаст етказилгани ёки унинг вафоти муносабати билан иш берувчи томонидан бирйўла бериладиган нафақанинг миқдори жамоа шартномасида, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.
Бунда ходим соғлиғига шикаст етказилгани муносабати билан бирйўла бериладиган нафақанинг миқдори жабрланувчининг йиллик иш ҳақидан, ходим вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори эса, марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.
Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш Қоидалари» 30-бандига мувофиқ, соғлиққа шикаст етгани туфайли бирйўла бериладиган нафақа олингандан кейин ходим меҳнат билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши муносабати билан вафот этган тақдирда, иш берувчи вафот этганнинг камида бешта ўртача йиллик иш ҳақи миқдорида бирйўла бериладиган нафақа тўлаши шарт.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ходимга етказилган зарарни ундириш тартибининг қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилгани инсон ҳуқуқларининг конституциявий кафолати ҳисобланади.
Амина Худойберганова,
Судьялар олий мактаби тингловчиси
Фикр қолдириш