ОРТДА ҚОЛГАН НОҲАҚЛИК: ХОДИМ ЕТТИ ЙИЛДАН СЎНГ ЎЗ ИШИГА ТИКЛАНДИ

Олтиариқлик Баҳодир Жиянбоев 2011 йилда туман ички ишлар бўлимида иш фаолиятини бошлаган пайтда келажакда садоқат билан хизмат қилиш ва шу орқали жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишни дилига тукканди.

У ана шундай эзгу ниятлар билан меҳнат фаолиятини бошлади.

Кейинчалик — 2013 йил 28 декабрда намунали хизмати учун Риштон тумани ИИБ хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси катта инс­пектори лавозимига ўтказилди.

Шундан сўнг Б. Жиянбоев рисоладагидек фаолият юритиб келаётганди.

Аммо орадан икки йил ўтиб, кутилмаганда, бошига жиддий ташвиш тушди.

Яъни Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг 2015 йил 6 декабрдаги 72-ШТ-сонли буйруғи билан вазифасидан озод қилинди. Мазкур буйруққа Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 8 январдаги 16-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида хизматни ўташ ҳақида»ги Муваққат Низомнинг 69-моддаси талабларини бузгани, Фарғона вилояти ИИБнинг 2015 йил 28 ноябрдаги хизмат текшируви хулосаси ва Риштон тумани ИИБнинг тақдимномаси асос сифатида келтирилди.

Буни қарангки, вақт ўтиши билан вазият янада жиддий тус олади.

Аниқроғи, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Тергов якунига кўра, Б. Жиянбоевга Риштон тумани ИИБ паспорт бўлинмаси бошлиғи капитан С. Исмои­лов, «Халк банки»нинг Риштон тумани филиали махсус касса кассири И. Аминов ҳамда «Миллий банк»нинг Риштон тумани филиали махсус касса кассири У. Мамасидиқов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2014-2015 йилларда фуқаролар томонидан тўланган жами 27,9 миллион сўм жарима пулини банк муассасасига топширмасдан ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилиш айби қўйилади.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2016 йил 15 мартдаги ҳукмига асосан Баҳодир Жиянбоев Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандлари билан айбдор деб топилади ва у кодекснинг 45-моддаси доирасида икки йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларда ҳамда ички ишлар идораларида ишлаш ҳуқуқи­дан маҳрум этилган ҳолда икки йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси та­йин­ланади.

Бироқ Б. Жиянбоев ўзини айбсиз деб билади. Бинобарин, у суд ҳукмида норози бўлиб, апелляция шикояти берди. Лекин жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди кассация инстанциясининг 2018 йил 21 июндаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди. Шу боис судланувчи кейинги галда Олий судга мурожаат қилади. Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 1 июлдаги ажримига биноан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг юқоридаги ажрими бекор қилиниб, иш янгидан кассация тартибида кўриш учун юборилди.

Натижада Андижон вилояти судининг 2021 йил 17 мартдаги ажримига мувофиқ, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2016 йил 15 мартдаги ҳукми ўзгартирилди, Б. Жиянбоевнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қис­ми “а”, “в”, “г” бандларидан кодекснинг эс­ки таҳрирдаги 168-моддаси 2-қис­ми “б”, “в” бандларига қай­та малакаланиб, қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди.

Табиийки, Баҳодир Жиянбоевни ушбу ажрим ҳам қо­ниқтирмасди. Шунинг учун у юқори инстанцияга мурожаат қилишда давом этади. Шундан сўнг Олий суд жиноят­ ишлари бўйича судлов ҳайъа­ти кассация инстанциясининг 2021 йил 14 июндаги ажримига асосан жи­ноят­ ишлари бўйича Фар­ғона вилояти суди кассация инстанциясининг 2018 йил 21 июндаги ва Андижон вилояти судининг 2021 йил 17 март­даги ажримлари бекор қи­линиб, иш янгидан кў­риш учун апелляция инстанциясига юборилади.

Ва ниҳоят, адолат қарор топди. Яъни Фарғона вилояти суди апелляция инс­танциясининг 2021 йил 20 сентябрдаги ажрими би­лан жиноят ишлари бў­йича Фарғона шаҳар судининг 2016 йил 15 мартдаги ҳукмининг Б. Жиянбоевга нисбатан қис­ми бекор қилинди ва у айбсиз деб топилиб, оқланди.

Шундан сўнг Б. Жиянбоев ишга тиклаш масаласида Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Лекин унинг аризаси қа­ноатлантирилмади.

Бинобарин, у Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг 2015 йил 6 декабрдаги 72-ШТ-сонли буйруғини бекор қилиб, ўзи­ни аввалги иш­га тиклашни ҳам­да мажбурий прогул учун иш ҳақи ва маънавий зарарларни ундириб беришни сўради.

Фуқаролик ишлари бў­йича Фарғона туманлар­аро судининг 2021 йил 17 ноябрдаги ҳал қилув қа­рори билан унинг даъвоси рад қилинди. Шундан сўнг у апелляция шикояти би­лан мурожаат қилди.

Фуқаролик процессуал кодексининг 396-моддасига кў­ра, суд ишни апелляция тартибида кўраётганда суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширади. У янги да­лил­ларни ўрганиб чиқиши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.

Апелляция суди мажлисида жавобгар вакили Б. Жиянбоев хизмат текшируви хулосасига асосан ишдан бўшатилганини таъкидласа-да, унинг касб маданиятини бузганини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмаслигини баён қилди. Шундай экан, Б. Жиянбоевни ишдан бўшатиш ҳа­қидаги буйруқни қонуний ва асосли деб бўлмайди.

Фуқаролик процессуал кодексининг 399-моддасига мувофиқ, суд ишни апелляция тартибида кў­риб чиққач, ўз ажрими би­лан ишни янгидан кў­риш учун юбормасдан ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ёки ҳал қилув қарорини бутунлай ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори чиқаришга ҳақли. Кодекснинг 399-1-моддасида иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳи­соб­лаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, суднинг ҳал қилув қарорида баён этилган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги, моддий ҳуқуқ нормаларининг ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки но­тўғ­ри қўлланилганлиги суд ҳужжатини апелляция тартибида бекор қилишга ёки ўз­гартиришга асос бўлиши белгиланган. Ана шу асосларга таянган Фар­ғона вилоят суди фуқаролик ишлари бў­йича Фарғона туманлараро судининг ушбу иш юзасидан 2021 йил 17 ноябрда қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, янги ҳал қилув қарори қабул қилди. Унга биноан, Б. Жиянбоевнинг даъвоси қаноатлантирилиб, Фар­ғона вилояти ИИБ бошлиғининг 2015 йил 6 декабрдаги 72-ШТ-сонли буйруғи ноқонуний деб топилиб, бекор қилинди.

Энг муҳими, Баҳодир Жиянбоев Риштон тумани ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи катта инспектори лавозимига ишга тикланди. Қолаверса, унинг фойдасига жавобгардан мажбурий прогул юрган кунлари учун иш ҳақи ва маъ­навий зарар ундириш ҳам белгиланди.

Ўз навбатида, жавобгар апелляция ажримидан норози бўлиб, Олий судга кассация тартибида шикоят қилди. Олий суднинг кассация инс­тан­цияси Фарғона вилояти судининг апелляция судлов ҳайъати Жиноят процессуал кодексининг 304 ва 309-моддаларига асосан биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, Б.Жиянбоевни иш­га тиклаш ҳамда мажбурий прогуллари учун моддий ҳам­да маънавий зарарларни ундириб тўғри, қонуний хулосага келганини аниқлади.

Фуқаролик процессуал кодексининг 419-моддасида кассация инстанциясининг суди кассация шикоятини (протес­тини) кўриш натижалари бў­йича ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни ўз­гаришсиз, кассация шикоятини (протес­тини) қа­ноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли экани қайд этилган. Шу боис Олий суд кассация инстанцияси кассация шикоятини қаноатлантирмасдан, Фар­ғона ви­лоя­ти судининг 2022 йил 18 январдаги ажримини ўзгаришсиз қол­дириш хусусида ажрим чиқарди.

Мана шу тариқа Б. Жиянбоевнинг бузилган ҳуқу­қи етти йил деганда тикланди. Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ёр­қин самарасидир.

Раҳимжон ҚОСИМОВ,

Фарғона вилояти

судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: